3:35

Таврот Тафсирчиси

MP3

Нарратор 1 «- Устоз, абадий ҳаёт насиб бўлмоғи учун нима қилишим керак?» (Лука 10:25).

Ассалому алайкум. Юқоридаги саволни ким берганини биласизми? Таврот тафсирчиларидан бири. Бу саволни ўзини ўқисангиз, бу одам чиндан ҳам абадий ҳаётга эришиш учун жон куйдиряпти деб ўйлашингиз аниқ. Бироқ Муқаддас Каломдаги шу парчани тўлиқлигича ўқиб чиқсангиз унинг мақсади нима бўлганини биласиз. Калом унинг мақсади ҳақида шундай дейди: «Шунда Исони синаш мақсадида келган Таврот тафсирчиларидан бири оёққа туриб, Унга савол берди: — Устоз, абадий ҳаёт насиб бўлмоғи учун нима қилишим керак?». Унинг қай мақсадда келганини Исонинг атрофида ўтирганлар билмаса ҳам Исо Масиҳ биларди. Таврот тарфсирчиси Исо Масиҳнинг одамларни фикрларини ҳам ўқий олишини билганида, ёнига келишга журъат қилолмаган бўларди.

Нарратор 2 Нега уламолар ва фарзийлар, Таврот тафсирчилари Исони бунчалик ёқтиришмаган? Исо Масиҳ Ўз хизматини бошлагач, одамлар авваллари ўзлари эшитиб ўрганган «қилма» «тегма» га ўхшаш қонунлардан бошқача таълимотни эшитишди ва Исонинг ортидан эргаша бошлашди. Исонинг сўзлари уларга енгиллик, ҳотиржамлик берарди. Ундан ташқари ҳасталарни шифоларди. Бу нарса халқнинг руҳонийлар ва уламолар олдига бормай қўйишига сабаб бўлди. Шундан кейин ҳам уламолар қандай тинч ўтирсин. Таврот тафсирчилари бугунги кунда биздаги адвокатларга ўхшайди. Адвокатларимиз қонунни яхши билади ва уни бизга тушунтириб беришлари мумкин. Худди шунга ўхшаб Яҳудияда Тавротни ва Худо қонунларини тафсирчилардай яхши тушунтириб берадиган одам йўқ эди. Улар ўзларини билимда ва солиҳликда ягона деб билишарди.

Нарратор 1 Шундай одамлардан бири «ўзича билимдонлик қилиб, халқни ўзига оғдираётган» одамнинг олдига келди. Ҳар ҳолда Таврот тафсирчилари Исо Масиҳ ҳақида шундай ўйлашарди. Унинг саволига Исо Масиҳ қандай жавоб берди? «- Тавротда нима ёзилган? Қандай ўқийсан? –деб сўради…» (Лука 10:26). Бу оддий савол эмасди. Ўша даврда тафсирчилар олдиларига Каломни тушунтириб беришларини илтимос қилиб келган одамларга шундай савол беришарди. Тафсирчи бунинг маъносини жуда яхши биларди. Исо ҳам ўзи ишлатадиган саволни ўзига берди. Тафсирчи ўз усули бўйича ўзига савол берилганидан кейин ҳеч иложсиз Тавротда бунга қандай жавоб олиш мумкинлигини айтди: «Раббинг Худовандни бутун қалбинг, бутун жонинг, бутун қувватинг ва бутун онгинг билан сев, яқинингни эса ўзинг каби сев» , — деб ёзилган (Лука 10:27). Исо эса: «- Сен тўғри жавоб бердинг, шундай қилгин, ана шунда яшайсан! — деди».

Нарратор 2 Суҳбат шу ерда тугаши мумкин эди, лекин тафсирчи суҳбатни тугатишни истамади. Исо Масиҳни яна кўпроқ гапиртириб, гапларидан хато топмоқчи эди. У яна давом этди: «Менинг яқиним ким?». У ўзи яқини кимлигини билармиди? Биларди. Бироқ Исо у кутмаган тарзда бир нақл билар жавоб берди. Нақлга кўра ўласи қилиб калтакланган яҳудийнинг яқини Самариялик эди. Яҳудийлар эса самарияликларни ёмон кўрарди. Бу жавоб уни бутунлай эсанкиратиб қўйди. Бугун ҳам ҳақиқатни кўришни истамайдиган одамлар топилади. Уларга тўғри жавоб бериш ҳар доим ҳам осон эмас. Лекин ҳар доим Муқаддас Руҳ ёрдамга тайёр эканини унутманг. www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимиз сизга доимо керакли маълумотни беради.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top