3:26

Худонинг Жавоби

MP3

Нарратор 1 Ассалому алайкум. Худонинг йўлида яшар эканмиз, ҳар бир босадиган қадамимизни Унинг иродасига кўра ташласак, ҳаётда қоқилишлар бўлмайди. Ҳар бир ишни қилишдан олдин, Худонинг иродасини сўрашлик имонлининг энг яхши сифатларидан биридир. Фарзандлар оталарининг рухсатисиз бир иш қилишмайди, Шу сингари биз ҳам Самовий Отамизнинг рухсати билан иш бошласак, зарар кўрмаймиз. Бу борада Неемия пайғамбар бизга сабоқ беради. У Қуддусдаги биродарларнинг ва шаҳарнинг аҳволини билгач, қаттиқ қайғуриб, Худога ибодат қилди. У ҳар куни: «Бугун шоҳнинг кўнглини олиб, Қуддусга қайтиб кетишимга ёрдам бер», — дея ибодат қилди. Ниҳоят Худо унинг ибодатига жавоб бера бошлади.

Нарратор 2 У Шоҳ Артаксерксга май тўла косасини тутқазар экан, шоҳ унинг юзидаги маъюсликни пайқаб қолди: «Касалга ўхшамайсан, лекин нега юзинг бунчалик қайғули? – деб сўради.» Неемия китобида пайғамбар шу ҳолат ҳақида бундай деб ёзади: «Мен жуда қўрқаётган эдим, бироқ шоҳга шундай дедим: «Шоҳ узоқ умр кўрсинлар! Оталарим кўмилган шаҳар вайрона ичида қолганида нега ҳафа бўлмайин.» Шоҳ мендан, «Нима истайсан? – деб сўради». Худди шу дамда Неемия шоҳга жавоб беришидан олдин Худога ибодат қилади. Шундан сўнггина шоҳнинг саволига жавоб беради. Биз ҳам ҳаётда Неемиядан ўрнак олиб, бирор бир кимга жавоб беришдан олдин, Худога ибодат қилишимиз керак. Нафақат жавоб беришдан олдин, бирор бир ишга қарор қилишдан олдин, бирор бир жойга боришдан олдин, бирор бир ишни бошлашдан олдин, Самодаги Отамизнинг рухсатини ва марҳаматини олишимиз керак.

Нарратор 1 Хўш, Худо Неемиянинг ибодатига жавоб бердими? Ҳа. У шоҳ билан маликанинг кўнглини юмшатиб, Неемиянинг Қуддусга кетишига рухсат берди. У рухсат олгач, шоҳдан Эфрат орти шохликларига эсон омон етиб олиши учун хат ёзиб беришини ҳамда Шоҳнинг ўрмонларига қараб турадиган Асафга Қуддус дарвозаси ва деворларига керак бўладиган ёғочларни етказиб бериш учун хат ёзиб беришини сўради. Бу нарсани сўрашдан олдин Худога ибодат қилгани аниқ. Унинг ўзи бу ҳақида шундай деб ёзади: «Худоимнинг иноятли қўли менинг устимда эди, шоҳ илтимосимни қондирди».

Бизнинг ҳаётимизда ҳам шундай бўлади. Агар Худованднинг қўли биз билан бирга бўлса, қийин ишнинг ўзи қолмайди. Худованд биз томонда бўлса, ҳеч ким бизга қарши чиқа олмайди. Худо Қуддус деворини тиклашни истаган экан, уни Неемия пайғамбар орқали тиклашни режалаштирди.

Нарратор 2 Худонинг режасидаги ишлар ҳеч қачон бўлмай қолмайди. Агар Худо ҳаётингиз учун бирор бир режа тузса уни албатта бажаради. Бу режани амалга ошириш учун, бошлиқларнинг ҳам раҳбарларнинг ҳам ва ҳатто душманларингизнинг ҳам юракларини ўзгартириб қўяди. Худонинг иродасига кўра бирор нарса тиласак, У бизни эшитади ва ибодатларимизга жавоб беради. Балки Худо жуда секинлик билан жавоб берар, аммо ўз вақтида жавоб беради. Шундай экан, Худо кечикаяпти, деб сабрсиз бўлманг. Худо ибодатимга жавоб бермаяпти- деб тушкунликка тушманг. Сиз Унинг иродасига кўра ибодат қилаётганингизга аминмисиз, қолганини Худога қўйиб беринг, Унинг ўзи сизни кўзлаган манзилингизга етказади. Ҳеч нарсадан ташвиш тортмай, хурсандчилик билан ибодатларингизда давом этинг. Вақт ўтиб, Унинг жавобини тўлиқлигича кўрасиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top