MP3

Нарратор 1 Ассалому алайкум. Ўтган сафар Иброҳимнинг садоқатли хизматкори, хонадонини бошқарадиган раис даражасига кўтарилган Илъазар деган киши ҳақида гаплашган эдик. Хўш, у қандай киши бўлган. У ҳақида Муқаддас Каломда кўп ёзилмаган бўлса-да, унинг доимо халқлар отаси бўлган Иброҳим Пайғамбарнинг ёнида бўлишининг ўзиёқ бизга кўп нарсаларни айтиб беради. Хўжайини Иброҳим пайғамбар ҳам Худо уни чақиришидан олдин Халдейларнинг Ур шаҳрида яшарди. Бу шаҳар аҳолиси бутпарастлиги билан машҳур бўлган. Табиийки, Худони билмаган одамлар бутпараст бўлади. Калом Илъазарнинг Дамашқлик бўлганини айтади. У ҳам бутпараст бўлган бўлса керак. Худо хўжайини Иброҳимни чақиргач, хўжайини Худо танлаган юртга қараб йўл олади. Илъазар ҳам у билан бирга кетади. У умрининг охиригача хўжайинига садоқат билан хизмат қилади.

Нарратор 2 Шунинг учун ҳам ҳаётининг сўнгги кунларида ўзи бажариши керак бўлган ишни содиқ хизматкори Илъазарга буюради. У бу ишни Илъазар қила олишига ишонарди. Шунинг учун ҳам умрининг охирги кунларида ўғли Исҳоққа хотин танлаш вазифасини хизматкорига топширади. У бу ишни қандай бажаради. Бир пайтлар қолдириб кетган ерига яна қайтиб бориши керак. Хўжайини Иброҳимнинг қариндошлари уни танирмикан? Қизни қандай танлайди? Кичик хўжайин Исҳоққа муносиб ёрни қандай танлаш мумкин? Унинг бошида шундай ўйлар ва саволлар кечгани аниқ. Хўжайинининг Худоси унинг ҳам Худоси эди. Гарчи, бу Худо билан яқин муносабатда бўлмаса ҳам, хўжайиннинг ҳаётига қараб, бу Худонинг тирик, ибодатларга жавоб берадиган, Ўз иродасини қандайдир йўл билан билдирадиган Худо эканига амин бўлганди. Шунинг учун ҳам олган мажбуриятини Худо билан бўлишди.

Нарратор 1 Калом унинг Худо билан суҳбатини шундай тасвирлайди: «У йўл юриб, Месопотамияга, Нахўр яшаган шаҳарга етиб борди. Аёллар сув тортиш учун чиқадиган оқшом пайти бўлган эди, хизматкор туяларни шаҳар ташқарисидаги қудуқнинг бошига чўктириб деди: — Ë Худоё Худовандо, хўжайиним Иброҳимнинг Худоси! Хўжайиним Иброҳимга иноят қилиб, бугун ишимга омад бергин. Мана, мен шу чашма бошида турибман, шаҳар аҳлининг қизлари ҳозир сув тортгани чиқишяпти. Мен қайси қизга: «- Кўзангни пасайтир, мен сув ичай», десам, у эса: «Ўзинг ич, туяларингни ҳам суғораман», деса, Сен банданг Исҳоққа лойиқ кўрганинг ўша бўлсин. Сен хўжайинимга иноят қилишингни мен шундан биламан, — деди.» (Ибт 24:10-14).

Нарратор 2 Бу жуда ажойиб суҳбат. Унинг бу сўзларидан Худо ҳақида қанчалик кўп билиб олганини билишимиз мумкин. Хўжайинининг Худоси хўжайинига албатта ёрдам беришини, Исҳоққа шунчаки қизни эмас, энг лойиқ бўлганини танлашини билган. Ундан ташқари Иброҳим ҳаққи унга ёрдам беришини ҳам билган. Хўш, Худо унинг ибодатига жавоб бердими? Албатта, жавоб берди. Сув берган қиз, Иброҳимнинг жияни бўлиб чиқди. Уни хўжайини Иброҳимнинг укаси Наҳўрнинг уйига олиб борди. Ишини осон бажаришига ёрдам берди. У Месопотамиядан хўжайиннинг ўғли Исҳоқ учун келин олиб қайтди. Бу саёҳат унинг учун Худо билан бўлган биринчи саёҳат бўлган бўлса ажаб эмас. Аммо шу орқали у Худо билан шахсан муносабатда бўлиб, Унинг қандайлигини ўзи ҳис қилиб кўрди. Сизнинг Худо билан шахсий муносабатингиз қандай?

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top