3:17

Боланинг мактаб хаётида ёрдам

MP3

Ассалому алайкум. Ҳар бир ота-она боласининг яхши билим олиб, келажакда ўз касбининг устаси бўлишини, танлаган соҳасида муваффақиятларга эришишини истайди. Ўғли ёки қизининг камолини, ютуқларини кўришни орзу қилади. Аммо ота-она боласининг ўқиши, мактабдаги ҳаракати билан қизиқмаса, орзу орзулигича қолиб кетади. Ҳозирги кунда мактаб таълими жуда мураккаблашган, ўқитувчилар зиммасига жуда кўп мажбуриятлар юкланган. Бола мактабда таълим олар экан, ўқитувчи билан ота-она биргаликда ишлаши керак. Бироқ, афсуски бугунги кунда баъзи ота-оналар боласининг тарбиясини ҳам, ўқишини ҳам, дарс тайёрлашини ҳам ўқитувчининг зиммасига топшириб қўйган. Бола эрталабда мактабга боришни истамаса, ўқитувчини айблашади.

Чиндан ҳам баъзи болалар мактабга боришни истамайди. Нега? Бунга сабаб нима? Мутахассисларнинг фикрича, бола мактабда у ёки бу фандан яхши ўзлаштира олмаса, ўзини ҳаммадан ҳам ақлсиз деб ҳисоблайди. Табиийки, бу ҳислар боланинг ўқишига, ўша фанга бўлган муносабатига таъсир қилади. Дейлик, бола жисмоний тарбия дарсини ёқтирмайди. Бунга сабаблар бўлиши керак. Сабаблар ҳар бир болада турлича бўлади. Агар бола жисмонан эпчил, чаққон бўлмаса, жисмоний тарбия дарсида ўзини кўрсата олмайди. Шундай бўлгач, ўртоқлари, синфдошларининг кулгисига қолиб, ўқитувчидан дашном эшитади. Ëки бўлмаса, жисмоний тарбия дарсида баъзи болалар унинг нимжонлигидан фойдаланиб, тегажоқлик қилиши, уни уриши мумкин. Мана шу нарсалар боланинг мактабга бормаслигининг, айниқса жисмоний тарбия дарсига қатнашмаслигининг асосий сабаби бўлиши мумкин.

Баъзи болалар эса имтиҳон пайтларида асабийлашадилар. Бола асабийлашгач, ўқиганлари эсида борлари ҳам ёдидан кўтарилади. Ҳатто яхши ўқийдиган болалар ҳам, имтиҳон пайтида ҳаяжонланиш туфайли кўп нарсани ёдидан кўтариши мумкин. Сал пастроқ ўқийдиган болалар эса, қанчалик имтиҳонга яхши тайёргарлик кўрган бўлмасин, ўша имтиҳон пайтидаги ҳаяжон ва қўрқув, унинг ёмон баҳо олишига сабаб бўлади. Шуни билган ҳолда, бола имтиҳон бўладиган кунлари мактабга боришни истамайди. Чунки, уларнинг назарида имтиҳон бу боланинг иккичилигини, нўноқлигини яна бир карра исботлайдиган нарса ҳисобланади. Баъзи болалар мактабдаги кичик бир муваффақиятсизликдан ҳам чўчишади. Мактабда ўқитувчидан ёмон гап эшитиш, уй вазифасига алоқадор бирор бир танбеҳ, яхши баҳо ололмаслик, ўртоқлари билан тил топиша олмаслик, кичик хато ва шунга ўхшаш нарсалар болани қўрқитиб қўяди. Натижада эса мактабга боришдан безади.

Шундай бўлмаслиги учун, ота-оналар ҳар куни фарзанд билан мактабда ўтган куни ҳақида гаплашиши, нималар бўлгани, кимлар билан ўйнагани, дарсда қандай қатнашгани, ўқитувчисининг унга нисбатан муносабатини ҳамма ҳаммасини суриштириши керак. Агар бола бирор бир дарсдан яхши баҳо ололмаганини айтса, уни уришмай, ёмон баҳо олган мавзусини биргаликда ўрганиши мумкин. Кейинги дарс учун биргалашиб дарс тайёрлаш боланинг ўзига бўлган ишончини, мактабга ва ўша фанга бўлган қизиқишини бироз бўлса ҳам оширади. Ота-онанинг ўз фарзанди ўқишига эътибори, болани билим олишга руҳлантиради. Азиз ота оналар, агар фарзанд тарбияси, руҳиятига боғлиқ саволларингиз бўлса, бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимиз орқали биз билан боғланинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top