3:33

Имоннинг аҳамияти 1 қисм

MP3

Ассалому алайкум. Киши имонга келганидан кейин йиллар ўтиб, унинг имони қай даражада бўлди? Имони кўпаядими ёки камаядими? Масалан, сизнинг имонингиз қай томонга ўзгарди? Ўсдими ёки камайдими? Кўпчиликнинг гуноҳи кўпайиб, муҳаббати совиб қолганида ҳам Имон кучли ва мустаҳкам бўлиб тураверадими? Биродарлар имон ва ишончни, эътиқодни оддий сиёсат қилиб олганида ва дунёвий ҳаёт авжга чиққанида имон қай ҳолда бўлади? Бу саволларга бирданига жавоб бериш қийин. Ҳар биримиз бу ҳақида жиддий ўйлаб кўришимиз керак. Бугун эса юқоридаги саволлардан ҳам устун бўлган, уларнинг барини умумлаштирадиган Раббимизнинг саволини эътиборингизга ҳавола қилмоқчиман: «Бироқ, Инсон Ўғли келганида, ер юзида имон топармикан?» (Лука 18:8).

Умид қиламанки, топади. Аммо У ер юзига келганида имон топиши учун, бугун биз имонимизнин оловини ўчирмай сақлашимиз керак. Ҳаётда нима бўлишидан қайтъий назар, имон шамини ўчирмайлик. Сизни жуда яхши тушунаман, баъзида ҳаётимизда шундай ҳолатлар бўладики, Худонинг чиндан ҳам бизни севишига шубҳа қилиб қоламиз. Менинг ёки оиламнинг бошига шундай кунларни келишига йўл қўйган Худо яна Ўз Каломи орқали «Сени севаман», дейиши мумкинми? – деган мунозарали савол туғилиши табиий. Бундай кунларда чиндан ҳам Худодан хафсаламиз пир бўлиши, унга бўлган имонимиз камайиши мумкин. Бироқ ҳар қандай ҳолатда ҳам имонингизни сўндирманг. Худо бошимизга қандай кунлар солмасин, бари бизнинг фойдамизга.

Яқинда бир китоб ўқигандим. Унда бир киши қизини касалхонага олиб боради. У кўплар олдида Худо ҳақида сўзловчи воиз эди. Докторлар қизининг оёғини кесиш кераклигини айтганида, Худога бўлган имони қил учида қолди. Худога қанчалик ибодат қилмасин, ялиниб ёлвормасин, Худо қизининг оёғини сақлаб қолмади. Бундай ҳолатни бошдан кечириш қийин. Кимдир имонли бўла туриб, оёғидан айрилади, кимдир кўзидан. Бундай ҳолатда имонни сақлаб қолиш жуда – жуда мушкул. Аммо нима бўлса ҳам уни сақлаб қолинг. Ишонинг, Худо ҳаётингизга қандай ёмон кунларни қўймасин, уларни албатта сиз учун яхшиликка хизмат қилдиради. Имон масиҳий характерининг асоси ва қалбининг қўриқчисидир. Имонни йўқотсак, руҳий ҳаётимизнинг асоси ҳам қулайди. Ҳаётимизда Худо билан муносабат орқали эришган тажрибаларимиз, кечирган мўъжизаларимиз ҳам йўққа чиқади.

Агар ёдингизда бўлса, ўтган сафарги суҳбатларимизда имон ва ибодат ҳақида суҳбатлашгандик. Биз имон билан ибодат қиламиз, Худо уларга жавоб беради. Бироқ ҳар доим ҳам «Бўпти», «Майли, сен айтганча бўлсин», деб жавоб бермайди. Баъзан «Йўқ», деб жавоб беради. Мана шу жавобни қабул қилиш ва Худодан миннатдор бўлиш қийин. Шундай пайтларда имонимиз сусайиши эҳтимоли бор. Масалан, сиз бугун бир яқинингизнинг соғайишини сўраб ибодат қилдингиз, аммо у соғаймади. Худо уни ўзига олишга қарор қилди. Бу нарса сизга қаттиқ таъсир қилди. Ëки аксинча у соғайди, бироқ бир кун келиб, барибир ўлди. Худо сизга қандай жавоб беришидан қатъий назар ҳаммамиз бир кун келиб ўламиз. Танамизнинг қадр-қиммати қолмайди. Энг муҳими, Худонинг ҳаётимизга қўяётган қийинчиликлари бекорга эмас. Унинг замирида мақсад бор. Бу мухокамаларга қўшилишни истасангиз бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com манзилимизга мурожаат қилинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top