3:28

Масихдаги хаёт 32

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Масихдаги хаёт деб номланган дастуримизга хуш келибсиз. Азизлар, эсингизда бўлса биз ўтган сафарги дастуримизда хазрати Исо Масихнинг шогирдларига қандай ибодат қилишни ўргатгани хақида гаплашган эдик. Бугун хам биз айнан Исо Масих айтиб ўтган ибодатга қайтамиз, аниқроғи, бор диққат эътиборимизни ибодатдаги кечириш сўзига қаратамиз. Кечириш ўзи нима? Кечириш осонми? Хазрати Исо Масих ваъзларида озодликка олиб борувчи йўл хақида гапирар эди. Айнан кечириш, одамга озодлик беради. Биз хам агар бизни хафа қилганларни кечирсак, Худо хам ўз ўрнида бизни кечиради, ва албатта шу йўсин бизнинг рухимиз озодликка чиққандек бўлади. Келинг, бу хақда кўпроқ билиш учун Муқаддас Каломдаги, Матто китобига назар ташлаймиз. Шу вақтда Бутрус келиб Исога: «Раббим, – деди, – агар биродарим менга қарши гуноҳ қилса, мен неча марта уни кечирайин?

Етти марта кечсам етарми?» Исо унга деди: «Сенга етти марта эмас, балки етмиш карра етти марта, деяпман. Бинобарин, Осмон Шоҳлиги бандалари билан ҳисоб-китоб қилишни истаган бир подшоҳга ўхшайди. Ҳисоблашишни бошлаганда, ундан ўн минг олтин ёмби қарздор бўлган бир бандани унинг қошига келтирибдилар. Лекин қарз тўлашга ҳеч нарсаси бўлмагани учун, подшоҳ унга ўзини, хотинини, болаларини ва бутун мол-мулкини сотиб, қарзини тўлашни буюрибди. Банда эса ерга йиқилиб, подшоҳига таъзим қилиб: – Подшоҳим, сабр қилинг, мен сизга ҳаммасини тўлайман, – дебди. Бу бандасига раҳми келиб, подшоҳ уни қўйиб юборибди ва қарзини кечириб юборибди. У банда эса ташқарига чиқиб, ўзидан юз кумуш танга қарздор бўлган бир шеригини учратиб, уни ушлаб олибди-да: – Мендан олган қарзингни қайтар! – деб бўға бошлабди. Шериги эса унинг оёқларига йиқилиб:

– Сабр қил, мен сенга ҳаммасини тўлайман, – деб ёлворибди. Бироқ у бунга кўнмабди, бориб, қарзини тўламагунича шеригини зиндонга қаматиб қўйибди.

Унинг шериклари бу воқеани кўриб, жуда хафа бўлишибди ва бориб, подшоҳга ҳамма бўлиб-ўтганни хабар қилишибди. Шунда подшоҳ бандасини олдига чақириб:

– Эй ёвуз банда! – дебди. – Менга ёлворганинг учун, мен сенинг барча қарзингдан кечдим. Мен сенга раҳм қилганимдай, сен ҳам шеригингга раҳм қилсанг бўлмасмиди? Ғазабланган подшоҳ ҳамма қарзини тўламагунича бандасини азоб берувчиларнинг қўлига топширибди. Шунингдек, агар сизларнинг ҳар бирингиз ўз биродарингизнинг гуноҳини чин кўнгилдан кечирмасангиз, Менинг самовий Отам ҳам сизларга худди шу йўлни тутади».

Азизлар, кўриб турганингиздек, Худо билан яқин муносабат ўрнатишимиз учун, Худо билан соф муносабатларга эга бўлишимиз учун биз аввалам бор биздан қарздорларни, бизни хафа қилганларни кечиришимиз керак. Фақат шундагина, Худо бизни кечираман демоқда. Сизда хам ўқиган оятларимиздаги вазиятга ўхшаган вазият бўлганми? Хазрати Исо бизга чин кўнгилдан кечиришни буюрмоқда. Сиз хам душманингизни чин кўнгилдан кечира оласизми? Азизлар, бу масаладаги фикр мулохазаларингизни dilkash@najot.com электрон манзилмизга йўлланг, ёки бизнинг www.najot.com сайтимизга кириб хабар қолдиринг. Сиз йўллаган барча исмлар ва манзиллар анонимларча қолади, яъни хеч қандай шахсий маълумот эфирга узатилмайди. Хайир азизлар, Худойим сизни ўз панохида асрасин.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top