Ассалому алайкум қадрдон тингловчи биродарлар. Худованд одамзодни яратиб кўпайинглар, ер юзини тўлғизинглар, деб буйруқ бергандан буён, одамзод ўзидан кўпайиб, келажагини бугунгидан кўра яхшироқ бўлишига умид қилади. Қадимда Исроил халқининг бир яхши одати бор эди. Исроил халқи болаларига ёшлигидан Худонинг ўгитларини, қонун-қоидаларини, қилган ишларини айтиб борар эканлар. Болалари бу нарсаларни келажакда ўз фарзандларига айтиб беради. Шундай қилиб, китоб бўлмаган пайтларида, исроил халқи Худонинг қилган ишлари ва қонунларини оғзаки тилдан-тилга кўчиш орқали сақлаганлар.
Ҳа, бу ҳақиқат. Худо исроил халқига шундай деб буюрган эди: «Менинг қонунларимни юрагингизга ёзиб олинг. Эшигингиз пештоқига ёпиштиринг, қўлларингизга белги қилиб тақиб олинг.» Бу сўзлар бекорга эмас эди. Агар исроил халқи Худонинг айтгани бўйича яшаса, марҳаматланарди. Менга Шоҳлар китобидаги руҳоний Элаҳ жуда ёқади. Самимий, меҳрибон, камтар киши бўлган. Бироқ ҳар бир одамнинг кучли ва заиф томонлари бўлганидек, у ҳам ҳаётида катта ҳатога йўл қўйган. Афсуски Шоҳлар китобида Элаҳнинг турмуш ўртоғи ҳақида ёзилмаган. Балки унинг турмуш ўртоғи фарзандлари ҳали ёшлигида ўлиб кетгандир.
Тўғри айтасиз, бир одам ҳақида гапирилар экан, баъзи муҳим бўлмаган жиҳатлари муқаддас каломдан жой олмаган. Бироқ унда Элаҳнинг икки ярамас ўғиллари ҳақида ёзилган. Нега шундай художўй, руҳонийнинг ўғиллари ярамас бўлиб қолди? Бунга сабаб нима? Бошқаларни Худо йўлига солган, уларни Худога йўналтирган киши наҳотки ўз ўғилларига тўғри йўлни кўрсата олмади? Мен яқинда бир қадрдонимнинг ҳаёти ҳақида эшитиб қолдим. Унинг икки фарзанди бор эди. У жуда билимдон, имонли ва Худога садоқатли киши. Бироқ эшитишимча қизи имонли эмас эмиш. Бу жуда аянчли. Элаҳда ҳам шундай бўлган.
Сизни жуда яхши тушунаман. Элаҳ катта хатога йўл қўйган. Бундай одамлар одатда бутун вужуди билан Худо хизматига берилиб, ўз оилалари ҳақида унутиб қўядилар. Худо ҳар бир имонлидан энг аввало ўз оиласига эътибор беришни буюради. Элаҳнинг ёшлигида ўғилларига эътиборсизлик қилгани, уларни Худо йўлида тарбиялашга диққат қаратмагани, болаларининг ярамас бўлиб ўсишига сабаб бўлди. Балки у мен руҳонийман, менинг қилаётган ишларимни кўриб, маъбад ичида яшаб улар ҳам шундай яхши одамлар бўлишади деб ўйлагандир.
Дарҳақиқат кўпчилик, шундай деб ўйлашади, мени кўриб ўрнак олади, деб ҳисоблашади. Ҳолбуки, фарзандлар кичиклигида уларга асосий таълимни бериш ва кўпроқ вақт ажратиш керак бўлади. Элаҳ шундай қилмагани учун ҳам, ўғиллари безори, ўғри, зинокор бўлиб улғайди.
Улар ҳатто Худога аталган қурбонликларни талашдан ҳам қўрқишмади. Улар отасининг ишини давом эттиришга нолойиқ эдилар. Худо қилинган ёвузликни жазосиз қолдирмайди. Бунинг жазоси борлигини билган ҳолда, Худони менсимай, охир-оқибат жазоланишди. Фақат улар эмас, қилган хатоси учун Элаҳ ҳам жазоланди. У ўғилларининг ўлими ҳақида эшитиб, турган жойида ҳалок бўлди. Бу жуда ҳам аянчли ҳолат.