3:08

Ажойиб бола

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон тингловчи. Биз ҳар сафар эътиборингизга атрофимизда яшаётган кишилар ҳаётидаги гувоҳликларни тақдим этмоқдамиз. Бу гувоҳликлар сиз-у бизнинг имонимизни мустаҳкамлаш учун хизмат қилишига ишонамиз. Худованд кимнингдир ҳаётида ишлар экан, ажойиб ишлар қилади. У бирор бир ишга аралашар экан, албатта ҳаммаси ажойиб бўлади. Бугун фарзанд тарбиясидаги ота-онанинг ўрни ва Худованднинг бошқарувидаги оила ҳақида гапириб бермоқчиман. Буни менга бир дугонам бундан бир неча йил аввал ёзиб юборганди. У чет давлатда яшайди. Демак-ки, бу чет давлатда яшайдиган бир ўсмир боланинг ҳаётида бўлган гувоҳликдир. Дугонамнинг ёзишича, улар кўчиб борганларидан сўнг, фарзандларини ўша ердаги мактаблардан бирига жойлаштиришган.

Narrator 2 Унинг ўғли ҳам ўша пайтда айни ўсмирлик ёшига кирган бола эди. У мактабда янги бўлгани учун имонли оила фарзанди бўлишига қарамай, бошқалар ўзларини қандай тутса, уларга мослашишга ҳаракат қилган. Янги бўлгани учун уни масхара қилиб ўзларидан четлаштирмасликлари учун шундай қилган. Бироқ у суҳбатлашадиган болалар орасида бир Сенди исмли бола ҳам бор экан. Биласиз-ки ўсмирлар бир жойга йиғилишгач, оғзиларидан турли ҳақоратли ва уятсиз гаплар чиқади. Уларнинг мактабида ҳам шундай бўлган. Аммо дугонамнинг ўғли Сенди деган бола, уларга қўшилмай, ёмон гапларига кулмай жиддий ўтирганини сезиб қолган. У ҳеч ҳам аҳмоқона суҳбатларга қўшилмас, аҳлоқсиз гапларга кулмас ҳам эди.

Narrator 1 Шундай бўлса ҳам, бошқа болалар уни ҳурмат қиларди. У шундай одобли бола бўлиши билан бирга, фикрлаш доираси кенг, аълочи ўқувчи ҳам экан. Бир куни дугонам мактабга ота оналар мажлисига бориб, ҳаммадан ажралиб турадиган бир аёл билан танишибди. У ўша аёл ҳақида шундай деб ёзганди: «У ҳаммадан ажралиб турарди, Унда шунчалар кўп эзгулик, илиқлик, севги борки, у ҳақиқий Худонинг одами, бундан ташқари унда ажойиб ҳазилкашлик туйғуси ҳам бор экан. Бу аёл билан гаплашганимда ўзимни шунчалар яхши ҳис қилдимки, гўёки биз анча илгариттан танишдек эдик.» Дугонам ўғлига ўша аёл ҳақида гапириб берганида, ўғли бу Сенди деган боланинг онаси эканини айтибди. Қаранг, Сенди шунча одоб ва аҳлоқни, гўзалликни онасидан олган экан-да!

Narrator 2 Чиндан ҳам болалар ўз ўзидан Сендига ўхшаган бўлиб қолишмайди. Улар руҳий жиҳатдан кучли, ибодатгўй ота-онанинг тарбияси остида шундай бўлиб улғайишади. Дугонам ўша йили бутун ўқув йили давомида Сендининг оиласини кузатишибди. Айтишича бу оиланинг ҳар бир аъзоси ўта қобилиятли шахс экан. Бунинг сабаби нимада? Сабаби – уларнинг ҳаётидаги мақсадлари барчадан фарқ қилиши ёки таассурот қолдиришида эмас, балки Худони чуқур ҳурмат қилиб, Унинг йўлидан – олийжаноблик ва поклик йўлидан юриш истагининг борлигидадир. Дугонамнинг оиласига ва унинг ўсмир ўғлига Сенди ва унинг оиласи жуда яхши ўрнак бўлибди. Чиндан ҳам Худога чин дилдан эътиқод қилган ва Унинг йўлларидан юришни истаган инсон ҳаммадан ажралиб туради.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top