4:03

Тошкент дарвозалари 2 қисм

MP3

Ассалому алайкум бизнинг мухтарам мухлисларимиз. Биз билан бирга ўтказган вақтингиз бекор ўтмаяпти деган умиддаман, сиз учун таёрланган дастурларимиз ёқиб у ердан керакли маълумот оляпсиз деган умиддаман. Ўтган сафар биз сизлар билан Тошкент шахрининг дарвозалари хақида сухбатлашган эдик. Бугун эса хикояни давом эттирамиз. Дарвоқе, Тошкент дарвозаларининг олтин калитлари дарвозаларнинг ҳақиқий темир калитларидан анча кичик – узунлиги 16 сантиметр, оғирлиги 165-167 грамм бўлган. Бу калитлар ўша йилиёқ Петербургга олиб кетилиб, ҳарбий музейга топширилган ва 1933 йил 14 июнда Ўзбекистонга қайтариб олинган. Тошкент дарвозаларининг бу калитлари ҳозир Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида сақланмоқда. XIX аср ўрталарида Тошкент бекларбегиси шаҳар деворини янгитдан таъмирлатди. Ўша вақтда мазкур деворнинг ўн иккита дарвозаси бор эди. Тахтапул дарвозаси(1) ҳозирги «Собир Раҳимов» кинотеатри яқинида бўлган. Бу дарвоза орқали Ғишткўприк, Турбат томонларга йўл кетган. Дарвоза атрофида яшовчи аҳоли асосан косибчилик, бўзчилик, буёқчилик, тижорат ҳамда шаҳар ташқарисида зироатчилик билан шуғулланган. Лабзак дарвозаси (2) Хуршид кўчасининг Анҳорга туташган ерида жойлашган. У орқали ҳам Ғишткўприк ва Турбат томонларга йўл кетган. Қашқар дарвозаси (3). Унинг атрофида асосан Қашқардан келиб доимий туриб қолган аҳоли истиқомат қилган. У Оққўрғон дарвозаси ҳам деб юритилган. Қўқон дарвозаси (4) шаҳарнинг шарқий қисмида-ҳозирги Мустақиллик майдонида жойлашган. Бу дарвоза орқали Чирчиқ ҳамда Оҳангарон воҳасидаги шаҳар ва қишлоқларга борилган. Қаймаст дарвозаси (5) шаҳарнинг шарқий қисмида-Ўзбекистон ва Туроб Тўла кўчаларининг чорраҳасида бўлган. Бу дарвоза орқали ҳам Чирчиқ ҳам Оҳангарон воҳасидаги шаҳар ва қишлоқларга борилган. Бешёғоч дарвозаси (6) «Бешёғоч» деҳқон бозори билан Ўзбекистон миллий боғи оралиғида – Тошкентнинг жанубида жойлашган. Дарвоза ташқарисидаги йўл Дўмбиробод ва Қатортол мавзеларига олиб борган. Комолон дарвозаси (7) Тошкентнинг ғарбий қисмида жойлашган бўлиб, у орқали Самарқанд, Бухоро ва Хоразмга борилган. Бу дарвоза транзит савдо йўллари устида жойлашганлиги сабабли ҳам ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий аҳамияти катта бўлган. Тарихий маълумотларга кўра, араблар Ўрта Осиёни забт этаётганларида Тошкентга худди шу ердан кириб келишган экан. Самарқанд дарвозаси (8) шаҳарнинг жануби-ғарбий қисмида – Самарқанд дарвоза кўчасидаги чойхона ёнида жойлашган. У Самарқанд ва Бухоро томонларга олиб борувчи савдо йўлининг бошланишида барпо этилиб, ниҳоятда серқатнов бўлган. Маълумотларга кўра, мазкур дарвоза орқали ҳар куни 300-400 туя мол ўтган. Кўкча дарвозаси (9) Тошкентнинг кўкча гузарида жойлашган. Кўкча даҳаси худудида тайёрланган терилар шу дарвоза орқали шимолда Актибинск, жанубда Эрон, Афғонистон, Ҳиндистон, шарқда Уйғуристонга юборилган. Бу дарвоза кўпинча, хусусан, қиш мавсумида очилмаган. Чиғатой дарвозаси (10) Фаробий кўчасидаги Чиқатой дарвоза гузарида – 111-мактаб рўпарасида жойлашган. У орқали шаҳар ташқарисидаги дала мавзеларига борилган. Сағбон дарвозаси (11) Сағбон кўчасидаги 11-мактаб билан Кайковус канали оралиғида жойлашган. Қорасарой дарвозаси (12) Тошкентнинг шимол томонида – Қорасарой кўчаси гузарида жойлашган. У орқали Ҳасанбой ва Қирариқ мавзеларига борилган. Ҳа, бу дарвозалар тарихи мамлакатимиз бой тарихининг узвий бўлагидир. Мана гўзал пойтахтимиз дарвозалари хақидаги хикояни хам тугатдик. Хикоя сизга ёқди деб умид қиламиз. Хайр, саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top