Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи азиз биродарларимиз. Азизлар, яна радио тўлқинлари орқали сизлар билан дийдор учрашиб турибмиз, бу учун Отамиз ва Худовандимизга шон-шарафлар бўлсин.
Азиз биродарлар ва ота-оналар, азалдан яъни дунёга биринчи гуноҳ кириб келганидан сўнг, Одам ва Ҳавонинг содир этган гуноҳларидан кейин деярли барча ота-оналар бир нарса билан тўқнаш келишмоқда.
Яъни уларнинг фарзандлари характери жиҳатидан умуман бир-бириларига ўхшамайдилар. Бу эса кўпчилик ота-оналарда хурсандчилик уйғотиши билан бирга ташвишлар ҳам олиб келиши мумкин. Ушбу хурсандчилик ёки ташвишни болалар кимга ўхшашлигидан фарқлаб олишимиз мумкин.
Улар Қобилгами ёки Хобилгами, кимга кўпроқ характери жиҳатидан ўхшаб кетадилар? Азизлар, шунга қарамай, бир нарсани аниқ айта олишимиз мумкин: ҳар бир бола ўзича ажойибдир. Бола жинсига ва ёшига қараб, юқорида айтиб ўтган ҳар иккала қаҳрамонларимизга ўхшаб бориши мумкин.
Азизлар, ота-оналар болалари қандай бўлишларидан қаътий назар, уларни тарбиялаб яхши инсон сифатида оёққа турғизишлари шарт. Лекин кўпчилик ота-оналар ўз йўлларида учраб қолиши мумкин бўлган айрим қийинчиликларга дош бера олмайдилар.
Шундай пайтларда инсонга ташвишларни енгиб ўтиш жуда муҳим, акс ҳолда бола шу имкониятдан унумли фойдаланиши мумкин. Ота-она учун бир оз бўлса-да ташвишларни унутиб, ҳаётдаги ҳар бир инъомлардан ва айниқса юморни ҳис этиб яшаш, яхши ёрдам бериши мумкин.
Бола сизники, унинг тарбияси билан сиздан ўзга ҳеч ким қизиқмайди. Шунинг учун бир оз нафасни ростлаб олгач, яна ўз ишингизни давом эттиришингиз яхши фойда келтириши мумкин. Болалик давр кўз очиб-юмгунча тез ўтиб кетади. Буни худди ўз вақтида ерга яхши уруғ сочиб яхши ҳосил олишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган деҳқон бобога ўхшатишимиз мумкин.
Чунки ўз вақтида қилинган меҳнат яхши ҳосил келтириши аниқ. Лекин дангасалик қилиш ва бугунги ишни эртага қолдириш ўзи билан бирга кўплаб муаммоларни олиб келиши мумкин. Ҳар бир болага ўз вақтида таъсир қиладиган тарбиявий усуллар бор.
Масалан, боғбон ўсиб келаётган дарахтни ҳам бир йилда бир маротаба шохларини кесиб туради. Бунинг натижасида эса ҳосил келтирмайдиган айрим шохлари ўз вақтида кесиб ташланади. Бола тарбияси ҳам худди шундай гап. Азизлар, улардаги ярамас одатларни ўз вақтида кесиб ташлашга эътибор қаратинг. Акс ҳолда кеч қолишингиз ҳеч гап эмас. Азизлар, бизнинг электрон манзилимизга мактуб йўлланг. Манзилимиз: dilkash@najot.com Хайр, омон бўлинглар.