Ассалому алайкум. Ҳаёт. Бу ҳақида ўйлаб кўрмаган инсон йўқ. Ҳар куни шу ҳақида бош қотирамиз. Ҳаётда хурсандчиликлардан кўра қийинчиликлар кўп. Шундай онларни бошингиздан кечираётганингизда кексалар, «Ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши ёруғ», — дея тасалли беришади. Бу кунлар ҳам ўтиб кетади. Буни сиз ҳам биласиз. Бугун эса биз бу кунларнинг ўтиб кетиши ҳақида эмас, айнан мана шу кунлардан унумли фойдаланиш ҳақида суҳбатлашмоқчимиз. Қийинчиликларни яхши кўрадиган одам бор десам ишонасизми? Албатта ишонмайсиз? Чунки ўзингиз ҳам қийинчиликларга ёмон кўз билан қарайсиз. Қийинчилик кимга ҳам ёқарди дейсиз? Сиз ҳақсиз. Қийинчилик бизга кўп ташвишлар, дилхираликлар, кўз ёшлар, хафачиликлар олиб келади. Аммо бу қийинчиликка Худонинг назари билан қараб кўринг-чи?
Ҳа, у нима учун айнан сизнинг ҳаётингизга қийинчиликлар қўяётгани ҳақида ўйлаб кўринг. Ҳаётингиз ҳар доим бир хилда, енгил ва яхши кетаверса, ҳаётдан, Худодан нима ўрганасиз? Бизни ҳаётда яшашга тоблайдиган, яхши, инсофли, диёнатли, Худога қаттиқ меҳр боғлайдиган инсон бўлишимизга айнан шу қийинчиликлар сабабчи. Сизни ишонтириб айтаманки, ҳаётингизда қанчалик кўп қийинчилик кўрсангиз, қийинчиликларни Худонинг ёрдами билан енгишга ўрганасиз. Охир оқибат қийинчиликлар сизни чўчитмайдиган қилиб қўяди. Ҳа, мен шундай оилани биламан. Улар жуда кўп қийинчилик кўрган. Тинимсиз, кетма-кет қийинчиликларни бошидан кечиришган. Аммо ҳозир улар шу қийинчиликлар ўзлари ва фарзандлари учун катта сабоқ бўлганини тушунадилар.
Айнан шунинг учун ҳам қийинчиликларга бошқача назар ташланг, деяпмиз. Кўпчилигимиз ҳаётимизда қийин дамлар бошланса, дарҳол Худодан ёрдам сўраймиз. Худонинг ёрдами билан бу қийинчиликлардан қутулиб олсак, яхши. Аммо бу қийинчликларни айнан Худо юборган бўлса-чи? Бундай ҳолатда биз қийинчиликлардан қутула олмаймиз. Қандай бўлмасин, шу қийинчиликни бошимиздан ўтказишимиз керак бўлади. Худо қийинчиликни олиб ташламайди. Аксинча шу қийинчиликнинг ўртасидан юришга ўргатади. Баъзилар, қийин ҳолатларни айланиб ўтгиси, осонроқ йўлдан юргиси келади. Бироқ бу Худо ўйлаган йўл эмас. Ҳаётингизда бирор бир қийинчилик борми, ўйлаб кўринг, Худо нима учун сизга шундай қийинчилик берди? Бундан нимани ўрганишингиз мумкин?
Сизга оғир бўлганда Худога мурожаат қилинг. У сизга шу қийинчиликни енгиб ўтишингизга, доно қарорлар қилишингизга ва у кутганидай сабоқ олишингизга ёрдам беради. Сиз ҳар бир қийинчиликдан етарлича сабоқ ола билсангиз, ҳаётингиздаги қийинчиликлар сонини камайтирган бўласиз. Акс ҳолда сиз то шу сабоқни ўзлаштирмагунингизча, Худо сизга қийинчиликлар беришда давом этаверади. Бир танишим шундай деган эди: «Ҳаётингда бошланаётган муаммолар ёки қийинчиликлар, Худо марҳаматининг дебочасидир». Бу рост гап. Қийинчилик ортида бизни Худонинг марҳамати кутиб турибди. Ҳар сафар қийинчиликка дуч келганингизда буни Худонинг жазоси деб эмас, марҳамати деб қабул қилинг. Ўшанда Унга суяниб иш кўринг. Қийинчиликлар бизни Худога яқинлаштиради. Худога яқинлашиш эса ҳаётимизни яшнатади.