MP3

Нарратор 1 «Шунинг учун сенга айтиб қўяй: унинг кўп гуноҳлари кечирилган, кўп севишининг сабаби ҳам ана шунда. Кимки оз кечирилса, у оз севади» (Лука 7:47).

Ассалому алайкум. Бугун Лука 7 боб 36-50 оятларда келтирилган гуноҳкор аёл ҳақида суҳбатлашишни маъқул кўрдик. Шаҳарда кимдир гуноҳ қилса, унинг гуноҳи у қадар овоза бўлиб кетмайди. Чунки кўпчилик ўз-ўзи билан овора. Биров билан бировнинг иши йўқ. Аммо қишлоқларда-чи?! Агар қишлоқда кимдир гуноҳ йўлига кирса, бундан ҳамма тезда хабар топади ва ҳамма уни бармоғи билан кўрсатадиган бўлади. Ҳамма ундан ўзини олиб қочадиган бўлади. Исо Масиҳ яшаган даврда ҳам гуноҳкорлиги билан танилган аёллар кўп бўлган. Аммо улар орасидан биргинаси Исонинг олдига келишга журъат қилди.

Нарратор 2 Келинг бу аёл ҳақида сўз юритишдан олдин унинг ҳолатига кириб кўрайлик. Аёл қайси сабаб билан бу йўлга киргани маълум эмас, аммо қиладиган иши гуноҳ эканини англаб етган. У гуноҳларидан озод бўлишни, бошқа одамлардай ҳаёт кечиришни шундай ҳохларди-ки, Симон фарзийнинг уйига боришга журъат қилди. Одамлар уни қўли билан кўрсатиб, шивир-шивир қилишларига ҳам, Исонинг олдига бориш ноқулай эканлигига ҳам қарамай борди. Боришга уни нима мажбур қилди? Биз гуноҳкорлигимизни ҳис қилганимизда нима қиламиз? Ўзимизни Худо ҳузурига боришдан, гуноҳларимизга тавба қилишдан тўхтата оламизми? Асло йўқ. Унда ҳам шундай ҳолат рўй берган. У гуноҳкор ҳаёт тарзи билан яшарди. Агар унга нисбатан ишлатилган «гуноҳкор» деган сўзни асл маъносига қарайдиган бўлсак, бугунги кунда биз ҳам ишлатадиган сўз келиб чиқади.

Нарратор 1 Бу сўзнинг асл маъноси «балчиқ» эди. Чиндан ҳам зинокорлар қандай балчиқда яшаётганларини билишади. Бироқ ҳамма ҳам ўша балчиқдан чиқиб, Исо Масиҳ олдига келишни ўйламайди. У келди. Келибгина қолмай, ўзини Исо Масиҳ оёқлари остига ташлаб, ўкириб йиғлашдан тўхтата олмади. Кўз ёшлари шундай қуйилиб келдики, Исо Масиҳнинг оёқларини ҳўл қилди. Устознинг оёқлари ҳўл бўлганини кўрган аёл шошганича уни сочлари билан қурита бошлади. Буни ўзи билмаган ҳолда қилган бўлса ажаб эмас. Унинг нияти, Исо Масиҳга ҳушбўй атир мой суриш эди. Аммо унинг ҳузурига келгач, ўзининг чиндан ҳам гуноҳкорлигини қалбан ҳис қилиб, Исо Масиҳнинг қудратли, илоҳий Зот эканлигини англаб ўзини тутиб туролмади. Атир мой суришни ҳам ёдидан чиқарди.

Нарратор 2 Исо Масиҳ нима қилди? У агар оддий одам бўлганида, бу гуноҳкор аёлнинг ўзига яқинлашишига, ўзига тегишига йўл қўймаган бўларди. Оддий одамлар шундай қилишган. Аммо у гуноҳларни кечирувчи Зот эди. Аёлнинг кўнглида нималар кечаётганини, гуноҳларига чиндан ҳам тавба қилиб келганини биларди. Шунинг учун ҳам аёлга: «- Гуноҳларинг кечирилди», — деди. Аёл айнан мана шунинг учун келганди. Гуноҳли ҳаётдан озод бўлиш, бошқалардай яшаш учун келганди. Исо эса яна аёлга: «- Ишонгинг сени қутқарди, эсон-омон боргин», — деди. Эътибор қилинг-а, аёлнинг Исога бўлган муҳаббати эмас, Исонинг гуноҳкор аёлга бўлган муҳаббати ва аёлнинг ишончи уни гуноҳлардан қутқарди. Қачонки, гуноҳларингиз сизга азоб берса, Исо Масиҳнинг олдига келишдан ва бизнинг www.najot.com сайтимизга киришдан уялманг. Марҳамат қилинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top