Бу дунёга келган экансиз, ҳаётда ҳеч бир йўқотишларга, қайғуга, алам ва оғир ҳолатларга тушмасдан яшашнинг имкони йўқ. Бундай йўқотишлар, қайғули ва оғир дамлар юрак бағримизни ўртайди. Ғам ичимизни кемиради. Юзимиздан кулгу йўқолади, ҳаётга бўлган қизиқишимиз сўнади. Шундай пайтларда ёрдамга дўстларимиз келади. Бизга ҳамдардлик билдиришади. Тушкунликка тушганимизда, бошимизга оғир кунлар келганида бизга ўз маслаҳатлари билан ёрдам беришга ҳаракат қилишади.
Сизнингча шундай пайтда маслаҳат бериш ҳамдардликнинг энг яхши йўлими? Асло. Юрак бағри ўртанаётган одам сизнинг маслаҳатларингизга зор эмас. Бу нарса аксинча унинг ғашига тегади. Заррача ёрдам бермайди. Ëки бўлмаса кўпчилик дўстининг ёки яқинининг ташвишини енгиллатиш учун: «Мен сени жуда яхши тушунаман. Яқин кишисини йўқотиш жуда оғир», — каби сўзлар билан унинг дардини енгиллатиш ўрнига ярасига туз сепади. Қийналаётган одамга маслаҳатлар ва таклифлар керак эмас. У сизнинг фалсафий фикрларингизга ҳам зор эмас. Унга вақт керак.
Гапингизга қўшиламан. Йўқотишларни бошидан кечирган одам, бошқалар билан гаплашишни, умуман мулоқот қилишни истамайди. У ўз қобиғига ўралиб олади. Бундай пайтда яхшиси уни тинч қўйган маъқул. У ўзига келиб олиши учун вақт керак. Қачонки, юрагини очишга тайёр бўлгандагина, дардини юзага чиқариши мумкин. Сиз яқинларингиздан ёки дўстларингиздан бирига ёрдам бермоқчи бўлсангиз, ортиқча гап-сўзлардан кўра бориб яхшиси ўзидан сўранг. Агар сиз билан суҳбатлашишни истамаса, хафа бўлманг. Шунчаки керак бўлсангиз доимо ёрдамга тайёр эканингизни эслатиб қўйинг.
Бу яхши одат. Киши оғир пайтда бошқалар билан суҳбатлашишни истамаса, уни мажбур қилиш ярамайди. Борди-ю, суҳбатлашишга, дардини тўкиб солишга тайёр бўлса, жон қулоғингиз билан эшитинг. Кўпроқ уни эшитинг ва камроқ гапиринг. Гапирганингизда ҳам «менимча» деган сўзнинг ўрнига «балки», «шунга ўхшайди», каби сўзларни ишлатинг. Мумкин қадар самимий бўлинг. Шунда у ҳам сизга юрагини очади. Кўпгина ҳолларда гап-сўзсиз уни эшитиш яқинингизнинг дардини енгиллатишда энг яхши ёрдам бўлади.
Баъзилар ғам-алам ичида ўтирган дўстлари ва яқинларига қуруқ маслаҳатлар беришга одатланишган. Кўпчилигимиз ўйламаган ҳолда шундай қиламиз. Бу билан уларга яхши маслаҳат бераяпмиз деб ўйлаймиз. Бераётган маслаҳатларимиз албатта яхши ва тўғри. Бироқ ҳолатга бошқача кўз билан қарайдиган бўлсангиз, маслаҳатларимиз жуда қуруқ ва ҳиссиз чиқаётганини сезиб қоламиз. Қийналаётган одамга бошқа нарса билан чалғишни маслаҳат бериш ўрнига, кинога, театрга ёки бошқа бирор бир жойга боришга билет олиб келинг ва уни таклиф қилинг. Бу сизнинг энг катта ёрдамингиз бўлади.
Таклифингиз тўғри, бироқ у истамаса мажбурлаб бирор жойга олиб чиқиш, ёки сизнинг маслаҳатларингизга амал қилдириш яхши эмас. Бошқаларнинг дардини енгиллатишга ҳаракат қилиш, яхши иш албатта. Бироқ киши ўзини ҳам ўйлаши керак. Қайғу чекаётган одамнинг ўрнига қарор қилиб, унинг ўрнига муаммоларни ҳал қилишга уринманг. Қарорни у чиқарсин. Сиз уларнинг ҳаётига ҳаддан ташқари киришиб кетманг. Ўз ҳаётингиз ҳақида ҳам ўйланг.