2:53

Болаларнинг ўсишига ёрдам 177

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Сиз азиз биродарларимиз билан яна радио тўлқинлари орқали дийдор учрашиб турганимиз учун Худовандга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Ҳурматли радио тингловчи ота-оналар, келинг, бугунги суҳбатимиз давомида сизлар билан болаларнинг нимага муҳтож эканлиги тўғрисида суҳбатлашсак. Бир қарашда ҳеч нарсага муҳтож эмасдек кўринадиган болалар ҳам, ёки бўлмаса, моддий тарафдан тўлиқ таъминланган болалар ҳам, кўпинча айрим нарсаларга ўзларида катта муҳтожлик сезишлари мумкин экан.

Келинг, азизлар, шундай муҳтожликларни айрим ва муҳимларини бирма-бир келтириб, уларга таъриф бериб ўтсак. Энг аввало, болалар ота-она ва бошқаларнинг севгисига ўзларида катта муҳтожлик сезадилар.

Болаларга ва ҳатто катталарга ҳам севгига бўлган муҳтожлик Худованд томонидан берилган. Чунки болаларда ҳам, катталарда ҳам, айнан шу муҳтожликнинг борлиги бошқаларга нисбатан ҳар биримизда аста-секин бўлса-да, севгининг шаклланишига йўл қўяди.

Албатта ҳар бир бола бошқалар уни севишини истайди. Ота-она албатта болалардаги шу муҳтожликни қондирувчи биринчи шаҳс ҳисобланади. Агар ота-она ўзларининг севгисини болага кўрсатишга уялсалар, ўз навбатида бола ҳам ўзини шунга яраша тута бошлайди.

Ота ишдан қайтиб келгач юзида табассум билан болаларини қучоқлаб юзларидан ўпиб, ўз севгисини кўрсата олса, болалар ҳам отага нисбатан ўзларидаги нафақат севгисини, балки ҳурматини ҳам ошириб борадилар.

Яна бир муҳим нарса, болаларга бўлган эътибор. Болага нисбатан эътибор шундан иборат бўлиши керакки, ота-она болани тинглашни билиши лозим. Болага кимдир уни эштиши ва уни мақташи жуда муҳим. Шундан бола англайдики, демак, у бошқалар учун эътиборсиз эмас.

Лекин ҳаддан ташқари эътиборли бўлишнинг ҳам баъзи салбий томонлари бўлиши мумкин экан. Ота-онанинг бўш вақтларида ҳам бола кераксиз нарсаларга уларнинг эътиборини жалб қилишга ўрганиб қолиши мумкин. Шунинг учун доимо ўртада балансни сақлай билиш лозим.

Яна муҳим нарсалардан бири бу — хавфсизлик ва ишончдир. Бола билиши керакки, ота-она уни бошқалар томонидан хафа қилдириб қўймайди. Демак, бола ўзининг ҳимоячилари борлигини ҳис этиб, хотиржам ҳаёт кечира олади. Агар бола кимлардандир қўрқиб яшаса, у ҳаётда чўкиб қолиши мумкин. Бу эса унинг келажакда бошқалар билан бўладиган мулоқоти учун салбий таъсир қилиши мумкин. Азизлар, сиз билан хайрлашар эканман, dilkash@najot.com электрон манзилимизга мактуб йўлланг, деб қоламан. Хайр, соғ бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top