3:27

Оила бутунлиги

MP3

Ассалому алайкум қадрдон тингловчилар. Оилада – рўзғорда бир эр-хотин 50-60 йил бирга яшайдилар. Йиллар давомида эр-хотин бир бирига мослашиб боради. Бир оилада эр хотин биргаликда қанча узоқ яшаса, ёруғ дунё неъматларини бирга-бирга мазза қилиб, баҳам кўрадиган даврлар шунча кўп бўлади. Рўзғорда эркак ва аёл турмуш қургач, бир-бирига мослашув кетар экан, бунинг ўзи бўлмайди. Мослашиш, тезгина ҳал бўладиган нарса эмас. Бунинг замирида қанча меҳнат ва қанча келишмовчиликлар ётишини ўзингиз ҳам яхши биласиз. Бироқ бу мослашишга кимдир сабр, ақл ва тадбиркорлик билан эришади. Кимдир эса ҳадеганда том бошида ноғора қоқиб, шармандачилик билан етиб келади. Муқаддас Каломда: «Худо бирга қўшганни бандаси ажратмасин», — деб ёзилган. Худо қўшган турмушингизнинг бузилишига ўзингиз сабабчи бўлиб қолманг.

Эру аёлнинг зоти, мағзи, фаҳму фаросати қандай эканлигини ошкор қиладиган жараён бу мослашиш давридир. Яқинда бир танишимнинг оиласи ҳақида эшитиб қолдим. Эшитганларим дилимни оғритди. Уларнинг турмуш қурганларига салкам 15 йил бўлди. Фарзандлари энди ҳамма нарсага ақли етадиган ёшда. Ота-онасидан олдин, ўғлини учратдим. Ундан, ота-онасининг соғлиғини суриштирдим, онаси ҳақида сўрадим, у аввалига бошини эгиб, нима дейишини билмай, дудуқланди. Кейин эса кўзларини мендан олиб қочиб, қуруққина қилиб жавоб берди. Шундан, ота-онасининг муносабати яхши эмаслигини англадим. Болалар ота-оналарининг ёмон муносабатларидан азият чекадилар. Агар Худо эр-хотинни бир қилган бўлса, ораларидаги муносабат ширин ва ибратли бўлишини Худодан сўрашлари керак. Шу билан бирга ўзлари ҳам ҳаракат қилишлари лозим.

Муносабатнинг яхши бўлишини исташнинг ўзи етарли эмас. Эр ҳам хотин ҳам астойдил ҳаракатда бўлсин. ЭР-хотиннинг ёмон муносабати болаларнинг худди энди портлаб кетадиган мина устида тургандай ҳис қилишига сабаб бўлади. Бундай болалар ўзларини хавфсиз ҳис қилмайдилар. Бу нарса уларнинг ўсаётган қалбига, ҳарактерига, руҳиятига салбий таъсир қилади. Турмушда эркак ҳам аёл ҳам бирдай мукаммал, яъни идеал бўлмайди. Агар жуфтингизнинг салбий томонларини кўраётган бўлсангиз, бир дам ўйлаб кўринг: Агар жуфтингиз идеал бўлганида сизга уйланмаган ёки турмушга чиқмаган бўларди. Бу ҳаётни кўпчилигимиз синовларга тўла ҳаёт деймиз, аслида турмуш ва рўзғорли ҳаёт синовлар даври бўлади. Синовдан яхши ўтишга ҳаракат қилинг. Шунда мослашиш тезроқ ва осонроқ кечади.

Оилада бир фарзанд бино бўлдими, тамом, рўзғор бузилмаслиги шарт. Ақлан заиф одамнинг иши қийин, аммо бошқа ҳолатларда эру хотин хода ютган бўлса ҳам, жуфтини ер, ўзини осмон ҳисоблаётган бўлса ҳам, ўз жонидан яралган шу одамча учун эгилиши, ота-она бутунлигини ҳосил этиши, албатта бир бирига мослашиши шарт!

Бахт инсонга туҳфа қилиб берилмайди, йўл топиб, унинг олдига ўзинг борасан. Юрагингда ҳамма ишни чиройли адо этиш хоҳиши бўлса бас! Худонинг оила ҳақидаги, фикрларини билган аёл, ҳар қанақасига Худо истаган оилани шакллантиришга ҳаракат қилади. Сиз ҳам шундай аёллардан бўлсангиз, эрингиз Билан муносабатингиз марҳаматланиши учун тинмай ибодат қилинг. Муносабатингиз яхши бўлса, уни Худонинг энг яхши туҳфаси деб билинг ва асраб-авайланг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top