3:10

Худонинг қудрати

MP3

Ассалому алайкум қадрли тингловчилар. Сизлар билан гувоҳликлар рукни остида суҳбатлашар эканмиз, бундан ўзимиз ҳам жуда руҳланамиз. Худонинг ҳаётимизда ишлашини эшитиш, бизга куч ва далда бағишлайди. Бугун бир қизалоқ ҳақида айтиб бермоқчиман. Бу бўлган воқеа ва қизалоқни ўз кўзларим билан кўрганман. Демак бошладик.Дугонам билан унинг уйида мазза қилиб суҳбатлашиб ўтирардик. Баъзида қийинчиликлардан, муаммолардан сиқилиб йиғлаган, бир-биримизга далда берган пайтларимиз ҳам бўлган. Бир куни у менга қизи билан бўлган воқеани айтиб берди.

«Турмуш қурганимизга бир бўлгач, ҳомиладор бўлдим. Бундан қанчалик қувонганимни билсанг эди. Бироқ қувончим узоққа чўзилмади. Бир куни ўзимни ёмон ҳис қилиб, туғуруқхонага бордим.

Аёл ҳикоя қилишда давом этди: «Врачлар болам муддатидан олдин туғилаётганини айтишди. Мен жуда саросимада қолган эдим. Агар ҳозир туғиладиган бўлса, яшаб кетишига умид йўқ, аммо энг муҳими онани соғ қолиши, деб кесиш йўли билан боламни олишди. У жуда кичкина эндигина 24 ҳафталик бўлганди. Докторлар унинг яшаб кетишига ишонишмади. Шунинг учун ҳам эримга фарзандни кўмиш учун тайёргарлик кўринглар. Бир кечага чидаса ҳам катта гап дейишди. Мен ўша куни йиғлаб Худога илтижо қилдим. Кечаси билан мижжа қоқмадим. Фарзандимни омон сақлашини сўраб ёлвордим. Тонгга яқин кўзим илиниб, бир туш кўрибман. Тушимда кичкинагина қизалоқ, бошини кўксимга қўйиб, мени қучоқлаб турган экан. Уйғониб кетдим. Шундан сўнг кўнглим таскин топди.»

Бу Худонинг менга берган ваъдаси эди. Қизимни қўлимга ололмасам ҳам вакум ичида яшаб кетишга интилаётганини кўриб, у учун ибодат қилиб турардим.

Эрим эса менинг кўнглимни оғритмаслик учун жуда эҳтиётлик ва юмшоқлик билан, «Нима қиламиз, докторлар айтганидай қилаверайми?» — деб сўради. Мен эса қатъийлик билан унинг кўзига қараб: «Қизимиз яшайди, яна бир кун кутайлик, дедим». Ўша кундан кейин қизимизнинг вазни орта бошлади. Ҳаётга қайтди. Докторларда ҳам ишонч пайдо бўлди. Икки ойдан кейин уйимизга қайтдик. Икки ойдан сўнггина уни қўлимизга олишга рухсат беришди. У шунақа кичкина ва ширин чақалоқ эдики. У яшаб кетган бўлса ҳам докторлар уни келажакда юролмаслиги ёки ақлан заиф бўлиб қолиши мумкин дейишди.

Аммо мен тушимда кўрган қизалоқ ундай эмасди. Уларнинг гапи Худонинг ваъдасига тўғри келмасди. Мен Худо ўз қудрати билан бу кичик жонни сақлаб қолганига ва унинг ҳаёти яхши бўлишига ишондим.

Аёл яна ҳикоя қилади: «Бир куни дугоналарим билан чой ичиб ўтирар эканман, олти ёшли қизим олдимга келиб: «Ойи ёмғирнинг ҳиди келяптими?- деб сўради. Мен ёмғир ёғадиганга ўхшайди чиндан ҳам ёмғирнинг ҳидига ўхшайди- дедим. У эса йўқ. Бу худди Худо мени бағрига босиб турганга ўхшайди. Бу унинг иси- дейди. У бу гапни айтди-ю ўйнаб кетди. Мен эса унинг туғилган пайти эсимга тушиб, кўзларимга ёш олдим. Мен ибодат қилганимда Худо бу жажжи қизалоғимни бағрига босиб турган экан-да, деб ўйладим. Худонинг қудратини қаранг. Унинг учун имконсиз ишнинг ўзи йўқ.»» Мен унинг гувоҳлигидан таъсирландим. Унинг қизи, узун бўйли нозик-ниҳол, ҳушрўй бир қиз эди. Уни кўриб, ростдан ҳам олти ойлик туғилганига ишонгингиз келмайди. Энг асосийси у Худони жуда севади. Ота-онасига итоатгўй, ақлли ва ҳаракатчан қиз. Худо ўз қудрати ва меҳрибонлиги билан мана шундай қизни яратди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top