3:23

Ўзаро ҳурмат

MP3

Ассалому алайкум. Ҳурмат нима ўзи? Ҳурмат ҳақида кўп гапирамиз-у, унинг аслида қандай бўлишини камдан-кам одамлар билишади. Икки ёш турмуш қурганида ҳурматга асосланиб эмас, муҳаббатга, келишувга ёки бўлмаса, ота-оналарининг хоҳишига қараб турмуш қуришади. Бошида муҳаббат билан бошланган никоҳга кейинчалик йиллар ўтиши билан ҳурмат кириб келади. Эр-хотин бир-бирини ҳурмат қилишни ўрганади. Фарзандларига дадаси ҳақида яхши гапларни айтиши аёлнинг эрини ҳурмат қилишини билдиради. Эри йўқлигида ҳам у истагандек йўл тутиши ҳурмат қилишини билдиради.

Эрнинг ҳам аёлни ардоқлаши муҳаббатини ва уни ҳурмат қилишини билдиради. Унга ғамхўрлик қилиши бу севишига ва ҳурмат қилишига мисол. Жаҳли чиққанида ҳам бошқалар олдида қаттиқ гапирмаслиги ҳурмат қилишини билдиради. Бу мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин. Эр-хотин оилада бир-бирини ҳурмат қилиб яшаса, болалар ҳам улардан ўрнак олиб ота-оналарини ҳурмат қилишни ўрганишади. Эркак киши болалари ёки бошқаларнинг олдида аёлини беҳурмат қилмаслиги керак.

Аёл ҳам ўз ўрнида бошқа эркаклар олдида эрининг камчиликларини айтиб уни беҳурмат қилмаслиги керак. Мисол учун эр-хотин оилавий дўстлариникига ошга боришди. Уй эгаси ўз қўллари билан ош қилибди. Эркак киши ош қилганда жуда меҳр билан қилади-да. Аёл эса эрига қарата: «Сиз ҳам мана шундай ош қилишни ўргансангиз бўлар экан» — деса уни бошқалар олдида мулзам қилган бўлади. Бу билан сиз ош қилишни билмайсиз, мана қаранг мана бу киши ошни боплабди. Сизнинг ошингиз буникидай чиқмайди, — деган бўласиз. Бу эса эрингизга ёмон таъсир қилади. Ош қиладиган одам бутунлай ош қилишни тўхтатиб қўйиши мумкин.

Агар эр-хотин орасидаги севги Худо томонидан берилган бўлса, у йиллар ўтса ҳам сўнмайди, аксинча алангаланиб бораверади. Эр ҳам ўз кўркамлигини, бақувватлигини, сочларини йўқотади. Аёл ҳам энди аввалгидай сарвиқомат бўлмайди. Болалар ва рўзғор ташвиши билан ўзига қараёлмайди. Йиллар унинг сочларига оқ, юзларига ажин туширади. Аммо чиндан бир-бирини ҳурмат қиладиган, бир бирини севадиган эр-хотинлар учун бунинг заррача аҳамияти йўқ. Борган сари улар турмуш ўртоқларини ташқи томони учун эмас, қалби, инсонийлиги учун севиб ҳурмат қиладиган бўлишади.

Гапингиз тўғри. Бироқ турмуш ўртоғини ҳурмат қилган эр ёки аёл унинг ташқи кўриниши учун ҳам қайғуриши керак. Аёл эрининг саломатлигини ўйлаб, унга энг сара ва фойдали таомларни тайёрлаб бериши, унга оғир пайтларда кўнглини кўтара билиши керак. Аёлини ҳурмат қилган эркак, унинг ортиқча даражада толиқишига йўл қўймайди. Болалар билан бўладиган муаммоларда унга ёрдамчи бўлади. Меҳмон измон келганида унга ёрдам беради. Сиқилганида унда дардкаш бўла олади.

Қандай яхши. Шундай оилага эга бўлишни ким ҳам истамайди дейсиз. Аммо бир танишим айтганидай: «Сен аввало Худодан ўзингни ўзгартиришини сўра, турмуш ўртоғингни ўзгартириш эса у даражада қийин иш эмас». Агар ҳурмат олишни истасангиз, сиз биринчи бўлиб ҳурмат беринг. Уни ҳурмат қилишда давом этинг. Мана кўрасиз бир куни унинг сизни ҳурмат қилаётганини сезиб қоласиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top