2:56

Худонинг сўзи 43

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Эфирда “Дилкаш” радиоси. Азизлар, сизлар билан радио орқали бўлса-да учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Инсоннинг мияси кичик бўлишига қарамай, жуда кучли замонавий компьютерга ўхшайди.

Инсон ўзининг шу кичкина мияси орқали катта операцияларни амалга ошира олиши мумкин. Масалан, эслаб қолиш. Шундай инсонлар борки, ёши етмиш саксонга бориб қолган бўлса ҳам, ўзларининг болалик даврларида содир бўлган воқеаларни, худди бундан бир неча кун аввал содир бўлган воқеадек, бемалол эслаб гапириб беришлари мумкин.

Инсон мияси фақатгина бир нечта воқеаларни эмас, балки юзлаб воқеаларни ҳам эслаб қолиш хусусиятига эгадир. Энди шундай ажойиб инсонни, бундай эслаб қолиш қобилияти ким тарафидан берилган ёки қўллаб-қувватлаб турилади деган савол пайдо бўлади. Бу буюк ва қудратли Худованд томонидан яратилгандир!

Энди иккинчи савол. Нима учун буюк Худованд яратган одамзод ёки ҳайвонлар бир-бирларига ёмонликни раво кўришади? Масалан, ҳайвонлар яшаши учун бир-бирларини овлайдилар, инсонлар эса бир бирларига ёлғон гапиришади, ҳатто арзимаган бойликни тортиб олиш учун бир-бирларини ўлдиришади ҳам.

Бундан ташқари, дунёда кўплаб офатлар содир бўлмоқда. Ер ости силкинишлари орқали кўплаб шаҳарлар ва одамлар талофат кўришмоқда. Сув тошқинлари минглаб одамларнинг ва турар жойларнинг қирувчисига айланмоқда. Ҳар йили эса миллионлаб одамлар турли касалликларга чалинмоқда ва кўплари ҳаётдан кўз юмишмоқда.

Нима учун? Муқаддас Китоб ушбу саволларимизнинг ҳар бирига аниқ жавоб бера олади. Биринчи Одам ва Ҳавонинг Худовандга нисбатан итоатсизлиги туфайли дунёга гуноҳ кириб келди. Барча содир бўлаётган воқеалар эса шу итоатсизликнинг оқибатидир. Худованд Одамнинг гуноҳи учун ерни лаънатлади.

Шунинг учун ҳам ер борган сари кам ҳосил беришга мослашиб бормоқда. Ҳатто ер юзидаги иқлим шароити ҳам борган сари ўзгариб бормоқда. Худованд Одам билан Ҳавога оддийгина қилиб, Мен кўрсатган дарахтнинг мевасидан еманглар, деб айтган эди.

Йўқ, улар барибир шу мевани татиб кўришди. Мана шу итоатсизлик бутун инсониятнинг тарихини ўзгартириб юборди. Азизлар, келинг, қолган умримизни Худовандга итоаткорлик билан ўтқазайлик. Шундагина Худованд ҳар биримизни марҳаматлайди.

Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, сизлар билан хайрлашар эканман, ўз ҳаётингиздаги бўлаётган руҳий ўзгаришлар ҳақида бизга мактуб йўлланг. Бизнинг электрон манзилимиз: dilkash@najot.com Яна тўлқинларимизда учрашгунча хайр.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top