3:06

Худонинг сўзи 10

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли “Дилкаш” радиосининг азиз мухлислари. Сизлар билан яна радио тўлқинлар орқали бўлса-да учрашганимиздан бағоят миннатдормиз. Ўйлаймизки, сизлар учун тайёрланаётган эшиттиришларимиз, сиз, азиз тингловчиларга манзур бўлмоқда. Бугунги эшиттиришимиз давомида мен Ғолиббек сизлар билан бирга бўламан.

Азиз радио тингловчи, биз сизлар билан биргаликда қувғинлар ҳақида бир неча бор суҳбатлар уюштирдик. Ўйлайманки, мана шундай эшиттиришлар ҳозир ҳар бир масиҳий учун жуда зарур. Ушбу эшиттиришларимиз орқали кимдир ўзига руҳий куч олса, яна кимдир содир бўлажак қувғинларга қарши тура олиши учун ўзига нимадир олиши мумкин.

Содир бўлажак қувғинлар ҳақида Раббимиз кўп бора бизларга айтиб ўтган эди. Шу билан бирга Раббимиз юпатувчи ҳақида ҳам бизларга гапириб ўтганлигини Муқаддас Китобдан биламиз. Ушбу юпатувчи қувғинлар пайтида биз масиҳийлар билан доимо бирга бўлади. Раббимиз Исо Масиҳ бизларга ўз уйимиздагилар ва шу билан биргаликда ҳатто турли диндор кишилар томонидан қувғинлар содир бўлиши ҳақида бизларни огоҳлантиради.

Раббимиз Исо доимо биз Унинг ортидан эргашишимиз кераклиги ҳақида гапирган эди. Лекин Раббимизнинг ортидан эргашиш унчалик осон эмаслиги бизга яхши маълум. Қилаётган хизматимиз яхши самара бериши учун ва Худога манзур бўлиши учун Раббимиз ортидан эргаша олишимиз керак. Лекин, азизлар, ҳар доим ҳам бу амалга ошавермайди.

Чунки дунё ва ундаги ёвуз кучлар доимо ҳақ Худога қаршилик кўрсатиб келган. Муқаддас Китобда шундай оят бор. Келинг, азизлар, ушбу оятни биргаликда каломдан ўқиб кўрсак: “Сизларни ибодатхонадан ҳайдаб юборадилар. Ҳатто шундай замон келадики, сизларни ўлдираётган ҳар бир киши бу билан Худога хизмат қиляпман, деб ўйлайдилар.

Бу ишларни Отамни ҳам, Мени ҳам танимаганлари учун қиладилар. Буларни сизларга ҳозирдан маълум қилиб қўйяпман, токи ўша вақт-соат келганда, сўзларимни эсга олинглар”. Ҳурматли биродар, шунча муаммолар бизнинг ҳаётимизда содир бўлиши ҳақида Раббимиз гапириб ўтган эди. Лекин доимо ёдингизда бўлсин, Раббимиз ваъда қилган юпатувчи биз билан биргадир.

У ўз номи билан юпатувчи деб айтилади. Турли қувғинлар, муаммолар пайтида у ҳар биримизни юпатиб, яна Раббимизга эргашиш учун куч бера олади. Азиз биродар, Раббимизнинг Шоҳлиги бутун дунёда ўрнатилиши учун ўз хизматимизни тўхтатмай давом эттирайлик. Дунёнинг қайси бир бурчагига бориб хизмат қилмайлик, Худованд биз билан ўша ерга бирга боради. Ўзи бирга бормайдиган жойга Худованд сизни ҳам юбормайди. Азиз биродар, сизлар билан хайрлашар эканман, интернетдаги сайтимизни яна бир бор сизларга эслатиб ўтишни истар эдим: www.najot.com Радио орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top