3:06

Унинг тирилиши

MP3

«Ваҳоланки, Масиҳ чинакамига тирилди! У биринчи бўлиб тирилди, қолган марҳумларга намуна бўлди. Ўлим бир инсон орқали дунёга кирди. Шунга ўхшаб, ўликларнинг тирилиши ҳам бир Инсон орқали содир бўлади. Одам Атонинг фарзанди бўлган барча ўладилар. Худди шундай Масиҳнинг фарзанди бўлган барча тириладилар» (1 Кор 15:20-22).

Ассалому алайкум. Одам Атонинг қилган хатоси туфайли, чиндан ҳам одамзот ўлимга маҳкум бўлди. Нафақат жисмоний, энг ёмони руҳий ўлимга дучор бўлди. Бироқ Худога шукурки, Исо Масиҳнинг қурбонлиги туфайли энди Унинг фарзанди бўлган, аниқроғи Унга чиндан ишонадиган, ҳаётини бағишлаган ҳамма У орқали руҳан тирилади.

У биринчи бўлиб ўликдан тирилди. Шу пайтгача инсоният тарихи бу каби воқеага гувоҳ бўлмаганди!

Агар Исонинг тирилиши ҳақида ўқиган бўлсангиз, Унда рим ҳокимияти Исо Масиҳ қабрини қўриқлаш учун аскарлар қўйганини биласиз. Бу нарса Унинг тирилиши машҳурлигини, бутун дунёга тарқалишига сабаб бўлди. Аслида, бу Исо Масиҳнинг ўлимдан тирилиши ҳақидаги хабарнинг тарқалишига асосий сабаб ҳам эмас. Қуддусда ўша пайтда савдо-сотиқ гуллаб, ривожланган шаҳарлардан бири бўлган. Шаҳарга келган савдогарлар, меҳмонлар ўша кунларда бўлиб ўтган, машхур ва инсон ақли бовар қилмайдиган воқеани эшитган. Аммо нега яҳудий оқсоқоллар римлик ҳукмдордан қабрни қўриқлаб туриш учун аскар сўраган? Ундан ташқари бутун дунё Исо Масиҳнинг бундан икки минг йил олдин келганига, гуноҳларимиз учун қурбон бўлганига ва яна мўъжизавий тарзда тирилганига ишонади. Фақат ишониши керак бўлган, танланган Худонинг халқи ишонмайди. Нега?

Келинг биринчи саволга жавоб топамиз. Муқаддас Каломда шундай ёзилган: «Тайёргарлик кунининг эртасига олийруҳонийлар ва фарзийлар Пилатнинг ҳузурига тўпланишиб: — Тақсир! – дейишди, — Ўша алдамчи ҳали тириклигида: «Уч кундан кейин тириламан», — дегани эсимизга тушди. Шунинг учун уч кунгача қабрни қоровуллашни буюрсангиз, токи Унинг шогирдлари кечаси келиб Уни ўғирлаб кетишмасин ва халққа: «У қайта тирилди», — деб айтишмасин. Йўқса, охирги алдов биринчисидан баттар бўлади» (Мат 27:62-64).

Яна ортга Исо Масиҳнинг тирилган кунида бўлган воқеага қайтишимиз керак бўлади. Дам олиш кунининг эртасига яъни Якшанба куни аёллар Исонинг танасига хушбўй мой суртиш учун бордилар. Аммо яшиндай порлаган ва кийимлари оппоқ фаришта аёлларга Исо Масиҳнинг тирилиб кетгани ҳақида хабар берди. Хўш, соқчиларга нима бўлди?

Калом бу ҳақида шундай дейди: «Соқчилар бўлса, қўрқувдан титраб, жони чиққандай бўлишди.» (Мат 28:4). Агар соқчиларнинг ўрнида бўлсам, мен ҳам қўрқувдан титраган бўлардим. «…Соқчилар бўлинмасидан бир нечаси шаҳарга кириб, содир бўлган барча ҳодисотни олийруҳонийларга билдирдилар. Улар оқсоқоллар билан тўпланиб кенгашгач, аскарларга анча пул бериб, шундай дедилар: — Сизлар: «Шогирдлари кечаси келиб, биз ухлаб ётганимизда Уни ўғирлаб кетишди», — деб айтинглар. Соқчилар эса пулни олиб, топшириқни айтилганидек бажардилар. Шундай қилиб бу ҳангома то бугунгача яҳудийлар орасида овоза бўлиб келади» (Мат 28:15). Мана нима учун яҳудийлар ҳалигача Масиҳни кутишади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top