Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Ибодатга бағишланган дастурга ҳуш келибсиз. Дастур давомида биз сизлар билан нафақат ибодат, баълки Муқаддас Каломдаги оятларни ҳам тилга оламиз. Азиз дўстим, сиз нажот топганмисиз? Сиз ҳам Исо Масиҳни олдига келиб, Унинг сиз учун қилган қурбонлигини қабул қилганмисиз? Ундай бўлса, сиз учун жуда хурсандман. Чунки сиз энди шайтон шоҳлигида эмассиз, шаҳсан Худо сизни ўз ойиласига олиб, Худо фарзанди деган номни берди. Сиз энди бутунлай Худога тегишлисиз. Худо эса, ҳатто битта сочингизни ҳам тўкилишига йўл қўймас. Унинг ойиласида бўлиш нақадар ажойибдир. Энди эски ҳаётимиз ўтмишда қолиб кетди, энди биз фақат келажакка қараб Худо билан бирга яшаймиз. Агар аҳамият берган бўлсангиз, мен эски ҳаёт ҳақида гапирдим. Келинг, Ҳаворий Павлус Эфесликларга йўллаган мактубида эски ва янги ҳаётимиз ҳақида нима деганини кўриб чиқамиз.
Шундай экан, мен Раббимиз номидан сизларга қаттиқ буюраман: бундан буён ўзга халқларнинг бемаъни ўй-фикри билан яшаманглар. Уларнинг зеҳнлари ўтмаслашган. Улар жаҳолатда қолиб, юракларини ёғ босган. Шунинг учун Худо берган ҳаётдан маҳрум қолганлар. Улар ҳар қандай ор-номус туйғусини йўқотган, ҳар турли ифлос ишларга ўрганган, фисқу фужурга берилган тамагир одамлардир. Аммо сизлар Масиҳдан ундай ўрганмагансизлар. Сизлар Масиҳнинг сўзларини эшитиб, У ҳақда таълим олгансизлар. Шунинг учун энди Исонинг ҳақиқий йўлида юриб, эски ўзлигингизни бир четга олиб қўйинглар; яъни илгариги турмушингизга оид, алдовчи эҳтирослар билан бузилиб бораётган эски, ёмон табиатингизни соқит қилинглар. Бунинг ўрнига янги фикрга, руҳга эга бўлинглар. Худога муносиб суратда, ҳақиқий солиҳлик ва муқаддаслик билан яратилган янги табиатни ўзлаштиринглар(Эфес. 4:17).
Азизлар, кўриб турганингиздек, бугунги ибодатни айнан янги ҳаётимизга бағишламоқчиман. Сиз ҳам, мен билан бирга ибодат қилсангиз бўлади. Агарда, ибодат қилишни билмасангиз ҳижолат бўлманг, бемалол кетимдан қайтаринг. Отажон, Сенинг бағрингда бўлиш нақадар ажойибдир! Бизни ўз ойиланга киритганинг учун раҳмат айтаман. Бу Сенинг чексиз севгингдан далолат беради. Худойим, Сенинг ойиланга кириб эски ҳаётимиз билан хайирлашдик. Энди хаммаси янги. Худойим, Исонинг ҳақиқий йўлида юриб, эски ўзлигимизни четга олиб қўйишимизга ёрдам бер. Бемаъни уй-фикр билан яшамайлик. Илгариги турмушимизга ойид, алдовчи эҳтиросларга берилмайлик. Қаерда бўлмайлик, нима қилмайлик, ҳаммаси Сенинг Каломинга таянган ҳолда амалга ошсин.
Худойим, шайтон ўтмишимизни эсга солганида, унга унинг келажагини эсига солайлик. Шайтоннинг ҳар бир хужумига Калом оятларинг ёрдамида бардош беришимизга ёрдам бергин. Худойим, чексиз севгинг учун раҳмат. Сенинг иноятингда ўсиб улғайишга ёрдам бер. Сенинг муқаддас номинг ила ибодат қилдик. Омин. Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун раҳмат. Бордию, сизда ҳам ибодат эхтиёжлари бўлса, бизга бу ҳақда dilkash@najot.com электрон манзилига ҳабар йўлланг ёки www.najot.com сайтининг ”ибодат эхтиёжлари” деб номланган бўлимга кириб ҳабар қолдиринг. Биз сиз учун ибодат қиламиз. Исмлариз ўзгартирилади, бундан ҳавотир олманг. Хайир, омон бўлинг.