MP3

Нарратор 1 Ассалому алайкум. Агар кимгадир ёрдамимиз тегса чин дилдан хурсанд бўламиз. Мушкул аҳволда қолганимизда берилган ёрдам ҳа жонимизга оро киради. Чунки ўша дамда қандай йўл тутмоқ кераклигини билмаймиз. Олдимизда турган муаммога ечим тополмай, унинг олдида заиф бўлиб қоламиз. Ҳеч қандай камчиликсиз инсон бўлмайди. Ҳар кимнинг ўзига яраша кучли ва кучсиз томонлари бор. Кимдир жуда сўзамол, гапга чечан, нотиқлик қобилиятига эга бўлса, бошқалар эса аксинча, кўпчилик олдида сўзга чиқишга қўрқади. Ўзида журъат тополмайди. Ҳаяжонланганидан сўзини ҳам йўқотиб қўяди. Қариндош – уруғ, таниш-билишлар орасида бирор бир масала бўйича унинг фикрини эшитиб кўришни истайдиганлар топилади. Бундай пайтда чиндан ҳам бирор нима дейиш мушкул бўлиб қолади.

Нарратор 2 Ҳаётда яшар эканмиз, атрофимиз доимо гавжум бўлади, уйда, ишда, қариндош-уруғлар, қўни-қўшни, таниш-билишлар орасида яшаймиз. Унда бўлмаса бунда фикримизни баён этишга тўғри келади. Сўралганда ёки зарур бўлганда фикрини билдирмаслик ҳам яхши эмас. Кўпчилик олдида гапиришга қийналган чоғимизда ўзимиздаги журъатсизлик, ишончсизлик ва сўзга нўноқлик каби заифликларимиз яққол кўзга ташланиб қолади. Бу ҳаётда учрайдиган ҳолатлардан бири. Ҳаётда учрайдиган шунга ўхшаш ҳолатлардан яна бири бу овоз чиқариб ибодат қилишга қийналиш. Муҳтожлик ёки муаммо бўйича ибодат қилиши керак бўлганлар орасида: «Мен яхши ибодат қила олмайман» ёки бўлмаса «Ҳамманинг олдида ибодат қилиш ноқулай», деб ўйлайдиганлар бор. Агар сиз ҳам мана шундай одамлар сирасига кирсангиз, асло ташвиш тортманг. Сизнинг муаммонгизни ҳал қилишнинг йўли осон. Бу муаммога қуйидаги оят шундай жавоб беради.

Нарратор 1 «Бунинг устига, Илоҳий Руҳ бизнинг заифлигимизга мадад бериб туради. Чунки биз қандай ибодат қилмоқ кераклигини билмаймиз. Лекин Илоҳий Руҳнинг Ўзи ифода қилиб бўлмас оҳ-нолалар билан биз учун Худо олдида шафоат қилади. Юракларни синовчи Худо эса Руҳнинг фикри нимада эканлигини билади. Чунки Руҳ Худонинг иродасига кўра Худо азизлари учун шафоат қилади» (Рим 8:26-27). Ибодат қилиш чоғида сиздан ибодатни якунлашни сўрашса, асло саросимага тушиб қолманг. Албатта, сиз гапга нўноқ бўлишингиз ёки чиройли ибодат қилишни билмаслигингиз мумкин. Аммо бу нарсалар сизни ибодат қилишдан тўхтата олмайди. Ҳамманинг олдида овоз чиқариб ибодат қилишга қўрқманг. Калом нима дейди? Унда ёзилишича, биз баъзан қандай ибодат қилиш кераклигини билмаймиз, лекин Муқаддас Руҳ бизга ёрдам беради.

Нарратор 2 У қандай ибодат қилишимиз кераклигини олдиндан билади. Шунинг учун ҳам қўрқмай ибодат қилишни бошланг. Ибодатингизни бошлашдан олдин, ичингизда Худога ибодат қилинг. Ундан сизга ёрдам беришини сўранг. Ана шундан кейин, қўрқмай ибодат қилишни бошланг.

Ишдачи? Агар ишхонада сиздан гапиришни сўрашса-чи? Бундай ҳолатда ҳам, сизга фақат Муқаддас Руҳ ёрдам беради. Иш фаолиятингиз давомида, Худодан донолик сўранг. Ўз ишингизни бекаму-кўст, сидқидилдан бажаришингиз учун Унинг донолиги ва мадади керак бўлади. Агар Унинг донолиги учун тинмай ибодат қилаётган бўлсангиз, ишингизни яхши биласиз. Ишингиз борасида бирор нарса дейишингизни сўрашса, ҳеч иккиланмай, яна Муқаддас Руҳга мурожаат қилинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top