MP3

Ассалому алайкум. Хар бир ҳалқнинг ўзига яраша урф одатлари ва удумлари бор. Хар бир халқнинг йиллар давомида шаклланиб келган удумлари ва ёзилмаган қонун-қоидалари бор. Кўпинча омма орасидаги ёзилмаган удумлар киши ҳаётини қийинлаштириб қўяди. Ҳаётимизда одатлар, қоидалар шунчалик кўпки, баъзан қай бирини бажаришни ҳам билмай қоласан. Бироқ ўз вақтида мана шу яратилган удумлар, нимагадир асосланиб, қайсидир мақсадда яратилгани аниқ. Исо Масиҳ даврида яшаб ўтган Фарзийларнинг ҳаёти ҳам бизникига қисман ўхшаб кетади. Уларнинг қай жиҳати бизга яқинлигини билишдан олдин, улар ҳақида тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш керак. Фарзийлар яҳудий халқи орасидаги художўй етакчилар бўлишган.

Улар ўз эътиқодларини тоза сақлашга ҳаракат қилишган. Поклик нишонаси сифатида доимо, зиғир матосидан тикилган ва четларига нақш тикилган оқ кийим кийиб юришган.

Улар қонунга жуда эътибор берадиган кишилар бўлишган. Ўша даврларда икки хил қонун мавжуд эди. Юқорида айтиб ўтганимиздай ёзилган ва ёзилмаган қонунлар. Ëзилган қонун бу Худонинг Мусога берган амрлари бўлса, ёзилмаганлари яҳудий оқсоқоллар, руҳонийлар ва диний бошлиқлар томонидан яратилган қонунлар эди. Фарзийлар мана шу икки турдаги қонунларга амал қилсак, Масиҳнинг келишини тезлаштирган бўламиз, деб ишонишган. Келинг, ёзилмаган қонунга бир мисол келтирамиз. Масалан, Худонинг Мусога берган амрида, Худо еттинчи куни дам олинглар, деб буюрган бўлса, диний устозлар бу амрга яна қўшимча тарзда бу кунга оид кўплаб қонунлар яратишган.

Масалан, улар бу кунда ишламаслик, олов ёқмаслик, болаларнинг сочларини тарамаслик, ва ҳатто пашша ҳам ўлдирмаслик керак, деган майда ва бўлмағур одатларни киритишган. Аслида «Фарзий» сўзи «ажратилганлар» деган маънони билдиради. Фарзийлар қонунга ҳаддан зиёд эътибор беришлари билан ҳам оддий халқдан ажралиб туришарди. Уларнинг асосий мақсади, ёзилган ва ёзилмаган қонунларнинг барини битта қўймай бажариш эди. Улар шунчалик қонунга берилиб кетган эдилар-ки, хатто Худо берган бу қонунларнинг асл мазмунини йўқотиб қўйишганди. Фарзийлар Масиҳнинг келиши учун қонунларга қаттиқ амал қилишга ҳаракат қилишди-ю, аммо қонун билан банд бўлганлари учун ҳам ёнларида юрган, улар билан замондош ва ҳамнафас бўлган Масиҳни танимадилар. Аммо ҳамма фарзийларни ҳам бир хил деб бўлмайди. Масалан, Никодим, ҳам фарзий эди. У Исонинг Масиҳ эканини тан олиб, ўзини Унинг сирли шогирди деб билди.

Биз ҳам бугунги кунда Худонинг баъзи амрларига ҳаддан зиёд эътибор бериб, Худонинг ҳаётимизга берган асосий мақсадини эътиборимиздан четда қолдираяпмиз. Хўш, бугун Худонинг қайси Каломини ёки амрини ҳаётингиз учун муҳим деб билаяпсиз? Нимага кўпроқ эътибор қаратаяпсиз? Худога хизмат қилишними, ёки жамоатда ишлашними? Ёки бўлмаса, сабр-тоқатли бўлишга диққат қилаяпсизми? Худонинг қайси амрига эътибор қаратманг, шу амрлар орқали Худо нима демоқчи бўлаётганини унутиб қўйманг. Ҳаётингизда ҳар доим биринчи ўринда Худо, кейин бошқалар, ундан кейин ўзингиз туришингиз керак. Бунга нима дейсиз? Агар фикрларингиз билан ўртоқлашишни истасангиз, бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимизга кириб, бемалол биз билан мулоқот қилишингиз мумкин.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top