Ассалому алайкум қадрдонлар. Сизлар билан ҳар сафар суҳбатлашиш, менга завқ бағишлайди. Агар суҳбатларимиз ёқаётган бўлса, бизга ўз фикр-мулоҳазангиз ва гувоҳликларингизни ёзиб юборишингиз мумкин. Бунинг учун www.najot.com сайтига кирсангиз кифоя. Келинг энди суҳбатимизни бошлайлик. Нўъмон Ором шоҳининг лашкарбошиси бўлган. Оромликлар Исроилликларнинг душмани эди. Улар ҳар доим Исроил халқининг тинчини бузган. Ором шоҳи Нўъмонни жуда улуғлар ва ҳурмат қиларди. Нўъмон бетакрор жангчи эди-ю, лекин мохов касали бор эди.
Тўхтанг. Шу ерда аниқлик киритиб кетсам. У аввалдан мохов касал бўлмаган. Чунки шундай бўлганида у жангларда қатнаша олмас, махсус моховлар сақланадиган ғорларга юборилган бўларди. У кейинчалик бир сабаб бўлиб, мохов касалини юқтириб олгани аниқ. У мохов бўлиб қолгач, хўжайини ҳам ўзи ҳам ташвишга тушиб қолди. Одамлар кўзига кўринолмай, азоб чекарди. Ўша пайтда ором шоҳи саройидаги табиблар ҳам бу касалликка даъво тополмаганлар. Хўжайини ҳам у билан бирга сиқиларди. Чунки Нўъмон шоҳга кўп жангларда ғалаба келтирган эди.
Сиз унинг Исроилда яшайдиган Элишай пайғамбар ҳақида қандай эшитганини биласизми? Билмасангиз эшитинг. Оромликлар исроилга бостириб борганларида, кичкина исроиллик қизчани асир қилиб олиб кетган эдилар. Ўша қизча хўжайинининг азоб чекаётганини кўриб, Элишай пайғамбар ҳақида айтиб беради. Нўъмон эса ўз навбатида ўз ҳукмдори олдига бориб бу хабарни етказади. Шу билан ором шоҳи исроил шоҳига мактуб йўллайди. Мактубида лашкарбошиси Нўъмонни мохов касаллигидан фориғ қилишни сўрайди.
Бу мактубни ўқиб, Исроил шохи қандай холатга тушганини бир кўз олдингизга келтиринг-а! У ваҳимага тушиб шундай дейди: «Ором шоҳи мени ҳаёт бахш этадиган ва жон оладиган Худо деб ўйлаяптими. У мен билан уруш чиқариш учун баҳона излаяпти». Бироқ бу ҳақида Элишай эшитгач, лашкарбошини унинг олдига юборишларини айттириб юборди. Нўъмон Элишайнинг олдига келиб, нима буюрса ҳаммасини бажаришга тайёрдек турди. Элишай эса унга: «Бор, Иордан дарёсида етти марта ювин, шунда тананг янгиланиб пок бўлади» деди. Бу гаплар унга ахмоқона бўлиб туюлди ва жахл билан ортига ўгирилиб жўнаб қолди.
Унда қандай қилиб, моховдан ҳалос бўлди, деб ўйларсизлар. Яхшики унинг хизматкорлари ақлли эканлар. Улар ўз хизматкорларини шундай қилишга кўндирдилар. Нўмон пайғамбарнинг айтганини қилиб, Иордан сувига етти марта шўнғиди. Шунда танаси худди ёш боланики каби янгиланиб, пок бўлди. У шодлигидан Элишайнинг олдига келиб шундай деди: «Мен ер юзида Исроилнинг Худосидан бошқа худо йўқлигини билдим».
Шундай деб у пайғамбарга ҳадялар таклиф қилади. Элишай эса Нўъмоннинг ҳадяларини олишдан бош тортди. У ортига қайтиб кетар экан, чин дилдан Худога имон келтирди. У Элишайга: «Мен оромда шоҳим билан бирга худо Риммонга сажда қиламан. Шундай қилишга мажбурман. Ўша ерда таъзим қилганимда шу нарса учун Эгамиз мени кечирсин».