Ассалому алайкум. Бугунги суҳбатимиз Юҳанно хушхабарининг автори, ҳаворий Юҳанно ҳақидадир. Юҳанно ким? Қандай одам бўлган. Исо Масиҳга эргашгунга қадар ким бўлиб ишлаган, кейинчи? Бу каби ҳаётий саволлар Каломни ўқиган ҳар бир одамда туғилиши табиий. Кўпчилигимиз, машхур кишилар ҳаёти билан қизиқамиз, унинг оилавий шароити, қизиқишлари ҳақида билгимиз келади. Бу инсонга хос одат. Шу ўринда Каломда номлари зикр этилган кишиларнинг ким бўлгани ҳам биз учун қизиқ. Агар вақт машинаси бўлганида, ҳеч иккиланмай, Исо Масиҳ даврига қайтган, Исо Масиҳнинг Ўзи, шогирдлари, замоннинг ҳолатини ўз кўзларимиз билан кўрган бўлардик. Бироқ ҳозир манбааларда ёзилганига таяниб, Юҳанно ҳақида бор билганларимизни сизлар билан бўлишамиз.
Юҳанно Забадий деган балиқчининг ўғли эди. Унинг укаси Ëқуб ҳам Исо Масиҳнинг шогирди бўлган. Бир қизиқ маълумотни айтишдан олдин, Каломдан бир нечта оятларни эшитиб кўринг: «Уларнинг орасида магдалалик Марям, Ëқуб билан Юсуфнинг онаси Марям ҳамда Забадий ўғилларининг онаси бор эди» (Мат 27:56). «У ерда узоқдан қараб турган аёллар бор эди. Улар орасида магдалалик Марям, кичик Ëқуб билан Юсуфнинг онаси Марям ҳамда Саломия бор эдилар» (Марк 15:40). «Исонинг хочи ёнида Унинг онаси, онасининг опаси, Клопанинг хотини Марям ҳамда магдалалик Марям турар эдилар» (Юҳ 19-25). Оятлардан Юҳаннони онасининг исми Саломия эканлигини, айниқса охирги оятдан унинг Исонинг холаси эканлигини билиб олдик. Юҳанно 19 боб 25 оят Саломияни, яъни Юҳаннонинг онасини Исо Масиҳнинг онасининг опаси деб айтади.
Демак, Исо Масиҳ ва Юҳанно бир-бирларига қариндош бўлишган. Демак, икки бўла бир-бирини ёшлигидан яхши билган. Юҳанно Исо Масиҳни болалигидан яхши билган ва улар бирга ўйнашган бўлса керак. Улғайгач, Юҳанно давлатманд ва бугунги кун тили билан айтганда бизнесмен бўлган. У балиқчилик корхонасининг беш ҳиссадоридан бири бўлган. Бу корхона «балиқчилар ёллаб» ишлатишарди. Унинг корхонаси Кафарнаҳумда бўлгани учун, Юҳаннонинг Кафарнаҳумда ҳам Қуддусда ҳам уйи бўлган. Ундан ташқари у олийруҳоний билан ҳам яхши таниш бўлган. Каломда шундай ёзилган: «Исонинг орқасидан Симон Петр ва яна бошқа бир шогирд эргашиб боришар эди. Бу шогирд олийруҳонийга таниш эди, у Исо билан бемалол олийруҳонийнинг ҳовлисига кирди. Петр эса ташқарида, эшикнинг олдида турарди. Кейинроқ олийруҳонийга таниш бўлган шогирд яна ташқарига чиқди-да, дарвозабон аёлга бирор нарса деб, Петрни ичкарига олиб кирди.» (Юҳ 18:15-16)
Агар унинг ўзига тўқ бизнесмен эканлигини ҳисобга оладиган бўлсак, у анча тадбирли, ишнинг кўзини биладиган, бошқалар билан тезда тил топишиб кетадиган шахс бўлган. Ўша даврнинг олийруҳонийси билан таниш бўлган экан, демак уддабурон киши бўлган. Пул топишдан ташқари, у руҳий ҳаётини ҳам унутмаган. Яъни, ҳар доим Худога талпинган, Унга яқин бўлишни истаган. Болалигидан Масиҳ билан бирга ўсган бўлса-да, ўшандаёқ Унинг Масиҳлигидан хабардор бўлган-бўлмаганини билмаймиз. Агар Юҳаннонинг қандай шахс бўлгани билан қизиқсангиз, бизнинг кейинги суҳбатларимизни ўтказиб юборманг, ҳамда бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com манзилимизга мурожаат қилинг.