Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Яна сизлар билан радио тўлқинлари орқали бўлса-да учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Фарзанд тарбиясидек ўта маъсулиятли ва мураккаб масалаларни ечишнинг тушунарли ва самарали усулларини билиб олишнинг бирдан бир йўли — Самодаги Отамиз Худованддан илтижо қилиб донолик сўрашдир.
Азиз биродарлар, фарзанд тарбиясидаги энг муҳим нарса, фарзандларимизнинг нималарга эҳтиёжи борлигини аниқлашдир ва уни қондириш йўлларини излаб топишдан иборатдир. Азизлар, фарзанд тарбияси ўта мураккаб жараён бўлиб, аксарият ота-оналар ҳозирги кунда бу масалада жиддий қийинчиликларга дуч келишмоқда.
Ҳатто айтишимиз мумкин-ки, айрим ҳолларда боши берк кўчага ҳам кириб қолишмоқда. Баъзи пайтларда болалар тарбияси бўйича шунчалик кўп маълумотларга эга бўламизки, охир-оқибат қайси бир усулдан фойдаланишни билмай, вақтни бекорга бой беришимиз ҳам мумкин.
Баъзи бир маълумотлар шундай чиройли баён этилган-ки, айнан шу усулда ўз фарзандларимизни тарбияламоқчи бўламиз. Лекин минг афсуслар бўлсин-ки, ушбу тарбия усули бизнинг шароитимизда умуман тўғри келмаслиги мумкин. Мен шахсан шундай оилаларни биламан.
Болаларини европача усулда ёки бошқа бир миллат ва халқларнинг усуллари бўйича тарбияламоқчи бўладилар. Азизлар, бу албатта ҳамма ота-онанинг ўз хоҳишига боғлиқ. Лекин болаларни келажаги ва ўз урф-одатларимизни ҳам ёддан чиқармаслигимиз керак.
Кўпинча бундай усулларни қабул қилган ота-оналар олинган маълумотларни ҳаётга тадбиқ этиш чоғида кутилганидек ижобий натижага эмас, аксинча муваффақиятсизликка дуч келишлари мумкин.
Аслида бундай бўлишининг бош сабаби, олинган маълумотларни нотўғри деб ўйламанг, уларни амалда самарали ишлата олмасликдадир. Мен шахсан шунга ишонч ҳосил қилдимки, ота-оналарнинг ўз фарзандлари билан муносабатларини қандай олиб боришни билмасликлари ҳамда масалани ҳал этишда мутаносибликни бузишлари, муаммоларнинг келиб чиқишига асосий сабаб бўлиши мумкин экан.
Кўпгина ота-оналар нима қилиш кераклигини биладилар, бироқ қачон ва қандай тарзда ижро этишга келганда ожиз қоладилар. Азиз биродарлар, ўзингиз борадиган ибодатхонада балки тажрибали биродарлар бордир. Шундай ожиз қолган пайтларингизда улардан маслаҳат олишга асло тортинманглар.
Худованднинг каломи орқали ҳар биримиз ўзимизга керакли маслаҳатларни ҳам олишимиз мумкин. Азизлар, сизлар билан хайрлашар эканман, интернет сайтимизнинг манзилини сиз, азизларга, эслатиб ўтмоқчиман: www.najot.com Хайр.