3:12

Худонинг сўзи 07

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Яна эфирда, сиз, азизлар учун тайёрланган эшиттиришларимиздан бири. Бугун микрафон олдида мен Ғолиббек бир неча дақиқа давомида сизлар билан бирга бўламан. Азизлар, масихий бўлиш балки осондир. Лекин ҳақиқий масиҳий бўлиб, Худованд билан биргаликда ҳаёт кечириш аниқ осон эмас.

Баъзи пайтларда ҳаётимизда шундай муаммолар содир бўладики, ибодат қилсак-да, ҳеч нарса ўзгармагандек туюлади. Эсингизда бўлса, Яҳё Чўмдирувчи зиндонга ташлангани ҳақида Раббимиз Исо Масиҳга хабар беришади. Шунда Раббимиз бундай ҳолатга қандай қараган эди? Деярли Раббимиз ушбу воқеага эътибор бермади.

Раббимиз Исо Яҳё Чўмдирувчини зиндонда эканлигини эшитди, лекин унга ёрдам бериш учун зиндонга бормади. Аксинча, шимол томонга, яъни Жалила томонга қараб йўл олди. Балки Раббимиз учун қутқарилмаган инсонларга нажот йўлини кўрсатиш, уларга Осмон Шоҳлиги ҳақида гапириш зарур бўлган бўлса керак. Ҳурматли биродарлар, келинг, шу ўринда Муқаддас Китобга мурожаат этайлик.

Балки ҳозир биргаликда ўқимоқчи бўлган оятимиз ҳаётимизда учраб турадиган айрим муаммоларни руҳан енгиллаштириш учун бизга ёрдам берар. Демак, Матто Хушхабар китобининг 10 боби 28 ояти: “Танни ўлдириб, жонни эса ўлдира олмайдиганлардан қўрқманглар. Яхшиси, жонни ҳам, танни ҳам жаҳаннамда ҳалок этишга қодир бўлган Худодан қўрқинглар”.

Раббимиз Исо Яҳё ҳақида ғамхўрлик қилмай, Жалила томонга кетиб қолганини яна бир бор эсласак. Менда шундай ўй пайдо бўладики, худди Раббимиз инсониятнинг ердаги вақтинчалик умрини унчалик қадрламаётгандай. Йўқ, азиз биродар, Худованд доимо инсонни қадрлаб келган, У инсониятни шунчалик севганки, шунинг учун ҳам Ўзининг ягона Ўғлини Раббимиз Исони бизларнинг ўрнимизга ҳалок бўлиши учун ерга юборди.

Агар инсоният Худо учун фарқсиз бўлганида, ўйлайманки, бундай йўл тутмаган бўлар эди. Ҳурматли радио тингловчи биродар, масиҳий бўлиб ҳаёт кечириш ҳақиқатдан осон эмас. Қийинчиликлар бўлиш ва келажак муаммолари ҳақида Раббимиз ҳар биримизни бошидан огоҳлантирган эди. Шуни ёдингизда тутинг, азизлар. Худо ҳеч қачон ўз фарзандидан воз кечмайди.

Қийинчиликлар ва турли синовлар пайтида бизга ҳеч ким ёрдам бермаётгандай туюлиши — бу табий ҳол. Лекин Худо доимо ёнимизда туриб, барча воқеани кузатади. Биз йиқилган пайтимизда Унга қўлимизни узатсак, У қўлимиздан ушлаб туришимизга кўмаклашади. Фақатгина биздан талаб этиладигани — Унга қараб, “ёрдам бер”, деб илтижо қилиш, холос. Худованд барчамизга мададкор бўлсин! Азиз радио тингловчи, ўзингиздаги хурсандчилик ва муаммолар ҳақида бизларга ёзиб юборасиз деган умиддамиз. Бизнинг электрон манзилимиз: dilkash@najot.com Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top