3:17

Имон чидамли бўлиши керак

MP3

«Исо Масиҳнинг яхши бир аскари каби тақдирингдаги азобларга дош бергин» (2 Тим 2:3)

Ассалому алайкум. Ҳозир қандай билмадим-у, аммо бундан 5-6 йил олдин, янги имонга келган масиҳийлар, ҳаётим энди тубдан ўзгаради, муҳтожлик нималигини билмайман, Худо ҳамма айтганларимни муҳайё қилади, деган фикрлар мавжуд эди. Қайси бир қўшиқда ҳам «Бугун яхши кун бўлади, чунки Исо келмоқда», деган сатрлар бор эди. Албатта Исо Масиҳнинг келиши руҳий оламимиз учун шодлик олиб келади. Ҳаётда Худо билан бирга юришга одатланган имонлилар, Худо ҳузури, Унинг муносабати ҳақида яхши билишади. Ҳатто, баъзида Худонинг ишларига тушунмасалар ҳам, Ундан юз ўгирмайдилар.

Яхши аскар каби тақдиримиздаги азобларга дош бериш, осон иш эмас. Жангда жон-жаҳдлари билан душманга қаршилик қилган, жангдаги азобларга дош берган аскарлар ғалабага эришганлар. Бугунги ҳаётимизни ҳам ўша жангга қиёсласак бўлади. Фақат руҳий жангга. Ҳаётимизнинг руҳий жангида учрайдиган азобларга дош бериш, уларни енгиб ўтиш, имонимиз олдида учрайдиган тўсиқлардан ошиб ўтиш осон иш эмас. Бунинг учун яхши аскарнинг имони чидамли бўлиши керак. Агар имонли бўлдим, энди ҳаётим яхши ўтади, деб ўйласангиз, адашасиз. Атрофингиздагилар нимани бошларидан кечираётган бўлса, сиз ҳам ўша нарсаларни, йўқ, ҳатто улардан кўпроқ нарсаларни бошингиздан кечирасиз. Ҳар бир имонлининг ҳаётида даҳшатли нарсалар содир бўлиши мумкин. Худди бошқа одамлар каби касал бўлади ва ўлади.

Бошқалар каби ишларидан айрилади, пулсиз, оч-яланғоч қолади, автоҳалокатга учрайди, тиши оғрийди, фарзандлари ҳасталанади. Улар ҳам ўз яқинларини йўқотади. Бундай олиб қараганда, бу дунёда ҳамма бир хил, аммо бизнинг мақсадимиз, йўлимиз ва имонимиз бошқа. Бизнинг ишонган нарса ишонишга, ўзимизни бағишлашга арзийди. Бу билан ҳаётимизда ҳеч ҳам яхши кунлар бўлмайди деган фикрни беришдан йироқман. Албатта, Худо бизга кўплаб завқли онларни бағишлайди, аммо булар бошимизга тушадиганларининг орасида кўринмай кетиши мумкин. Худо берган ҳаёт сизнинг бошингизга нималарни солса, мана шу қийинчиликларга дош беришингиз ва уларни енгиб ўтишингиз керак ва шарт. Баъзан ҳаётимизда шундай дамлар бўладики, Худонинг ишларига тушунмаймиз. Худди Худо аҳмоқона бир иш қилаётгандай, бизга нисбатан адолатсизлик қилаётгандай туюлади.

Аммо ундай эмас. Мана шу онлар бизнинг имонимиз учун энг катта синов дамлари эканини унутманг. Бир кишининг энг ақлли, аълочи, институтнинг энг фаол талабаси бўлган қизи автоҳалокатда ҳалок бўлади. Худонинг бу ишини тушуниб бўлмайди. Бу қизнинг ҳаётини ўзимизча таҳлил қиламиз. Худонинг ўрнига ишлагимиз келиб кетади. Ахир бу қиз, жуда ақлли, аълочи, фаол ва энг меҳрибон имонли эди. Келажакда, Худонинг йўлида жуда кўп ишлар қилиши мумкин эди-ку?! Нега Худо унинг ҳалок бўлишига йўл қўйди? Буни тушунолмаймиз. Биздан кўра унинг ота-онасига қийин. Улар бундай йўқотишни кўтаришлари осон эмас. Айниқса бу уларнинг якка-ю ягона фарзандлари бўлса. Ҳа, имонлининг ҳаёти мана шундай кечиши мумкин. Аммо Худо қалбимизга солган имон ҳамма нарсага чидаши ва ғолиб келиши керак.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top