3:08

Худонинг сўзи 11

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Эфирда “Дилкаш” радиоси. Азизлар, сизлар билан радио орқали бўлса-да учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Микрофон қаршисида мен Ғолиббек. Ҳурматли радио тингловчи, келинг, бугунги эшиттиришимизни 1 Бутрус мактубининг 5 боби 6 ҳамда 7 оятлари орқали бошласак.

“Шундай қилиб, ўз вақтида бизларни юксалтирсин деб, Худонинг қудратли қўли остида ўзингизни камтар тутинглар. Бутун ғамларингизни Худога ташланглар, Унинг Ўзи сизларга ғамхўрлик қилади”. Ушбу мактубда ёзилган оят ҳар биримизни қийин пайтларда юпатиш учун битилгандир.

Иккинчи томондан олиб қарасак, Худованд томонидан бериладиган ҳар қандай синовларга бардош бериб, Худога миннатдор бўлишимиз лозим. Нима бўлганида ҳам Худованд бизларни юпата олади ва куч-қувват беради. Худонинг юпатиши шундан иборатки, У қудратлидир. Ҳар қандай муаммоларга қарши Унда куч бор. Ана шу кучни сиз билан менга У бера олади.

Инсон ўз кучи билан турли муаммоларга қарши туриши анча мушкул. У ё қочишга ҳаракат қилади, ёки тиш-тирноғи билан ҳеч кимнинг ёрдамисиз енгишга ҳаракат қилади. Бунинг оқибатида муаммоларга таслим бўлиш ҳеч гап эмас. Қачон биз Унга тўлиқ ўз муаммоларимизни бера оламиз? Қачонки биз Унинг, яъни Худонинг олдида тавба қилган бўлсак ва Унинг севгисига тўлиқ ишона олсаккина.

Худовандда бизни муаммолардан олиб чиқиш учун донолик етарлидир. Биздан талаб этиладигани эса — барчасига чидаб беришдир. Муаммоларга чидаб бериш, биз ўйлаганчалик, осон эмас. Биринчи галда шайтон турли қўрқитишлари орқали ўз ҳужумини бошлайди. Азизлар, билиб қўйинг, Худованд шайтондан анча доно ва кучлидир.

Ҳаворий Павлус ўзининг 2 Коринфликларга мактубининг 12 боби 7 оятида шундай деб ёзади: “Менга келган одатдан ташқари ажойиб ваҳийлардан ўзимни ҳаммадан юқори тутмаслигим ва кибрланиб кетмаслигим учун, менинг баданимга бир ниш, мени ниқталайверадиган бир шайтон элчиси берилди”.

Айнан шу нишни Павлусга Худованд ато этганига бизда шубҳа бўлмаса керак. Айрим пайтларда Худованд бизларни худди шундай усуллар билан тўхтатиб туради. Токи барча умидимиз фақатгина Ундан бўлсин. Азиз радио тингловчи биродарлар, ҳаётимизда учраб турадиган ҳар қандай муаммолар пайтида Худованддан умид қилишни ўрганайлик.

Чунки инсон ўз кучи ила нимагадир эришиши анча қийин масала. Айниқса масиҳий биродарларимиз учун. Худованд билан эса ҳар бир ташлаган қадамимиз ҳавфсиздир. Ҳурматли радиомиз мухлислари, агар сизларни қандайдир саволлар қизиқтирса, бемалол бизнинг сайтимизга кириб, ўзингиз учун кўплаб фойдали маслаҳатларни олишингиз мумкин. Бизнинг манзил: www.najot.com Хайр соғ бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top