Мусонинг туғилиши, танланиши тасодиф эмас. Агар тасодиф деб ўйласангиз адашасиз. Агар Мусонинг туғилиш ҳолати ва воқеасини бугунги кундаги муаммоларга таққослаб кўрсангиз, уларнинг ота онаси қанчалик қийин аҳволда қолганини тушуниб оласиз. Келинг шу муаммони бироз ўзгартириб, бугунги кунда учрайдиган муаммоларга ўхшатиб кўрамиз. Мусонинг онаси ҳомиладор. Отаси анчадан бери ишламайди. Онаси уч бола билан уйда ўтиради. Яна тўртинчи болага ҳомиладор. Ота ҳам она ҳам тўртинчи бола ҳақида қайғуришмоқда.
Учта болани зўрға боқаётган бир пайтда тўртинчи болани қандай қилиб боқади? Унинг келажаги, ўзларининг ҳаёти қандай бўлади? Нима қилиш керак? Худога ишониб, фарзандни дунёга келтириш керакми ёки ҳомилани, яъни Мусони олдириб ташлаш керакми? Бу савол ота-онани жуда бошини қотириб қўйди? Хўш энди муаммонинг асл моҳиятини тушуниб олдингизми?
Ўшанда ҳам Мусонинг ота-онаси жуда қийин аҳволда қолишганди. Нима қилиш керак? Болани дунёга келтирмаса бўлмайди. Келтирса, Мисрлик аскарлар уни кўз олдиларида ўлдириши мумкин. Бунга қандай чидайди. Бироқ, ота-она Худога таваккал қилиб, фарзандни уч ой яширишга муваффақ бўлишди. Бу ойлар қанчалик азобли, ҳадик ва ҳавотирга тўла бўлганини тасаввур қилаверинг. Оиланинг ҳар бир аъзоси, тинимсиз ишлашдан ташқари, бир чақалоқни яширишдай катта масъулиятни ўз бўйнига олган эди.
Қандай қилиб Мусо фиръавн саройида пайдо бўлиб қолганини яхши биласиз. Мусо саройда яшаса ҳам ич-ичидан ўзининг асл иброний эканини яхши биларди. У ўта билимли, маданиятли, сарой аёнлари-ю, аскарлардан ҳам мавқеи баланд шаҳзода. У ўзини шаҳзодаларга мос тарзда тутишни ҳам билади. Бир куни иброний қондошига бўлган меҳрини деб, қовун тушириб қўйди. Мисрлик аскарни ўлдириб қўйди. У шу йўл билан ибронийларга ўтказилаётган зуғумни тўхтатмоқчи эди. Бироқ, хатога йўл қўйди. Мана шу хатоси туфайли, фиръавннинг ғазабига йўлиқди. Фиръавн уни тутиб ўлдиришга буйруқ берди.
Энди унинг ҳаёти хавф остида эди. Биринчи марта ўз ватандошига ёрдам бермоқчи эди, ўхшамади. Тасаввур қилинг, ёш, кучга тўлган, етарлича билимга ва обрўга эга бўлган йигитча, бир уринишдаёқ омадсизликка учраса, қандай аҳволга тушади? Ўзига бўлган ишончини йўқотади. Мусо ҳам худди шу аҳволга тушиб қолганди. У қочиб Мидиён ўлкасига бориб қолади. У руҳонийнинг уйида яшаб, унинг қизларидан бирига уйланади. У энди ўзига, кучига, қобилиятига бўлган ишончини йўқотиб, оддийгина чўпон бўлиб юраверди.
Суҳбатимиз бошида айтганимиздек, Мусонинг дунёга келиши тасодиф эмас эди. Унинг биринчи уринишдаёқ омадсизликка учраши ҳам тасодиф эмас. Унинг фиръавн саройига қабул қилиниши ҳам тасодиф эмас. Буларнинг бари Худонинг режасидаги босқичлар эди, холос. Худо Мусони қайта тарбиялашни бошлаган эди. У фиръавннинг саройида етарлича билимга эга бўлган бўлса, энди у ҳаёт сабоқларини олиши, оддий одам каби яшаб, ҳаёт тажрибаларини орттириши керак эди. Азизлар Мусонинг ҳаёти орқали Худонинг тактикалари ҳақида билмоқчи бўлсангиз кейинги суҳбатимизни албатта тингланг.