Ассалому алайкум. Суҳбатимиз номини эшитиб ҳайрон бўлгандирсиз. Аслида бу ҳикоя Ромео ва Жульетта ҳақида эмас. Бир қиз ҳақида. Нега суҳбат номини бундай атаганимизни кейинроқ билиб оласиз. Мен бу қизни аниқроғи, бу аёлни жуда яхши танийман. У билан бир неча марта суҳбатлашганмиз-у, бироқ мен эркак у аёл киши бўлгани учун дилдан суҳбатлашмаганмиз. Бир куни ўша аёл ҳақида бир қизиқ воқеани эшитиб қолдим. Бу воқеа мени Худо ҳақида яна бир марта ўйлашга ва Худонинг қанчалик ғамхўрлигига шоҳид бўлишимга сабаб бўлди. Биз ибодатларимизга ўзимиз истаганимиздай жавоб олмасак, Худодан хафа бўламиз. Баъзилар хатто Худодан узоқлашиб ҳем кетади. Бу жуда ачинарли холат. Аммо Худога шукрки, у қиз Худодан узоқлашмабди. Келинг нима бўлганини бошидан айтиб бера қолай.
Бундай 15 йиллар аввал эндигина 18 га тўлган гўзал қиз, бир йигитни севиб қолади. У йигит ҳамма қизларнинг ақлини олар даражада кўркам, баланд бўйли, гапга чечан экан. Унинг атрофида ҳар куни қизлар парвона экан. Институтдагилар бу йигитни «Ромео» деб аташаркан. Қиз йигитни севиб қолгач, уни обдон ўрганибди. Унинг характерини, юриш-туришларини, ота-онаси ва қаердан келганлигини суриштирибди. Ундан ҳеч бир айб тополмабди. У худди ўзи орзу қилганидек йигит эди. Шундан сўнг Худодан ўша йигитнинг қалбини забт этишига ёрдам беришини сўраб, илтижо қилибди. Пинҳона севиб то ўқишни тугатгунига қадар ибодат қииб юраверибди. Аммо Худо жавоб бермабди. Бир куни бошқа бир йигит унга кўнглини очибди. Бу йигит «Ромео»чалик кўркам бўлмасада, қизни астойдил севаркан.
У узоқ вақт иккинчи йигитга розилик бермай ўйланиб юраверибди. Охири опасининг маслаҳатига кўниб ўша йигитга розилик берибди. Турмуш қуришгач, турмуш ўртоғининг қанчалик меҳрибон, меҳнаткаш, ҳалол инсонлигига амин бўлиб, уни борган сари севиб қола бошлабди. Аста секин Худодан аразлаганлари ҳам унут бўлибди. Улар энг яхши оила бўлишибди. У меҳрибон ота, меҳрибон турмуш ўртоқ ва ажойиб одам экан. Худо унга шундай йигитни рўбарў қилганига шукр қилибди. Бироқ баъзан – баъзан «Ромео»ни эслаб, унга турмушга чиққанимда ҳаётим қандай бўларди, дея ўйланиб қоларкан.
Бир куни қаҳрамонимиз курсдошларидан бирини учратиб қолибди. Гапдан-гап чиқиб, эри ўша «Ромео» эканини айтиб, роса ёзғирибди. Курсдошининг айтишича, ҳозир унинг ташқи кўркамлигидан асар ҳам қолмаганмиш.
Турмушларидан кейин ҳам қуйилмай, роса бошқа аёлларга илакишиб юраверибди. Кейин эса ичкиликка берилиб ҳозир касалхонада ётганмиш. Шу йиллар орасида роса 20 йилга қариб кетибди.
Аёл уйига қайтар экан, Худога миндан-минг шукроналар айтибди. Уни ўша пайтда катта бахтсизликдан қутқариб қолгани учун миннатдорчилик билдирибди. Ўшанда Худодан аразлаганига уялибди. Худо уни тўғри йўлга бошқарганини, ҳаётини дўзаҳ азобларидан қутқариб қолганини англабди.
Худо ҳеч қачон бизнинг фикрларимиз бўйича иш кўрмайди. Унинг ўз режалари ва ўз мақсадлари бор. Баъзида Худо ибодатингизга жавоб бермаётган бўлса, ҳатто бу Худонинг иродасига кўра деб ўйласангиз ҳам, бундан асло кўнглингизни чўктирманг, бу фақат сизнинг фойдангизга бўлади.