Ассалому алайкум. Матто ҳақида гаплашар эканмиз, Муқаддас Каломга киритилган энг биринчи хушхабар унинг хушхабари эканини таъкидлашни истардим. Нега дейсизми? Бу саволга суҳбатимиз давомида жавоб оласиз. Матто хушхабари Исонинг ўша кутилган Масиҳ эканлигига урғу беради. У тез-тез Эски Ахддан китобидан парчалар келтиради. Бунга кўра у бу хушхабарни яҳудийлар учун ёзган дейишимиз мумкин. У ўз хушхабарида «Осмон Шоҳлиги» деган сўзни кўп ишлатгани учун у хушхабарни «Шохлик хушхабари» деб аташади. Бу хушхабарда Исо Масиҳнинг ҳамма ваъзлари тўлиқ келтирилади. У ўз хушхабарида воқеалар тартибини сақлашга ҳаракат қилган бўлса ҳам, унинг хушхабари мавзулар бўйича жойлаштирилган.
Бу хушхабар ўз автори ҳақида ҳеч нарса демайди. Бироқ дастлабки масиҳийлар давридан бошлаб бу хушхабарнинг автори Матто деб ҳисобланган. Бу ҳақида Юҳаннонинг шогирди Папий ҳам айтиб ўтган. Биз Левий деб аталган Матто ҳақида деярли ҳеч нарса билмаймиз. Унинг исми тўртта хушхабарда келтирилган ўн икки шогирд орасида тилга олинади. Кейинги воқеа бу Исо Масиҳнинг уни ўз ортида эргашиши ҳақидадир. Матто ўзининг солиқ йиғувчи бўлганлигидан бошқа ҳеч қандай маълумот бермайди. Солиқ йиғувчилар ўша пайтда Рим учун халқдан пул йиғиб оларди. Табиийки халқ бу одамларни Римнинг югурдаклари деб хисоблаб, улардан нафратланишган. Лука ўзининг хушхабарида Маттонинг Исо Масиҳ учун ўз уйида зиёфат уюштиргани ҳақида ёзади.
Аммо Маттонинг ўзи бу ҳақида ҳеч нарса демайди. У Исо Масиҳга эргашгач, бутунлай ўзини унутади. Унинг учун фақат Раббий бор эди. Кўпчилик унинг камтарлиги ва ўзини паст олишини қадрлар ва шу сифатлари учун уни севишарди.
Худо ҳам унинг бу сифатларини жуда қадрлаган кўринади. Чунки Матто хушхабарини Ўзининг Янги Ахд китобидан жой оладиган биринчи хушхабар қилиб танлади. Айтишларига кўра Матто бир неча йил Фаластинда хизмат қилган. Кейин эса ўзга юртларга йўл олган. У ўз Хушхабарини дастлаб қадимги ибрий тилида кейин эса, бир неча йил ўтиб – тахминан эрамизнинг 60 йилларида грек тилида тўлиқ нашрдан чиқарган
Биласизми, Худо кимники хушхабар ёзишга илҳомлантирган бўлса, унинг қобилиятларига қараб танлаган. Матто солиқ йиғишда ўз ишининг устаси бўлган. Ўша даврдаги солиқ йиғувчилар олинган солиқларни ҳар куни қайд этиб боришлари керак эди. Касби шуни тақозо этарди. У деярли ҳар доим Исо Масиҳ билан бирга эди. Шунга кўра у Масиҳдан эшитганларини ҳар сафар қайд этиб борган бўлиши керак.
Биринчи марта Янги Ахд китобини ўқиётганлар нега хушхабар тўртта деган саволни беришлари мумкин. Бу тўрт хушхабар Муқаддас Каломнинг энг муҳим қисми саналади. Бу тўртта китобнинг ҳаммаси Исо Масиҳ ҳақида маълумот беради. Бир китоб маълумот беришда кейингисини тўлдиради. Авторлар ҳақида сўз юритадиган бўлсак, Матто солиқ йиғувчи, Лука шифокор, Юҳанно балиқчи бўлган. Бироқ Маркнинг ким бўлганлиги маълум эмас. Матто ва Юҳанно Исо Масиҳнинг издошлари бўлишган. Марк эса Бутруснинг дўсти бўлган.