3:27

Умид ўлмайди

MP3

Ассалому алайкум. Бугун бир аёлнинг ҳаёти ҳақида гувоҳлик бермоқчимиз. Аммо афсуски бу аёл орамизда йўқ. У аллақачон Отаси Худонинг олдида. У аёлни жуда яхши танирдим. У оддий, содда ва кўнгли тоза аёл эди. Бироқ ҳаёти яхши кечмади. У 47 ёшида имонга келди. Имонга келиши билан ҳаёти яна ҳам қийинлашди. Турмуш ўртоғи бу нарсага қаттиқ қаршилик қилар, унинг Муқаддас Калом ўқишига қўймасди. Бошқа биродар опа-сингиллар билан учрашишга ҳам рухсат бермасди. Унинг эри қаттиққўл ва қўрс одам эди. Аёл эри ҳақида ибодат қилар экан, кўз ёшларини тийолмасди. Бир неча марта унинг турмуш ўртоғи учун бирга ибодат қилганмиз. Уни Матлуба опа деб атай қоламиз. Матлуба опа жуда қийналиб кетган дамларида ўз тенги аёллар билан учрашиб турар, турмуш ўртоғи бу ҳақида хабар топиб қолса, ўша куни уни калтакларди.

Катта ёшли аёлнинг болалари олдида калтакланиши жуда ноқулай ва ҳижолатли ҳол бўлган бўлса керак. У ҳар сафар эрининг азобларига мулойимлик билан жавоб берган. Унинг озорларини кечирар, бу ҳақида унга эслатмасди ҳам. Матлуба опани таниганимиздан буён эрининг бирор жойда ишлашини эшитмаганмиз. Кейинчалик билсак, турмуш ўртоғи авваллари қайсидир корхонада оддий ишчи бўлиб ишлаган, бироқ кейин ишдан бўшагач, ҳеч қаерда ишлашни истамай, қиморга берилиб кетган экан. У киши тез-тез қиморга ютқизиб турар ва уйидаги нарсаларини сотиб, ютқизган пулини тўларди. Матлуба опанинг ўзи эса икки уч жойда фаррош бўлиб ишларди. Бундай одам билан яшаш унга осон бўлмаган бўлса керак. Бироқ у ҳадеб нолишни ёмон кўрарди.

Турмуш ўртоғининг тинмай қимор ўйнаши, ичиши ва унинг оқибатида сиқилишлари ўз натижасини берди. У инфаркт бўлиб қолди. У танасини ҳаракатга келтиролмасди, аммо узуқ-юлуқ гаплар билан фикрини тушунтира оларди. Икки йил давомида Матлуба опа Худога тинмай эри учун ибодат қилиб, унинг имонга келишини илтижо қилиб сўради. У авваллари ҳам бу ҳақида сўрар, аммо энди эрининг вақти соати яқин қолганди. Худонинг марҳамати билан турмуш ўртоғи яхшироқ гапирадиган, қўлларини ҳаракатлантира оладиган бўлиб қолди. У аёлининг ўзига шунчалик меҳрибонлигидан кўзларига ёш келарди. Умрининг саноқли кунлари қолганида, аёлидан узр сўради. Шунча йил унга ёмон муносабатда бўлгани учун, болаларига яхши ота бўлолмагани учун, унга азобдан бошқа нарса бермагани учун кечирим сўради.

Аммо энг асосийси бу эмасди. Матлуба опанинг шунча йил қилган ибодатларни бесамар кетмади. У ўлими олдидан дилини очди. Маълум бўлишича, у тез-тез Худо ҳақида ўйлаган аммо, хотинига ён босмаслик учун, Худони тан олишни истамаган экан. Бироқ, хотини уйда бўлмаган пайтларида Инжилни олиб ўқиганини тан олди. Энди эса Худонинг олдига покланиб кетишни исташини айтиб аёлидан ёрдам сўраган. Матлуба опа кўзларида ёш билан эрига тавба ибодатини ўргатди. Эри тавба ибодатини айтиб бўлгач, ҳотиржам кўзларини юмди ва қайтиб очмади. Матлуба опа бир умр эрининг имонга келишини, унинг Худо ҳузурига келишини истаганди ва шунга умид қилганди. Худо унинг умидларини пучга чиқармади. Худо унга берган ваъдасини бажарди. Азизлар шу каби гувоҳликлар ҳақида билишни истасангиз ёки ўз гувоҳлигингиз билан бўлишишни истасангиз, бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтимизга ташриф буюринг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top