3:20

Тинмай ибодат қилишнинг мукофоти

MP3

«Исо у ердан чиқиб, Тир ва Сидон юртига кетди. Ўша теваракдан канъонлик бир аёл Исони қаршилаб: — Эй Ҳазрат, Довуднинг Ўғли, менга раҳм қил! Қизимни жин жуда қийнаяпти, — деб фарёд чекди. Лекин Исо унга бир оғиз сўз ҳам жавоб бермади. Шогирдлари келиб: — Уни қўйиб юбор, у орқамиздан додлаб юрибди, — деб Исодан илтижо қилдилар. Исо эса жавоб бериб: — Мен фақат Исроил халқнинг адашган қўйлари ҳузуригагина юборилганман, — деди. Шунда аёл яқинроқ келиб: — Эй Ҳазрат, менга ёрдам бер! – деб Исога сажда қилди. Исо: — Болалардан нонни олиб итларга ташлаш яхши эмас, — деган жавобни қайтарди. Аёл: — Худди шундай, Ҳазрат, лекин итлар ҳам хўжайинларининг дастурхонидан тушган ушоқларни ейдилар-ку! – деди. Исо буни эшитиб, аёлга: — Эй аёл, сенинг ишончинг буюк, сен тилагандек бўлсин, — деди. Аёлнинг қизи ўша заҳоти соғайиб кетди.» (Лука 15: 21-28)

Ассалому алайкум. Юқоридаги парча сизга маъқул келдими? Бу парча менга жуда ёқади. Бу парчанинг ўзидан тинмай илтижо қилиш кераклиги ҳақида кўп нарса ўрганишимиз мумкин. Дастлаб бу оятларни ўқисангиз, худди Исо Масиҳ бу аёлга нисбатан қўполлик қилаётгандай туюлади. Аммо менга ишонинг, бу ундай эмас. Каломда нимаики ёзилган бўлса, бизнинг ўқиб ўрганишимиз ва яшашимиз учун йўл-йўриқ олишимиз учундир. Нега Исо аёлга дарҳол жавоб бермади. Бошқаларга дарҳол жавоб бериб, кўзларини очган, касалликларидан фориғ қилган эди-ку?! Худо ҳеч қачон ҳаётимизда бир хил йўл билан ишламайди. Бу парча билан у бизнинг мана шу аёлдай ўзимизни паст олиб, қайноқ, чирмашиб оладиган имон билан сўрашга ўргатмоқчи.

Яхшилаб тинглаган бўлсангиз, Исо Масиҳ биринчи сафар: «- Мен Исроил халқининг адашган қўйлари ҳузуригагина юборилганман», — деганида аёл Унга яна ҳам яқинроқ келиб, илтижо қилди. У Исодан ҳафсаласи пир бўлиб кетмади. У то сўраган нарсасига жавоб олмагунча, Унинг ортидан юрди. Исонинг характерини билган ҳолда, бу қийналган аёлнинг илтижосига зўрға чидаган бўлса керак, деб ўйлайман. У фақат Исроил халқига эмас, бутун дунёнинг гуноҳини бўйнига олиш учун келганини билмас эдими? Биларди албатта. У атрофидагиларни, шогирдларини, шу билан бирга бизни ҳам безмасдан ибодат қилишга ўргатмоқчи эди. У жуда доно ва меҳрибон Раб.

У аёлнинг тинмай уларнинг орқасидан юришига ҳатто шогирдлари ҳам чидашмади ва охири: «Уни қўйиб юбор, у орқамиздан додлаб юрибди, — деб Исодан илтижо қилдилар».

Парчада келтирилишича, у Исони учратган жойидан то, жавоб олган еригача, ортидан илтижо қилиб юрган. Бу қадар, кучли сабр-тоқат ва кучли хоҳишни Исо Масиҳ бошқа ҳеч бир одамда учратмаган бўлса керак. Худованд бизга ҳам мана шундай чирмашиб оладиган имон, камтарлик, сабр-тоқат ва кучли хоҳишни ато этсин. Тинмай, безмай, тўхтатмай ибодат қилиш албатта самарасини беради. Бошқа бир парчада бир тул аёл Худодан ҳам, одамдан ҳам қўрқмайдиган қозининг олдига ёрдам сўраб келавергани каби биз ҳам Худонинг олдига ўз илтижоимиз билан тинмай, безмай келишимиз керак. Инсофсиз қози қилган ишни Худо қилолмайдими? Албатта ибодатимизга жавоб беради. Дадил бўлинг, имонингизни йўқотманг, токи ибодатингизга жавоб берган Худо бир кун келиб, сизни имонсиз ҳолда топмасин.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top