MP3

Нарратор 1 Ассалому алайкум. Муқаддас Каломда Хирод исми жуда кўп учрайди. Чиндан ҳам тарихда жуда кўплаб Хиродлар ўтган. Энг биринчиси бу Буюк Ҳирод номи билан машхур бўлган милоддан аввалги 37- 44 — йилларда Фаластинда Рим ҳукмдори бўлган шахс. Айнан шу Ҳирод, Нажоткор Масиҳ туғилишини мунажжимлардан эшитиб, унинг манзилини билиб олиб, ўлдирмоқчи бўлган. Чақалоқларни қирғин қилишни ҳам мана шу Ҳирод буюрган.

Иккинчиси эса Ҳирод Архелай. У милоддан аввалги 4 йилдан милодий 6 йилларгача Яҳудия, Самария ва Идумеяда золимларча ҳокимлик қилган. Бу дурадгор Юсуфнинг чақалоқ билан онасини олиб Исроил мамлакатига қайтиб келган пайтларда, аммо Яҳудияда Ҳирод ўрнига ўғли Архелай тахтга чиққанини эшитиб, Насро шаҳрига жойлашган пайтларга тўғри келади.

Нарратор 2 Учинчиси бу Ҳирод Антиппа. У милоддан аввалги 4 йилдан милодий 39 йилгача Жалила ва Перия вилоятлари ҳокими бўлган. У Яҳё пайғамбарни ўлдирди, Исо Масиҳни ўлимга маҳкум қилиш учун Пилатга топширди. Калом унинг қилган ишлари ҳақида мана шундай дейди: «Ҳирод Исони кўриб жуда кайфи чоғ бўлди. Чунки У ҳақида хабардор бўлиб, анчадан бери Уни кўрмоқчи бўлган, У қилган бирон-бир мўъжизани ўз кўзи билан кўришни умид қилиб юрган эди. Шундай қилиб, Унга анча саволлар берди. Бироқ Исо унга ҳеч бир жавоб қайтармади. Атрофда турган олийруҳонийлар ва уламолар эса Уни шиддат билан қораладилар. Ҳироднинг ўзи ҳам аскарлар билан бирга Исони камситиб масхара қилди-да, Унга шоҳона чопон кийдириб, Пилатнинг олдига қайтариб юборди» (Лука 23:8-12).

Нарратор 1 1-Хирод Агриппа эса Буюк Ҳироднинг невараси бўлиб, милодий 37-44 йилларда Фаластиннинг айрим қисмларида ҳокимлик қилган. Ҳаворий Юҳаннонинг укаси Ëқубни ўлдирди. Бугун биз айнан мана шу Ҳирод ҳақида гаплашамиз.

«Ўша кунларда подшоҳ Ҳирод имонлилар жамоатидан баъзиларига озор бериш учун қўл кўтарди. Юҳаннонинг укаси Ëқубни қилич билан чопиб ўлдирди. Бу яҳудийларга ёққанини кўриб, унинг ортидан Петрни ҳам қўлга олди. » дейди Муқаддас Калом. Ҳирод Петрни зиндонга қамаб, Пасха байрамидан кейин халқ олдига чиқариш нияти бор эди. Уни қўриқлаш учун ҳар бири тўрт аскардан иборат тўрт гуруҳга топширди. Бироқ Худо Петрни мўъжизавий тарзда зиндондан озод қилди. Ҳирод эса уни излаб тополмаганидан кейин қоровулларни сўроқ қилиб, ўлим жазосига маҳкум этди.

Нарратор 2 Ўша кунларда Худо Муқаддас Руҳ орқали қанчалик буюк ишлар қилаётган бўлса, шайтон ҳам Ҳироднинг қўли билан Исо шогирдларини тўхтатишга ҳаракат қилар эди. У имонлилар жамоатини қувғин қилишга, уларнинг ишларига ҳалал беришга қаттиқ бел боғлаган эди. Унинг шуҳрати ошгандан-ошар, халқ ва уламолар олдида обрўси кўтарилиб бораётганидан сармаст эди. Петрни тополмаганидан кейин Ҳирод Яҳудияни тарк этиб, Кесарияга келди. Халққа ваъз айтадиган кунда Ҳирод шоҳона кийимларини кийиб, ваъз айтди. Халойиқ эса: «Бу одамнинг овози эмас, бу Худонинг овози!» — деб хитоб қиларди. Бу хитоблардан янада мағрурланган Ҳирод шу ондаёқ ўлишини ҳаёлига ҳам келтирмасди. Ўша заҳоти Худованднинг фариштаси Ҳиродни урди. У шарафни Худога бермагани учун танасини қуртлар кемириб жон берди. Бу Худонинг унга берган жазоси эди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top