3:42

Иброхим яшаган шароитлар

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Биз ўзимиздан анча олдин яшаган пайғамбарлар ва уларнинг Худо билан бирга қилган ишлари ҳақида ўқисак ёки эшитсак, жуда ҳам қудратли, авлиё ва ўзгача бир одамлар бўлган, деган ҳаёлга борамиз. Бундайлар минг йилда бир келади, деймиз. Бу билан гўёки улар қилган ишларни қилиш бизнинг қўлимиздан келмаслигини ўз-ўзимизга эслатгандек бўламиз. Чиндан ҳам Иброҳим пайғамбар ҳеч ким қила олмайдиган ажойиб ва мўъжизавий ишларни қилганми? У чиндан ҳам авлиё одам бўлганми? Асло йўқ. У сиз ва бизга ўхшаган оддий гуноҳкор бўлган. Унинг энг катта қилган иши Худога ишониш бўлган. Буни сиз билан биз ҳам амалга ошира оламиз. Иброҳим пайғамбар шунчаки Худога ишонди ва Унинг йўлидан юрди. Қолганини эса Худованднинг Ўзи бажарди. Кўпинча, Худога ишончсизлигимизни оқлаш учун, “Энди улар яшаган пайтлар бошқача бўлган. Уларнинг даври бизникичалик қийин бўлмаган”, деб баҳона қиламиз.

Narrator 2 Иброҳим пайғамбар яшаган даврлар билан биз яшаётган давр орасида биргина фарқ бор: техника ривожланиши. Бошқа ҳаммаси — инсониятнинг нақадар гуноҳкорлиги-ю, тубанлиги ва характери ўзгармаган. Ибромнинг атрофи ва у яшаган шароитларни эсласангиз, Ибром бутпарастликка берилган гуноҳкор жамиятда яшаган ва унинг оиласи ҳам Худога сажда қилмаган. Нуҳ каби, Ибромнинг ҳам атрофида ўз ёвуз ниятларига берилган ва Худони менсимаган одамлар яшаган. Яна ҳам ёмони Ибром билан Сорай бефарзанд эдилар. У атрофидаги муҳитга ва ҳамма вазиятларга қарамай, Худонинг ваъдаларига ишонган. Ибром ҳам Нуҳ каби Худонинг Каломига ишоган ва шунинг учун Унга итоат қилган. Ибромнинг ҳикоясини ўрганаётиб, у ўйлаб топилган уйдирма ёки шунчаки ҳикоя эмас, ҳақиқий шахс бўлганини унутмайлик, у тўғрисидаги ёзувлар Эски ва Янги Аҳдларда кўп марта учрайди.

Narrator 1 Ур ва бошқа қадимги яшаш жойлардаги архелогик қазишлар Ибромнинг ҳаётини батафсил тасдиқлайди, яъни бизнинг эрадан 2000 йил олдинги даврга тегишли ҳаётни тасдиқлайди. Яқинда савдо йўллари, никоҳ ва оила тўғрисида кўпгина маълумотлар аниқланди ва хатто шу даврда кенг тарқалган исмлар ҳам маълум бўлди, бу эса Муқаддас Калом таркибининг ҳақиқатлигига қўшимча тасдиқлаш бўлди. Ибром жуда бадавлат одам бўлган, унинг кўп хизматкорлари, қора моллари, қўйлари ва эчкилари бўлган. Унга тегишли бўлганларни у ўзи билан олиб чиқди. Ҳозир бундай саёҳат нималарга келтириши мумкинлигини ҳатто тасаввур қилиш ҳам мумкин эмас. Аммо биз Ибромнинг Худога эргашиш қарори оддий инжиқлик ёки саргузаштларни исташи эмаслигини ўйлашимиз керак. Ибром Худога ишонгани учун эргашишга қарор қилган.

Narrator 2 Ҳозир сизни менсимайдиган инсонлар орасидан чиқиб, Худонинг амри бўйича, бутун оилангиз ва мол мулкинингиз билан бошқа мамлакатга кетишингизни тасаввур қила оласизми? Ибром бадавлат киши бўлиб, жамиятда кўринарли ўринни эгаллаган. Уни ҳамма одамлар назорат қилган. Ибром қолдирган шаҳар, Халдей Ури, бобилникига ўхшаш уйлар ва маъбадларга тўла шаҳар эди. Урнинг изларини ва қолдиқларини бугун ҳам замонавий Ироқнинг территориясида кўриш мумкин. Ибром йўлга чиқиб, чайлаларда яшаши керак эди. Ноқулайликлар ва унинг атрофидаги одамларнинг босимига қарамасдан, Ибром Худога ишонган ва ўз оиласини, мулкини ва обрўйини Худонинг қўлига топшириб, Унга итоат қилган. Худо унинг тўлиқ ишончига лойиқ эканлигини Ибром билган. Худо ваъда қилган ерга, Канъонга Ибромни тўғри етаклаган.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top