3:32

Ариматеялик Юсуф

MP3

Ассалому алайкум. Ариматеялик Юсуф – бу шахс ҳақида Муқаддас Каломда кўп нарса ёзилмаган, бироқ унинг Исо Масиҳга қилган ишларидан у ҳақида кўп нарса билиб олиш мумкин. Биз Муқаддас Каломда бу шахс ҳақида қанча маълумот бўлса, уларнинг баридан фойдаланамиз. Маълумот олишни Матто китобидан бошлаймиз. Матто 27:57-59 оятлардан Юсуф исмли кишини яҳудийларнинг Ариматея шаҳридан эканини ва унинг анчагина бой одам бўлганини билишимиз мумкин. У Исо Масиҳнинг жасадини тоза кафанга ўраб, ўзи учун тайёрлаган қояда йўнилган янги қабрга қўйди. Кейин эса қабрнинг оғзига катта бир тошни юмалатиб келтириб қўйди. Ўша пайтларда фақат бой одамларгина ғор ичида йўнилган қабрга қўйиларди. Оддий камбағал одамларнинг бунга қурби етмасди. Шунга кўра, Ариматеялик Юсуфни анча бой одам бўлган, дея оламиз.

Марк хушхабарининг 16 боби 42-43 оятлари у ҳақида шундай дейди: «Жума куни кеч киришига сал қолган, дам олиш кунига тайёргарлик қилиш вақти тугаётган эди. Шунда Олий Кенгашнинг таниқли аъзоси, Худо Шоҳлигига кўз тикиб юрган ариматеялик Юсуф журъат этиб, Пилатнинг ҳузурига борди ва Исонинг жасадини сўради.» Бу оятлар ариматеялик Юсуфни Олий Кенгашнинг таниқли аъзоси ва Худо Шоҳлигига кўз тикиб юрган киши, деб таърифлайди. У Олий Кенгашнинг яна бир аъзоси Никодим каби шахсан Исо Масиҳнинг олдига бориб гаплашмаган бўлса ҳам, ич-ичидан Унинг таълимотини маъқуллаб, Унинг чиндан ҳам Масиҳлигига имон келтирган бўлиши керак. Чунки Исо Масиҳни тутиб жароҳатлашганида, шогирдларининг ҳеч бири Унга яқин йўламадилар. Уларни ҳам тутиб олиб жазолашларидан қўрқдилар. Бироқ ариматеялик бўлган Олий Кенгаш аъзоси, ўзига тўқ Юсуф Исо Масиҳнинг жасадини олиб кўмишга рухсат сўради.

Лука хушхабарининг 23 боби 50-53 оятлар ариматеялик Юсуф ҳақида шундай дейди: «У Кенгашнинг қарорида ҳам, ишида ҳам иштирок этмаган эди. … Сўнг Уни хочдан тушириб олиб кафанлади ва қояда ўйилган, ҳали ичига кимса қўйилмаган бир қабрга кўмди.» У Исо Масиҳни пинҳона ҳурмат қилгани ва Уни жуда севгани кўриниб турибди. Биринчидан, у Исо Масиҳнинг жасадини сўраб олиб кўмишга қўрқмади. Чунки унинг бу иши Олий Кенгашдаги обрўсига ва ишига қаттиқ таъсир қилиши мумкин эди. Шунга қарамай, Исо Масиҳга бўлган муҳаббати уни бу ишга ундади. Иккинчидан, у Пилат ҳузурига бориб, жасадни сўрашга журъат этди. Унинг бу иши ўта жасурлигидан далолат.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Агар кимнидир шунчалик яхши кўрсангиз, унинг учун энг яхши ва сара нарсаларни илинасиз. Эски Ахд даврида ҳам халқ Худога қурбонлик қилишганида, ҳайвоннинг энг сарасини танлашган. Ўша даврда бой одамлар ғор сотиб олиб, бутун бир оиласи учун қабр қилишган. Юсуф ҳам ўзининг ҳали ишлатилмаган қабрига Исо Масиҳни қўйди. Ишлатилмаган деганимизнинг сабаби бор. Ғор ичида ўйилган, жасад қўйиладиган тешик бир нечта жасад учун хизмат қилиши мумкин бўлган. Аниқроғи, бир жасад чириб фақат суяклари қолганида, суяклари йиғишитириб олиниб тошдан ясалган қути ичига жойлаштириларди. Суяклар йиғиштириб олинган тешикка бошқа бир жасадни жойлаштиришарди. Ариматеялик Юсуф эса Исо Масиҳ учун ҳамма нарсанинг энг тозасини ва аълосини танлади. Янги кафанга ўради, ҳали ҳеч ким қўйилмаган ва ўзи учун тайёрланган ғорга қўйди. Бу унинг қанчалик яхши одам эканидан далолат.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top