Ассалому алайкум. Хотира, бизга яхши ёки ёмон кунларни эслатади. Хотира бизга ўрганганларимизни эсга солади. Хотира, тил ўрганишимизга ёрдам беради. Унинг бизга фойдаси қанчалик катта бўлишини ҳар доим ҳам сезавермаймиз. Аслида хотиранинг учта асосий вазифаси бор. Биринчиси, бу йиғиб сақлаш вазифаси. Бунда миямиз фикрларни, фактларни, сиз билган одамларни ёки янги ўрганилган нарсаларни келажакда қўллаш учун сақлаб қўяди. Иккинчиси, бу мияда сақланганларни қидириб топиш. Бунда сиз миянгизда сақланган маълумотларни қидириб топиш имконига эгасиз. Учинчиси, маълум бир ўрганганларингизни ишлатаётганингизда фикрларни бирга сақлаш вазифасидир. Масалан, сиз янги бир тилни ўрганаяпсиз. Бунда хотирангиз ишга тушиб ўзининг биринчи вазифасини яъни йиғиб сақлашни бошлайди.
Кейинчалик, бу тилда аста-секин гап туза бошлаганингизда янги ўрганган сўзларингизни қидириб топиб ишлатасиз. Энг охирида эса бу тилда мутлақо эркин сўзлаша олганингизда хотирангиз шу тилга оид ўрганганларингизни бирга сақлайди ва тилингизга чиқариб беради. Мана шунинг учун ҳам сиз янги ўрганган тилингизда бемалол суҳбатлаша оласиз. Бу жараённи биз хотиранинг фаол ишлаши деб атаймиз. Хотиранинг бу учинчи вазифаси жуда муҳим. Хотирангиз ўзининг учинчи вазифасини яхши бажарганда сиз ҳам қилаётган ишингизни бажариш чоғида унутиб қўймаймиз.
Хотиранинг биринчи вазифаси бўлган йиғиб сақлашни худди уй бекаларига ўхшатсак бўлади.
Жуда тўғри ўхшатиш бўлди. Уй бекаларига эътибор қилган бўлсангиз, улар керакли нарсаларни тахлаб, алохида тортмаларда ёки жавонларда сақлайди. Нарсаларини пала партиш дуч келган жойда қолдириб кетадиганлар кейинчалик керакли нарсаларини тополмай қийналадилар. Миянинг хотирага жавоб берадиган вазифаси ҳам шундай. У ҳам керакли маълумотларни йиғиб қўяди. «Пала партиш» хотирага эга бўлган инсонлар ҳам кейинчалик баъзи нарсаларни тополмай қийналадилар. Улар кўп нарсаларни унутиб қўядилар, чунки унутганларини миянинг қайси қисмига қўйганларини билмайдилар. Хотиранинг йиғиб сақлаш вазифаси биринчи ўринда, кўринишларни, товушларни, ўрганилганларни ёки тажрибаларни сақлайди. Албатта, баъзи бир нарсалар борки, уларни эслаб ўтиришнинг ҳам ҳожати йўқ. Уни қидирмасингиздан олдиноқ айтиб бера оласиз.
Масалан: «Бугун тушликка нима тановвул қилдинг», -деган саволга ҳеч қийналмай, нима еганингизни айтиб бера оласиз. Бироқ, айрим нарсалар борки, уларни ёдда сақлаб қолиш, ва кейинчалик бир неча йил ўтгач ҳам айтиб бера олиш керак.
Мактабда ўрганган нарсаларингиз ёдингиздами? Адабиёт дарсида ёд олган узундан-узун масалларингиз-чи? Баъзилар буларни яхши эслаб қолиб, кейинчалик болаларига ҳам айтиб бериш мумкин. Бироқ мактабда ўрганганларнинг ҳаммасини ҳам ёдда олиб қолиш шарт эмас. Масалан, бола мактабда ўрганганларини филтрлашни билиши керак. Миямиз кўп нарсани сиғдира олади-ю, аммо ҳали ҳаётимиз олдинда. Ўрганадиган нарсаларимиз ҳам кўп. Шунинг учун, мактабда энг асосий маълумотларни ёдда сақлаб қолишга ҳаракат қилиш зарур. Шунда бу маълумотлар умрингизнинг охиригача сизга хизмат қилади.