3:13

Худонинг Каломи

MP3

Бу Санобар ва унинг оиласи ҳақидаги гувоҳлик. Бу гувоҳлик ҳақида у шундай дейди: «Бир куни ишдан келиб қизимнинг столга бошини қўйиб ухлаб қолганини кўрдим. Олдида «Ибодатлар кундалиги», деган китоб очиқ турарди. Мен ҳаётимизда бўлиб ўтган воқеаларни эсладим. 2007 йилнинг баҳори мен учун ҳаётимнинг бурилиш қисми бўлди. Мен ўшанда бир бинони ижарага олган ва юз терисига парвариш қилиш салонини очгандим. Биз масиҳий оила бўлсак-да, ишдан уйга қайтгач, чарчаган, асабий ҳолда бўлардик. Худонинг иноятига юрагимизда жой қолмасди.

Ҳар сафар қийинчиликка дуч келганимда, Худога мурожаат қилардим. Бироқ оилавий муаммоларнинг кети кўринмасди.

Эрим эса уйга маст ҳолда қайтарди. Ўшанда у билан ажрашмоқчи ҳам бўлдим, лекин Худо бунга йўл қўймади. Бунинг устига, ўлганни устига тепгандек, жамоатимизда имонлилар билан чўпон ўртасида келишмовчилик юзага келди. Шундан сўнг эрим бутунлай жамоатни ташлаб кетди. Шу воқеалардан сўнг эрим ҳар куни ичиб келиб, жанжал кўтарадиган бўлиб қолди. Бу жанжаллардан безиб қолган эдик. Шунинг учун ҳам эрим уйда мен эса қизим билан офисда яшай бошладик. Ўшанда менинг ягона юпанчим қизим эди. Лекин у олтинчи синфга ўтгач, характери ўзгара бошлади. Балки ҳаётимизда бўлган муаммолар туфайлидир. Бир куни у ғазаб билан: «Ўқитувчимизни ёмон кўраман, ўлиб қолса хурсанд бўлардим», — деди. Бу гапи мени ҳавотирга солган бўлса ҳам, аста-секин ёдимдан кўтарилди. У борган сари қаҳри қаттиқ бўлиб қолди. Бир ўзимга унинг тарбияси билан шуғулланиш қийин бўлиб қолди.

Шундай ҳолатларда мен ўзимни бошқара олмай, бутун ғазабимни унга сочиб, урардим. Шундай кунлардан бирида, қизим Худонинг инояти билан чўпоннинг хотинини учратибди. Шундан сўнг унинг характерида ўзгариш пайдо бўлди. Унинг кўзларида аввалгидек совуқ нафратни эмас, сокинликни кўрдим. Бу нарса мени ўйлантириб қўйди. Кейинги куни мен чўпоннинг хотини билан учрашдим. У менга Матто китоби 16 боб 16 оятни ўқиб берди: «Сен Барҳаёт Худонинг Ўғли Масиҳсан». Кейин эса ҳар доим Исо Масиҳ исмини айтиб чақиринг, дейишди. Исо номи билан қилинган ибодатга Худо жавоб беришини, мен кўрмасам-да, Худо ибодатимга кўра ишлашини эслатишди. Менда ишонч ва умид ўлиб бўлганди. Шундай бўлса-да, қийналган чоғимда Исо номи билан ибодат қила бошладим.

Кейин эса қизимда катта ўзгаришлар бўлаётганини пайқадим. Менда ишонч пайдо бўлди. Қизим билан ўртамиздаги муаммо дарҳол бўлмасада, аста-секин ҳал бўлаётганини кўрдим. Яхши томонга ўзгарган қизим, дугоналарига ҳам хушхабар айтиб, Худога хизмат қила бошлади. Бу ўзгаришлар ва Худонинг ишини кўриб, эримнинг ҳам бир куни келиб ўзгаришига умид пайдо бўлди. Мен энди у учун ибодат қилаяпман. Худо менга умидим ва ишончимни қайтариб берди. Мен Унинг иноятидан яна баҳраманд бўлдим. Қизим билан муносабатимиз яхши. У ҳар куни Худо билан мулоқот қилишни канда қилмайди. Унга қараб, мен ҳам ишларим кўплигига қарамай, Худога вақт ажратиш кераклигини ўрганиб олдим. Худо қийинчиликлар орқали бўлса ҳам ўзига ажратилганларни доим яна Ўзига олиб келади. Мен ишонаман, бир куни эрим ҳам Худога қайтади.»

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top