Ассалому алайкум. Инсоннинг танавий хоҳиш-истаклари уни бошқариб туради. Инсон нимани истаса, ўшанга етишиш учун жон жаҳди билан ҳаракат қилади. Масалан, қорни оч бўлиб, кўнгли иссиқ патирни истаса, бир неча километр йўл босиб бўлса ҳам ўша, ўзи истаган патирни олиб келади. Бу бир томондан яхши хислат. Аммо танавий хоҳишлар бизни бошқармаслиги керак. Имонлининг ҳаётида энг биринчи ўринда руҳий хоҳишлар туриши кераклигини ҳаммамиз яхши биламиз. Қалбда кучли, ўчириб бўлмас хоҳиш бўлса, у тинч турмайди. У бутун куч ва иштиёқ билан истаган нарсасини Худога тўкиб солади. То ўзи истаган нарсага эришмагунча сўрашдан чарчамайди. У Худонинг қаршисида туриб илтижо қилади, ёлворади, ўз аҳдида, истагида қатъий туриб ибодат қилади.
Бундай иштиёқни ёки кучли хоҳишни фақат Худонинг баракасигина тинчлантира олади. Биз инсон сифатида баъзида Худодан истаган нарсаларимизни қоғозга рўйхат қилиб оламиз. Аммо кучли руҳий хоҳиш бу рўйхатга қарамайди. Руҳий хоҳиш учун рўйхатнинг кераги йўқ. Инсон ўз хоҳиш – истаклари билан Худодан кўп нарса истайди. Аммо руҳий хоҳиш бўлинмайди. У фақат бир нарсани истайди ва ўша нарса учун ҳаракат қилади. Худди юқорида бир одам иссиқ патир истаганидай, руҳий хоҳиш ҳам фақат бир нарсани истайди ва то эришмагунча Худони тинч қўймайди. Довуд Худодан нима истаганини биласизми? У ҳамма нарсани сўрамади. Хоҳишларини ҳар тарафга сочиб ташламади. Агар шундай қилганида ҳеч нарсага эришмаган бўларди. Аммо у ундай қилмади. У Худодан фақат бир нарсани, энг муҳимини сўради.
Келинг буни Муқаддас Каломдан билиб оламиз: «Худованддан бир тилагим бор, Фақат ўшани излайман: Худованд уйида умрбод турайин, Худованд жамолини тамошо қилайин, Унинг маъбадини зиёрат қилиб.» (Забур 26:4) Бундай хоҳишга албатта Худо жавоб беради. Исо Масиҳ «Адолатга очу-чанқоқлар бахтлидир», деган эди. Руҳий очлик тўқ бўлишни талаб қилади. Агар руҳий хоҳишимиз кучли бўлса, албатта Худонинг жавобига эришамиз. Бундай истакни Худо амалга оширади. Ибтидо китоби 32 боб 26 оятда нима ёзилганини биласизми? Бу ерда ибодатимизга, хоҳишларимизга жавоб оладиган калит яширинган. Келинг шу оятни ўқиймиз: «Мени дуо қилмагунингча, Сени қўйиб юбормайман!» Хўш, бу оятни қандай тушунсак бўлади. Ëқуб шунчаки дуо қилишни сўраганмиди? Албатта йўқ. У Худонинг марҳаматини, баракатини ва ҳимоясини ўз ичига оладиган дуони сўраган эди.
Биз ҳам Ëқубдан йўл тутолмаймизми? Агар хоҳишларимиз кучли ва бир нарсага йўналтирилган бўлса, энг муҳими руҳий муҳожлигимиз учун бўлса, Худо албатта бизни марҳаматлайди. Ҳатто ошиғи билан беради. Мусонинг халқ гуноҳини кечириши учун Худодан кучли хоҳиш билан ибодат қилгани ёдингиздами? У шундай деган эди: «Аммо энди, уларнинг гуноҳини кечиргин, деб Сенга илтижо қиламан. Агар кечирмасанг, Ўзинг ёзган китобдан менинг номимни ўчириб ташлагин» (Чиқиш 32-32). Қандай жасорат. Ҳа, баъзида кучли хоҳиш билан ибодат қилиш учун жасорат ҳам керак бўлади. Чин дилдан Худо билан бирга яшаш қандай, Худони билиш, У учун яшаш қандай бўлишини билишни истасангиз, бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтимизга кириб ўзингиз учун керакли маълумотларни олинг.