MP3

Ассалому алайкум. Йифтоҳ Гиладлик бир киши эди. Унинг отасининг исми Гилаад бўлган. Онасининг исми эса маълум эмас. Негадир Муқаддас Каломда шахсларнинг отасининг исми ёзилади-ю, онасининг исми ёзилмайди. Йифтоҳнинг онаси фоҳиша бир аёл бўлган. Гилад деган кишининг ўз хотинидан туғилган ўғиллари ҳам бор эди. Шунинг учун ҳам улар улғайгач, Йифтоҳга «Меросда ҳаққинг йўқ», деб уни уйдан қувиб юборишди. Йифтоҳ эса ака-укаларидан қочиб, Тов юртига бориб қолди. У ерда ўрнашиб, атрофига ярамас одамларни тўплаб, босқинчилик қила бошлади. Унинг ўшанда қандай аҳволда бўлганини тасаввур қила оласизми? Менимча онаси билан эмас, отаси билан яшаган ва ўгай онаси, ўгай ака-укаларидан ва бошқалардан фоҳишанинг ўғли деган ҳақоратларни кўп эшитган бўлса керак.

Каломда ёзилмаган бўлса ҳам, унинг ёшлиги қандай ўтганини тасаввур қилиш мумкин. Отасининг ўлимидан кейин эса, акаларининг унга қилган муомаласи уни қаттиқ хафа қилган. Бундай ҳақоратлар ичида катта бўлган бола, қанчалик яхши бўлмасин, юрагида алам ва нафрат қолади. У ҳам шундай йўл тутган бўлса керак. Шунинг учун ҳам атрофига ярамас одамларни тўплаб, безорилик қила бошлаган. Бугунги кунда оиласидан меҳр кўрмаган, болаларнинг кўпчилиги кўча безорисига айланмоқда. Йифтоҳ ҳам яхши йигит бўлишига қарамай, босқинчилик қилишни танлади. Калом Гиладни довюрак жангчи эди, деб ёзади. Демак, у жангларда ўзини кўрсатган, халқнинг эътиборини қозонган шахс бўлган. Орадан бир қанча вақт ўтиб, Оммон халқи Исроил халқига ҳужум қилди. Гилад оқсоқоллари эса Йифтоҳни олиб келиш учун Тов юртига жўнашди.

Улар Йифтоҳга: «- Биз билан юрақол, Оммон халқи билан жанг қилганимизда бизга раҳномолик қилгин», — дейишди. Йифтоҳ эса уларга: «Сизлар мени менсимай отамнинг уйидан ҳайдаган эдингиз-ку! Нега энди бошингизга кулфат тушганда менинг олдимга келдингизлар? » У оқсоқолларга бир шарт билан розилик берди. Агар исроил халқига бошчилик қилиб, Худо Оммонликларни унинг қўлига берса, Исроил халқига бошчилик қилишини айтди. Оқсоқоллар ҳам рози бўлишди. Бу сўзлардан Йифтоҳнинг юрагида ҳали ҳам Гиладликларга нисбатан гинаси борлигини, бироқ кечиримли эканини ҳам кўришимиз мумкин. У Гиладликларни кечирди. У ҳам сиз билан бизга ўхшаган оддий инсон эди. Унда ҳам гина, қасд олиш, ва ҳукмронликни қўлга олиб, унга ёмонлик қилганларга кўрсатиб қўйиш каби ҳислатлар бўлган.

Аммо, бу ҳақиқий Йифтоҳ эмасди. Унинг қилган ишларидан ҳақиқий Йифтоҳ художўй, халқига садоқатли, ва бир сўзли киши эканини билиш мумкин. Баъзан ички инсоний табиатимиз олдида ожиз қолиб, гина-кудуратга, қасд олишга берилиб кетамиз. Аммо вақтида ўзимизни қўлга олиб, эски табиатимизни ўзимизга бўйсундира олсак, Худо истаганидек иш тутган бўламиз. Ҳамма ҳам хато қилади. Ҳатто ўтмишдаги пайғамбарлар ҳам хато қилган, бироқ хатоларни тузатиш, улардан керакли хулоса чиқариб, кейинги сафар уларни такрорламаслик имонлининг энг катта ютуғидир. Йифтоҳ ҳам қилган хатосидан хулоса чиқаргани аниқ. Нега дейсизми? Буни кейинги суҳбатимиздан билиб оласиз. Сизга бу каби бир-биридан қизиқ маълумотлар ёқса бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтимизга кириб кўринг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top