Нарратор 1 Ассалому алайкум, қадрдонлар. Биз бу дунёда яшар эканмиз, кўпинча ўзимиз билмаган ҳолда бошқаларнинг фикри билан хисоблашамиз. «Бошқалар мен ҳақимда нима деб ўйлар экан», — дея мулоҳаза қиламиз. Бошқалар назарида бой, ақлли, энг омадли, ҳеч нарсадан кўм кўсти йўқ одамдай кўринишни истаймиз. Аммо бу шунчалик муҳимми? Нега Худо йўлида яшаб туриб ҳам бошқалар каби фикрлаймиз ва улардан андоза олиб яшашга ҳаракат қиламиз. Дунёда яшаб, дунё каби фикрлайдиган бўлсак, бахтли бўлиш деган фикр пулдор бўлиш деган фикр билан ёнма-ён келади. Назаримизда бахт фақат пул ва бойлик билан ўлчанадигандай. Чиндан ҳам бой бўлиш, омадли бўлиш шунчалик муҳимми? Худонинг назарида ҳақиқий саодатли ва бахтли инсон ким ўзи. Худо бахтли деб ҳисоблаган одам қандай бўлади?
Нарратор 2 Бу саволга Муқаддас Калом жавоб беради.
«Саодатли одамдир у, фосиқлар маслаҳатига юрмас. Гуноҳкорлар йўлига кирмас, бузуқилар йиғинида ўтирмас. Илло Худованднинг Қонунидир унинг завқу орзуси. Туну-кун Тангри Қонуни ила банддир фикри-зикри. Оқар сувлар канорига ўтқазилган, мевасини мавсумида тугадиган, барглари эса сўлмайдиган дарахт кабидир у киши. У неки қилса, толе унга ёрдир.» Агар Забур китобини ўқиган бўлсангиз, солиҳ ва фосиқ деган сўзлар кўпинча ёнма-ён келади. Ҳаётда ҳам шундай. Фосиқ билан солиҳ ёнма-ён яшайди. Фосиқ қандай қилиб фосиқ бўлиб қолди? Ёки бўлмаса, солиҳ қандай қилиб ўз солиҳлигини сақлаб қола олади? Бу саволларга жавоб бериш учун юқоридаги оятни яна бир марта аста-секин ўқиб мазмунини тушунишга ҳаракат қиламиз.
Нарратор 1 «Саодатли одамдир у, фосиқлар маслаҳатига юрмас.»
Солиҳ одам ўз-ўзидан фосиқ бўлиб қолмайди. Фосиқ бўлиш учун энг аввало фосиқлар маслаҳатига қулоқ солиши, кейин ўша йўлдан юриши керак. Агар фосиқлар маслаҳатига қулоқ солмасангиз ва уларнинг йўлидан юрмасангиз, саодатли одам ҳисобланасиз. Кейинги босқич, «гуноҳкорлар йўлига кирмас». Гуноҳкорлар йўли кирмайди. Бу нима дегани. Гуноҳкорлар йиғинига, ишларига аралашмайди. Агар солиҳ одам фосиқлар маслаҳатига қулоқ солса, у кўрсатган йўлга киради. Ўша йўлга кирса, гуноҳкорлар билан ёнма-ён туради ва юради. Ҳали гуноҳ қилмаган бўлса-да, фосиқ бўлиш учун қадам ташлаяпти. Кейинги қадам «Бузуқилар йиғинида ўтирмас». Кейинги қадам гуноҳкорлар йиғинида ўтириш. Аввал келасиз, кейин уларнинг йўлида туриб ҳаётини кузатасиз, кейин улар билан бирга ўтирасиз. Охири бориб, улардан фарқ қилмай қоласиз.
Нарратор 2Аммо Худонинг назаридаги саодатли одам мана шундай: «У фосиқлар маслаҳатига юрмайди. Гуноҳкорлар йўлига кирмайди. Бузуқилар йиғинида ўтирмайди. Чунки унинг орзуси ва мақсади Худованднинг қонунига риоя қилиш. Бундай одам оқар сувлар бўйига ўтқазилган, мевасини мавсумида тугадиган, барглари эса сўлмайдиган дарахт каби бўлади. У нимаики қилса, толе унга ёрдир». Чиндан ҳам фосиқлар йўлидан юрмайдиган одам Худонинг Муқаддас Руҳ дарёси бўйига ўтқазилган дарахтган ўхшайди. У ўзининг мустаҳкам томирлари билан Муқаддас Руҳдан тўйгунча шимиради. Муқаддас Руҳга тўла қалби ҳаёт баргларини жонлантиради. У нимаики қилмасин, Худонинг қўли доимо у билан бирга бўлади. Мана, ҳақиқий бахтли ва саодатли инсон қандай бўлади.