3:34

Шубҳа ва қўрқув

MP3

Ассалому алайкум. Шубҳа ва қўрқув. Бу ҳислар дунёвий олиб қараганда ҳам унчалик яхши номга эга эмас. Руҳий ҳаётимизда эса бу иккисини имонимизнинг эгизак душманлари, деб атасак ҳам бўлади. Баъзида улар имоннинг ўрнини эгалламоқчи бўлишади. Кўп ҳолларда эса ибодат қилаётганимизда бизни чалғитишга ва имонимизни камайтиришга ҳаракат қилади. Айниқса, шубҳа ибодатимизни самарали чиқишига қаршилик қилади. Бутруснинг сув устида юришга ҳаракат қилгани ёдингиздами? Бу жуда қизиқ бир ҳолат. Даставвал шогирдлар Исонинг сув устида юрганини кўрадилар. Бу нарса Бутрусни жуда таъсирлантирган бўлса керак. У ҳам Исонинг олдига боришга изн сўрайди. У сув устида юришга қарор қилганида ва сувга тушганида ҳам кучли ишонч бор эди.

У бутун диққат эътиборини Исога қаратган ва олға юрган эди. Аммо ярим йўлда нимадир уни чалғитди. Бу шамол ва тўлқинлар эди. Келинг шу жойда нима бўлганини Муқаддас Каломдан эшитсак: «Ë Раббим, агар бу сен бўлсанг, менга буйруқ бер, мен сув устида юриб Сенинг ёнингга борай!- деди. Исо: — Кел! – деди. Бутрус эса қайиқдан чиқиб, сув устидан юрганча Исонинг ёнига йўл олди. Лекин кучли шамолни кўриб, ўтакаси ёрилди. У чўка бошлагач: — Ë Раббим, мени қутқар! – деб бақирди. Исо ўша заҳоти қўлини узатиб, уни ушлаб қолди…» (Матто 14:28-31). Шубҳа ва қўрқув қалбимиздан жой эгалламаслиги керак. Шубҳа келдими, дарҳол уни йўқ қилинг. Қўрқув билан ҳам шундай қилинг. Қалбингизда Худога нисбатан шубҳа сақламанг, бу нарса имонингизнин ўлишига олиб келиши мумкин. Шубҳа ва қўрқувга берилмасликнинг энг яхши йўли, диққатингизни ўзингиздан олиб, Худога қаратишдир.

Биз бирор бир ишни бошлар эканмиз, ўз заифликларимизга эмас, Худонинг қудратига қарашимиз керак. Оддий, умидга тўла имон кундан кунга қувватланиб бориб, қўрқувни ҳайдайди. Ҳар соатда Худога суянадиган имон бизни шубҳадан озод қилади. Калом шундай дейди: «Ҳеч нарсадан ташвиш тортманглар, лекин ҳар доим ибодатда ва илтижода бўлиб, ҳар бир тилагингизни Худонинг олдида миннатдорчилик билан изҳор қилинглар» (Фил 4:6). Мана шу оят ҳар биримизнинг ҳаётимизда ташвишлардан, қўрқувдан ҳалос бўлишнинг энг яхши чорасидир. Агар Худо берган мана шу рецептга амал қилсак, бутун фикру-ҳаёлимиз ҳотиржам бўлади. Бунинг ўзи етарли эмас. Биз имонимизни қўриқлашни ҳам билишимиз керак. Хўш, қандай қилиб имонимизни шубҳа ва қўрқувдан қўриқлаймиз? Бунинг учун имон тез-тез ишлатилиб турилиши керак. Тез-тез Худодан имонимизни кўпайтиришни сўрашимиз лозим.

Яна савол туғилиши мумкин. Қандай қилиб имонимизни ишлатамиз? Ҳаётимиздаги қийинчиликлар, синовлар имонимизни кўпайтиришга хизмат қилади. Мана шу пайтда имонимизни тўлиқлигича ишлатамиз. Бутрус шундай деб ёзган эди: «…лекин бу васвасалар имонингизни синаш учун фойдали эканлигини билинглар. Ҳатто фоний олтин ҳам оловда тобланиб синалади. Шу сингари, оловдан ҳам қимматли бўлган имонингиз синовдан ўтиб, Исо Масиҳ осмондан зоҳир бўлгач, сизларга мақтов ва шон-шараф келтирсин.» (1Бутрус 1:7) Имонни кўпайтиришнинг яна бир йўли бу Худонинг Каломини ўқиш ва ибодат қилиш. Азизлар сизда энди бошқа биродарлар билан имон, қўрқув ва шубҳа каби масалаларда фикр алмашиш имкони бор. Бунинг учун бизнинг www.najot.com ёки dilkash@najot.com манзилимизга мурожаат қилинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top