Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Яна ҳаво мавжларида сиз азизлар учун тайёрланган эшиттиришларимиздан бири. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, Раббимиз Исо Масиҳ кўзи ожиз ҳақида Ўз шогирдларига очиб берган нарса Аюб китобида яққол ўз аксини топган деб айтишимиз мумкин.
Агар Раббимизнинг шогирдлари ушбу Эски Аҳд китобида баён этилганларни охиригача тушунганларида, балки хатоликларга йўл қўйишмаган бўлишармиди, aхир Аюбнинг аҳволини кўриб билиб турган дўстлари ҳам адашдилар-ку. Аюб ўз дўстларининг адашаётганини кўриб, бирданига уларга ўзининг қаршиликларини билдиради.
Бу ҳақида Аюб китобининг 16 боби 2 оятдан 5 оятгача бўлган жойларидан ўқиб кўришимиз мумкин: “Мен бундай нарсаларни кўп эшитганман, қандай ношуд юпатувчисизлар-а! Бу беҳуда гапларнинг охири борми ўзи? Нима сизларни шундай гапиришга ундайди?
Агар сизлар ҳам менинг ўрнимда бўлганингизда, мен ҳам сизлардек гапира олардим. Сизларга қарши гапириб, бошимни силкита олардим. Лекин мен ўз сўзларим билан сизларга далда берардим, гапларим дардларингизни енгиллаштирарди”. Аюбнинг дўстлари каби унинг хотини ҳам Аюбга қаршилик қилади ва, албатта, ҳаммасидан воз кечишни унга таклиф қилади.
Албатта ушбу маслаҳатлар Аюбга маъқул эмасди. Азиз биродарлар, ҳаётда ҳамма нарса содир бўлиши мумкин. Айниқса биродарларимиз билан нимадир бўлганида, шошиб маслаҳат берманг. Албатта унинг руҳини кўтарувчи ва яна олдинга интилиш учун унга далда бўладиган гаплар билан дўстингизни ва биродарингизни кўнглини кўтаришга ҳаракат қилинг.
Тасаввур қилинг, агар биродарингиз нимадандир азоб чекиб турган бўлса-ю, сиз унга яна нотўғри маслаҳат берсангиз, ёки уни кўнглини чўктирувчи гапларни айтсангиз, албатта, дўстингизни янада мушкул аҳволга солиб қўйган бўласиз.
Инсон нимадандир азоб чекаётган вақтда унга ёрдам беришнинг энг яхши йўли — унга тўғри йўл кўрсатиш ва нотўғри олиб борилаётган кўрашдан воз кечишини таклиф қилишдир. Азоб чекаётган киши бундай гапларни эшитишни фақатгина энг яқин дўстларидан ва ўз яқинларидан эшитишни хоҳлайди.
Азиз биродар, қачонки руҳий аҳволимиз ва имонимиз тўлиқ эмас экан, руҳий жанг олиб бориш учун тайёр эмассиз. Балки жанг олиб бориш мумкиндир. Лекин жанг анча оғир кечиши ва ҳатто енгилиб қолишингиз ҳам ҳеч гап эмас.
Мустаҳкам имон ва Худога бўлган ишонч билан жангга чиқиш эса, сизнинг ўрнингизга Худованднинг Ўзи жанг олиб боради деганидир. Азизлар, мавзуимизга шу ерда якун ясаб, сизларга ўзимизнинг электрон манзилимизни яна бир бор эслатиб ўтсам: dilkash@najot.com Мактубларингизни кутамиз. Саломат бўлинг.