Ассалому алайкум. Қулоқсизлик қилганингиз учун Худо сизни жазоламоқчи эканини билсангиз, ўзингизни қандай тутасиз? Тезда итоаткор ва камтар инсон бўлиб қоласиз, тўғрими? Худонинг жазоси бошингизга келмаслиги учун Худо айтган ишларни қилиб юрасиз. Ахаб ҳам шундай инсон эди. У Исроилда ҳумдорлик қилган қабиҳ шоҳлардан бири эди. У шоҳликни ўз қўлига олиши билан, халқни бутпарастликка бошлади. У Сидон шоҳининг қизи Изабелга уйланиб, энг катта хато қилди. Ўзининг қабиҳлиги етмагандай, Изабел ҳам унинг янада қабиҳроқ бўлишига сабаб бўлди.
Изабелни қўйиб турайлик, Ахаб қанчалик қабиҳ шоҳ бўлмасин, Худо ўз халқининг бутпарастликка юз бурмаслиги учун шоҳ Аҳаб орқали халқнинг ўзига юз буришига ҳаракат қилди. Аҳаб қанчалик Худони ғазаблантирган бўлса ҳам, пайғамбарлар орқали уни бир неча марта огоҳлантирди. Энг аввало қурғоқчилик орқали Худо ўзининг ҳақиқий Худо эканини кўрсатмоқчи эди, бироқ бу ҳам Ахабга таъсир қилмади. Худонинг мўъжизасини кўриб ҳам, Худога тавба қилмади.
Худо Ором Шоҳи Бенҳададни Ахабнинг қўлига берди. Исроил халқининг бошқа бир халққа қул бўлишини истамаганди. Бироқ Ахаб Бенҳадад билан сулҳ тузиб уни қўйиб юборди. Шунда бир пайғамбар Ахабнинг олдига бориб деди: «Эй, шоҳим мен қулингиз жангга борган эдим. Қарангки, орқадан бир одам менинг ёнимга бошқа одамни бошлаб келиб: «Бу асирни маҳкам ушла, қочиб кетмасин, бошинг билан жавоб берасан ёки эвазига икки пуд кумуш берасан деди.» Мен қулингиз, у-бу ишлар билан машғул бўлиб турганимда, асир ғойиб бўлди.» — Сен ўзингга ўзинг ҳукм чиқариб қўйибсан-ку – деди Ахаб пайғамарга.
Келинг қолганини мен давом эттирай. Ахаб шундай дегач, пайғамбар бошидаги ёпинчиқни олди. Шоҳ унинг пайғамбар эканини билди. Пайғамбар шоҳга деди: «Эгамиз шундай айтмоқда: «Мадомики, мен ўлимга маҳкум этган одамни сен қўлингдан чиқариб юборган экансан, унинг жони эвазига сен жонингдан жудо бўласан. Унинг халқи бошига келадигани сенинг халқинг бошига тушади.»» Бу жуда даҳшатли башорат. Киши ўзининг бундай ўлим топишини эшитиши даҳшат. Бироқ Ахаб шунга муносиб эди. Аммо Худо меҳр-шафқатли. У гуноҳларимизга қарамай, бизга кўп марта имкон беради. Ахабга ҳам имкон берди.
Худо Илёсни Ахабнинг олдига юборди. Илёс шундай деди: «Бошингга бало ёғдираман, сени илдизингдан қуритаман. Исроилдаги сенга қарашли эркак зотини… қириб ташлайман.» Ахаб Илёснинг айтганларини эшитиб, қайғудан кийимларини йиртди, эгнига қанор илиб олди, рўза тутди… доимо ғамгин юрди. Худо Ахабни кечирди.» Ахаб яна ўз йўлидан кетди. Михиё пайғамбар унинг жангда ўлиб кетишини башорат қилгани учун уни зиндонга ташлаттирди.
Доимо Худо айтгани бўлади. Жангда тирик қолиш учун Ахаб оддий аскар кийимида жангга кирди, бироқ барибир ўша жангдан омон қайтмади. Шоҳнинг жасадини Самарияга олиб келиб келиб кўмишди. Агар Ахаб, Худога итоат қилиб яшаганида эди, унинг ва исроил халқининг ҳам ҳаёти яхши бўларди. Биз ҳам Худога итоат қилиб юрсак, унинг марҳамати доимо устимизда бўлади.