3:13

Яхши аскар

MP3

Ассалому алайкум. Ҳарбий хизматга чақирилган ва ҳарбий хизматни ўтаб келган йигитларимиз, яхши аскар қандай бўлиши кераклигини яхши билишади. Ҳатто ҳарбийга бормаган опа-сингилларимиз, ота-оналаримиз ҳам яхши аскар қандай сифатларга эга бўлиши кераклигини тахмин қилишади. Яхши аскарнинг мақтовга арзигулик сифати бу итоаткорлигидир. Аскар ҳарбий хизматга чақирилганининг биринчи куниданоқ бу сабоқни ўрганади. Жангу-жадалларда ғалаба қозонган қаҳрамонларимизнинг ғалабасига уларнинг итоаткорликлари сабаб бўлган. Жангда ғалаба қозонишга фақатгина итоаткорликнинг ўзи етарли эмас, албатта. Аммо итоатсиз ғалабага эришиб бўлмаслиги аниқ. Капитан ёки Майорнинг қўл остидагилари унинг буйруқларига, ҳарбий стратегияларига сўзсиз бўйсуниши шарт.

Бу нарса оддий аскарларга ёқмаса ҳам, буйруқларни бажаришга мажбур. Иккинчи жаҳон урушида оддий, ҳарф танимаган кишилар ҳам урушга чақирилганлар. Улар ҳар икки томоннинг мақсадларини аниқ тушунмаган ҳолда, ватанпарварлик руҳи билан ўз жонларини хатарга қўйганлар. Улар жонларини ғалаба йўлида фидо қилишга тайёр бўлганлар. Жонларини фидо қилганлар ҳам. Агар ўша жангдан омон қолган ва ҳозиргача, ҳаёт бўлган отахонларни учратсангиз, улардан жангда аскарлар қандай шароитда жанг қилганларини сўраб кўринг. Аскар ҳеч қачон қорни тўйиб овқат емаган, тўйиб сув ичмаган, тўйиб ухламаган. Мана шундай шароитда кучи борича жанг қилган. Жанг давомида яхши шароит ҳақида ўйлашга вақтлари бўлмаган. Яхши аскарларнинг бу тахлитда жанг қилиши адолатсизлик эди. Аммо жанг пайтида аскар буни ўйламайди, ўз мақсади йўлида бир қадам олға ташласа, шунга хурсанд бўлган.

Нега аскарлар, жангу-жадаллар ҳақида сўзлаяпман. Бунинг сабаби бор. Имон йўлига қадам қўйган ҳар бир киши бу дунёда Худонинг аскари ҳисобланади. Ҳаворий Павлус ўз шогирди, ўғлидай бўлиб қолган Тимўтийга ёзган мактубида шундай дейди: «Исо Масиҳнинг яхши бир аскари каби тақдаирингдаги азобларга дош бергин. Ҳарбий хизматдаги аскар қўмондонимни мамнун қилай, деб тирикчилик ташвишлари билан банд бўлмайди. Шунингдек, мусобақада қатнашган киши, агар қоидага риоя қилиб ўзиб кетмаса, ғалаба тожини киймайди.» (2Тим 2:3-5)

Муқаддас Каломда келтирилган «яхши аскар каби тақдирингдаги азобларга дош бергин», ибораси нимани англатади?

Юқорида айтганимиздек, жангдаги ҳар бир аскар, тақдиридаги қийинчиликларга дош беришга ҳаракат қилган. Албатта эшитишимизга қараганда, уруш пайтида ўз жонини сақлаш ниятида жанг майдонини ташлаб қочган аскарлар ҳам бўлган, бироқ бундайларнинг тақдири аянчли бўлгани маълум.

Бу дунёда яшар эканмиз, шунчаки оддий одамлар эмас, Исо Масиҳнинг аскарлари эканимиз ёдимизда бўлсин. Бу ҳаётда ҳамма нарсага, моддий тўкинликка, жисмоний соғлиққа, руҳий тўкисликка ва бахт-саодатга эришаман, деб ўйласангиз ҳато қиласиз. Ҳаётимиз ҳеч қачон мукаммал бўлмайди. Сиз билан бирга яшаётган бошқалардан ортиқ жойингиз бўлмайди. Сиз ҳам улар каби, ҳаёт қийинчиликларидан ўтасиз. Бу ҳаётда яшар эканмиз бизни нима кутади? Бу саволга кейинги сафар жавоб оламиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top