Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. “Дилкаш” радиомизга ҳуш келибсиз. Азизлар, сиз билан эфир орқали бўлсада учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Азизлар, келинг, бугунги эшиттиришимиз орқали жамоатлар ва кичик уй гуруҳлари қандай ишлар қилиши ҳақида суҳбатлашсак.
Азиз биродарлар, ҳозиргина жаранглаган саволимизга жавоб бериш учун яна бир савол пайдо бўлади. Яъни шу ишлар амалга ошиши учун биз ҳар биримиз нима ишлар қилишимиз керак?
Илк жамоатларнинг пайдо бўлиши ҳақида Муқаддас Китоб айтадики, Муқаддас Руҳ Раббимиз Исо Масиҳ шогирдларининг устига тушганидан кейин пайдо бўла бошлади. Ҳаворийлар китобининг 2 боби 38 оятдан 47 оятгача бўлган жойни ўқиб кўрсак, айнан Раббимизнинг шогирдлари нима ишлар қилганлиги ва нимадан ўз хизматларини бошлаганлигини ўқиб кўришингиз мумкин.
Демак улар биринчи бўлиб ўзларинин асосий фокусини хушхабар айтишга қаратдилар. Бундан ташқари, яна одамларни сувга чўмдириб имонга киритдилар. Улар бошқаларни каломга асосланиб ўқитдилар, биргаликда овқатланишиб, нон синдириш маросимида иштирок этдилар.
Яна энг муҳим хизматларидан бири — улар доимо биргаликда ибодат қилдилар. Муқаддас Руҳ уларга шундай куч берган эдики, шу Руҳнинг кучи орқали улар бошқаларга ёрдам бера олар эдилар.
Албатта, ҳозирги пайтдаги каби ўша даврда ҳам ўзига яраша камбағаллар бор эди.
Раббимизнинг шогирдлари уларни ҳам кўзларидан қочирмадилар. Уларнинг кундалик ишларининг асосини фақат Худони улуғлаш ташкил қилар эди.
Азиз биродарлар, биз сиз билан илк жамоатларнинг олиб борган ишлари ҳақида суҳбатлашдик. Энди мана шу барча амалга оширилган ишлар ҳозирги жамоатларга қандай таалуқли жойи бор деб айта оламизми? Ўйлайманки, ушбу савол, менимча, ортиқча бўлади.
Ҳозирги жамоатлар ҳам албатта Худони улуғлаш учун Муқаддас Руҳга қулоқ солган ҳолда, У буюрган барча вазифаларни кам-кўстсиз бажаришимиз керак. Чунки Худонинг амрлари ва Раббимиз Исо Масиҳнинг самога кўтарилишдан олдинги бизларга айтган ва буюрганлари, вақт ўтиши билан ҳеч қачон ўзгармайди. Худованднинг мақсадларини амалга оширадиган барча жамоатлардан Худованд доимо мамнун бўлади.
Худованд хоҳлайдики, худди шундай улуғ ишларда айнан биз ҳам иштирок этишимизни. Шундай ажойб хизматни амалга ошишида ҳар биримизга Худо ёр бўлсин. Ҳурматли радио тингловчилар, сиз билан хайрлашар эканман, ўзимизнинг интернет сайтимизнинг манзилини сизларга айтиб ўтсам: www.najot.com Яна радио тўлқинлари орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг.