Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Эфирда “Дилкаш” радиоси. Сиз азизлар билан яна радио тўлқинларида ғойибона учрашиб турганимиз учун Отамизга шукроналар айтамиз. Азиз биродарлар, ёшлик пайтларимизни эслаб кўрадигин бўлсак, ўзимиздан катталар жинлар тўғрисида кўп гапиришганини эслай олсак керак.
Албатта, кимдир ушбу гапларга ишонган бўлса, яна кимдир ёлғиз юришга қўрқиб қолган бўлиши мумкин. Сал каттароқ бўлганимиздан кейин балки бундай гапларга ишонмай қўйгандирмиз. Лекин Раббимиз Исо Масиҳга имон келтириб, яна шу ёшлигимиздаги эшитган жинлар тўғрисидаги гапларнинг рост эканлигига амин бўлдик.
Чунки Муқаддас Каломда жинлар ва ёвуз руҳлар тўғрисида ёзилган жойлари ва айрим кишиларнинг жинга чалинганлигини ўқишимиз мумкин. Жинлар ёки ёвуз руҳларга боғлиқ муаммоларга дуч келган кўпчилик одамлар, агар улар Масиҳга ишонмасалар, Худо ҳақида нотўғри тасаввурга эга бўладилар. Худо тўғрисидаги ёлғон тушунчалар уларнинг ҳаётий тажрибаларидан келиб чиққан.
Масалан, кичкина бола ўз яқинларидан кимнидир фақат ёмон томонларини кўрган бўлса ва у ҳақида фақат нотўғри тушунчага эга бўлса, бу бола келажакда ўсиб, катта бўлади ва, албатта, ўз тасаввурида Худони ўша ёмон кўрган кишисига таққослаши турган гап. Жиддий руҳий курашларга дуч келган кишилар, кўпинча, ўзлари ҳақида нотўғри тушунчаларга борадилар.
Бундай кишиларнинг кўпчилиги, аслида ўзларининг Раббимиз Исода ким эканликларини билмайдилар. Аслида эса бу нарсани билиш жуда муҳим. Улар, шунингдек, Худонинг фарзанди бўлиш нима эканлигини ҳам билмайдилар. Бу каби одамлар кўпинча нажот топганликларига ҳам шубҳа билан қарайдилар ва ўзларини бошқа имонлилар яшаётгандек ҳаёт кечира олмаймиз, деб ҳисоблайдилар.
Уларнинг баъзилари беҳаловатликка тўлиб-тошган ва ўта асабий одамлар бўлиши мумкин. Бундайларнинг кўпчилиги ўзларини ҳеч ким яхши кўрмайдиган, ҳеч кимга нафи тегмайдиган ва рад қилинган кишилардек сезадилар. Оҳир-оқибатда, улар ўзларини иккита тенг кучли шоҳликлар: Худо шоҳлиги ва шайтон шоҳлиги ўртасида қолиб, қисиб қўйилгандек ҳис қиладилар.
Бу нарса ҳақиқат эмас, албатта. Аммо одамлар буни ҳақиқат деб, ишонсалар, у ҳолда мағлуб бўладилар. Ҳақиқат эса шундан иборатки, Худо ҳар ерда ҳозир ва ҳар нарсани билиб турувчи Зотдир, биз эса Cамода Раббимиз Исо билан бирга ўтирган ҳолда, ҳамиша Унда бўламиз.
Шайтон яксон қилинган душманимиздир. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, агар сизларда ҳам шунга ўхшаш воқеалар содир бўлган бўлса ва сиз ҳозиргача нимадандир қийналаётган бўлсангиз, бизга мактуб йўлланг. Сиз учун ибодат қиламиз. Бизнинг электрон манзилимиз: dilkash@najot.com Хайр, соғ бўлинглар.