3:35

Қадимги дунё мўъжизалари

MP3

Биринчи Мўъжиза

Ассалому алайкум. Мўъжизанинг гувоҳи бўлиш кимга ҳам ёқмайди дейсиз. Инсоният яратилганидан буён энг кўп мўъжиза кўрсатган шахс бу Исо Масиҳдир. Исо Масиҳ ҳақида эшитган бўлсангиз керак. Худованднинг амри билан бокира қиз Марямдан туғилган Исо Масиҳ ҳаёти давомида кўпгина мўъжизалар яратди. Ўликни тирилтирди, кўр одамнинг кўзларини очди, букри аёлни даволади, турли ҳасталикларга шифо берди. Кишиларнинг кўпчилиги нажот илинжида унинг ортидан юрган бўлса, бошқалар мўъжиза кўриш илинжида унга эргашганлар. Бироқ бугун сўз юритадиган мўъжизаларимиз бу ҳақида эмас, улар инсон қўли билан бунёд бўлган. Улар Худо инъом этган ақл-заковат туфайли рўёбга чиққан мўъжизалар. Муҳташам тарих зарварақларида қадимги дунёнинг еттита мўъжизаси эътироф этилган.

Афсуски бугунги кунда уларнинг барини кўришнинг иложи йўқ. Нима ҳам дердик, вақт, жангу-жадаллар, инсоният тафаккури меваси бўлган мўъжизаларни вайрон қилган. Бироқ бизгача атиги биттасигина омон қолган ҳолос. У ҳам бўлса Миср эҳромлари. Булар фиръавнларнинг ғоят улкан мақбараларидир. Ҳар сафар, телвизор орқали миср эҳромлари ҳақида илмий маърифий кўрсатув борар экан, диққат билан томоша қиламан. Уларнинг қандай қурилгани, техникасиз замонда инсон ақлу-заковати бу қадар мураккаб, аниқ ҳисоб-китобга асосланган иншоотни бунёд этиши, ҳаммани бирдек ажаблантиради. Эҳромларнинг энг юксаги Хеопсдир. Унинг баландлиги 147 метр. У бундан қарийиб 5 минг йил аввал қурилган. Хеопс эҳромининг бир томони 233 метрга тенг. Атрофини бир марта айланиб чиқиш учун бир километрга яқин йўл босиш керак. Эҳром учун ишлатилган тошларнинг оғирлиги қанча бўлганини биласизми?

Албатта. Мен бу ҳақида жуда яхши маълумотга эгаман. Бу эҳром учун ишлатилган ҳар бир тошнинг оғирлиги 2 тоннага яқин экан. Бу тошларни юқорига олиб чиқишнинг ўзи бўлмаган кўринади. Айни манзарани кўрган сайёҳлардан бири: «Дунёда ҳеч бир нарса вақтга дош беролмайди, лекин бу эҳромлардан вақт ҳам ҳайиқади», деган экан. Бу сайёҳнинг фикрига қисман қўшиламан. Хеопс чиндан ҳам бошқа эҳромлардан энг каттаси ҳисобланади. Ундан кейинги ўринда фиръавн Хефрен эҳроми туради. У Хеопс эҳромидан икки метрга паст. Бу фиръавнга тоғдек сағана ҳам камлик қилган шекилли, эҳроми олдида бош қисми одам бошига ўхшатиб ишланган шернинг ҳайкали ўрнатилган. Бу ҳайкал Сфинкс деб аталади. Маҳаллий аҳоли уни «Абул Ҳавл – даҳшат отаси» деб аташади. Сфинкснинг нега бундай деб аталишидан хабарим йўқ. Бироқ бу ҳайкал қаршисида киши даҳшатга тушса ажаб эмас.

Мисрдаги бу ёдгорликлар сизни ҳам ҳайратга солиши табиий. Телевизор орқали кўрган бўлсангиз ҳам, бу эҳромларни яқиндан туриб томоша қилишни ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Улар шу қадар ҳайбатлики, кўрган кишининг ақлини шошириши тайин. Бу ёдгорликлар 20 асрда бутун дунёни ларзага солди. Айниқса фиръавн Тутанхамон сағанасининг топилиши жуда катта шов-шувга сабаб бўлди. Фиръавннинг пирамидаси бизгача бус-бутун сақланиб қолган экан. Мақбара ичидан жуда кўп бойликлар – олтин ва кумушдан ясалган ҳайкалчалар, турли идишлар, муҳрлар ва энг асосийси, Тутанхамоннинг мўмиёланган жасади топилган. Бу бойликларнинг бари ҳозирда дунёнинг энг машҳур музейларидан бирида сақланади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top