MP3

Нарратор 1 Ассалому алайкум. Бугун сизларга бир кишининг қатъиятлиги қандай натижага олиб келгани ҳақида гаплашамиз. Лука 18 бобда Ерихолик бир кўр киши ҳақида ёзилган. Биласизки, Ҳазрати Исо Масиҳ ҳаёти давомида қанчадан-қанча кўр, шол ва ҳасталарни шифолаган, ўликларни тирилтирган. Уларнинг қайси бири ҳам ёдимизда қоларди, деб ўйлайсиз. Аммо бугунги суҳбатдан сўнг Ерихолик кўр киши ёдингиздан чиқмаслиги аниқ. Воқеа шундай бўлганди: «Исо Ерихо шаҳрига кириб келаётганида, бир кўр йўл чеккасида садақа сўраб ўтирар эди. Олдидан халойиқ ўтиб кетаётганини эшитиб, нима гаплигини сўради. – Насролик Исо ўтаяпти, — деб унга хабар қилишди. Шунда кўр: — Эй Довуд ўғли Исо, менга раҳм қил! – деб бақириб юборди. Олдинда кетаётганлар эса: — Жим бўл! – деб уни койиб қўйишди.

Нарратор 2 Лекин у янада кучлироқ ҳайқира бошлади: — Эй Довуд Ўғли, менга раҳм қил! Шунда Исо тўхтаб, кўрни ёнига келтиришларини буюрди. Кўр келгач, Исо ундан сўради: — Сен нима қилишимни истайсан? – Ҳазрат, кўзларим кўрсин! – деди у. Исо унга: — Кўзларинг кўрсин, ишончинг сени қутқарди, — деди. Шу заҳоти кўрнинг кўзлари кўра бошлади. У Худога олқишлар айтганча Исонинг кетидан эргашди. Буни кўрган бутун халқ эса Худога ҳамду санолар айтди.»

Ерихолик кўр аввалдан кўр туғилганми ёки кейин кўр бўлганми, буни билмаймиз аммо унинг қатъиятлилиги, бир ишни охирига етказмай қўймаслиги таҳсинга сазовор. У қандай одам эди? Кўр бўлгани учун садақа сўрашдан бошқа иш қўлидан келмасди. Шунинг учун ҳам Ерихонинг асосий, одамлар кўп ўтадиган кўчасига бориб, садақа сўраб ўтирарди.

Нарратор 1 Аммо бир куни одамлардан Исонинг ўтиб кетаётгани ҳақида эшитди. У аввал ҳам Исо Масиҳ ҳақида эшитган ва Унинг илоҳий Зот эканига, чиндан ҳам ваъда қилинган Довуд Ўғли эканига ишонган эди. Исо Масиҳ унинг кўзларини оча олишига ишонарди. Шу ишонч билан Исо Масиҳни чақирди. Бироқ атрофдагилар оддий бир кўрни менсимай, овозини бостирмоқчи бўлишди. Атрофдагиларнинг қаршилигига қарамай, яна ҳам қаттиқроқ овозда Исо Масиҳни чақирди. Ундан сўнг нима бўлди? Исо Масиҳ уни эшитиб, ортига қайтди. Бир нарсага ҳайрон бўлишингиз тайин. Нима Исо Масиҳ шу йўлдан ўтиб кетаётганида кўр одамни кўрмадими? Кўрган албатта, аммо кўрнинг ўзи муаммосига шифо излаб Исонинг олдига келишини кутганди. Шундай бўлди ҳам.

Бу парчани ўқир эканман, биз имонлилар ҳам баъзан мана шу кўрга ўхшаймиз деган фикрга келдим. Кўзларимиз очиқ бўлса-да, руҳан кўрмиз.

Нарратор 2 Баъзан кўрлигимизни ҳис қиламиз, баъзан эса йўқ. Кўрлигимизни ҳис қилганда қандай йўл тутамиз? Исони ёрдамга чақирамизми? Унга кўзларимиз очилиши учун илтижо қиламизми? Исо бизнинг муаммоларимизни билади. Бироқ, муаммомизни ўзимиз англаб, Унга мурожаат қилишимизни истайди, худди Ерихолик кўрга ўхшаб.

Эътибор қилган бўлсангиз, у атрофдагиларнинг қаршиликларига эътибор қилмади. Кўзлари кўриши учун яна ҳам қаттиқроқ илтижо қила бошлади. Натижада Исо Масиҳ уни эшитди ва уни шифолади. Агар биз ҳам муаммоларимизни англаб, илтижо қилишда қатъиятли бўлсак, атрофдаги тўсиқларга эътибор қилмасак, Худонинг нажотига эришамиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top